Нолегал: Ўзбекистон ИИВ Қозоғистонга бориб, ўзбекларни “йиғиштириб” келди
Жамият
−
26 Ноябрь 2019
11478Ўзбекистон Республикаси ҳамда Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирликлари томонидан Нур-Султон, Олма-ота ва Чимкент шаҳарларида “Нелегал” номли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилди.
18-22 ноябрь кунлари ўтган ушбу тадбирларда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бош бошқармаси Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бошқармаси ва Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармаси ходимлари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги элчиҳонаси консуллик вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон делегацияси Нур-Султон, Олма-ота ва Чимкент шаҳарларидаги полиция Департаментлари ҳамда Миграция хизматларини кўрсатиш марказларида бўлиб, миграция соҳасида амалга оширилаётган ишлар борасида тажриба алмашилган.
Мазкур шаҳарларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жиноят содир этиб, суд ва тергов органларидан яшириниб юрган 3 нафар ҳалқаро қидирувда бўлган шахсларни яшириниб юрган манзиллари аниқланиб, қўлган олинди.
Миграция қонунчилигини бузган 6 нафар (1 нафар Қозоғистон Республикаси Давлат чегарасини қасддан ноқонуний кесиб ўтиш, 1 нафар ноқонуний миграцияни ташкил этиш, 4 нафар суд ҳукми, суд қарори ёки бошқа суд ҳужжати ёки ижро варақаси ижро этилмаслиги) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жиноий жазога тортилган бўлиб, чет эл фуқароларини ишчи кучидан фойдаланиш қоидаларини бузган 56 нафар Қозоғистон Республикаси фуқаролари (иш берувчи)га нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Шунингдек, 186 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Қозоғистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузганлиги учун мажбурий тартибда давлатдан чиқиб кетиш бўйича суд томонидан ажрим чиқарилган ҳамда 427 нафар шахснинг Қозоғистон Республикасида бўлиш муддати қисқартирилган.
Тадбирлар давомида аниқланган 2.088 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан, мазкур давлатда бўлиш тартиб қоидаларини бузмаслик юзасидан ва қонунчиликка амал қилиши бўйича алоҳида профилактик суҳбатлар ўтказилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси томонидан Нур-Султон, Олма-ота ва Чимкент шаҳарларида жойлашган хорижий фуқароларни вақтинча ушлаб туриш марказларида сақланаётган жами 218 нафар шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ўзбекистонликлар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, улар орасидан ёрдамга муҳтож бўлганларга ватанга қайтариш бўйича чоралар кўрилган.
Қозоғистон Республикаси ИИВ билан икки давлат ўртасидаги “реадмиссия” ҳақидаги келишувига асосан, хорижий фуқароларни вақтинча ушлаб туриш марказларида сақланаётган ва мажбурий меҳнат эксплуатациясига тушиб қолган ҳамда турли сабабларга кўра ватанга қайтиб келаолмаётган 83 нафар (23 нафари қайтарилди) ўзбекистонликларга нисбатан ҳеч қандай қонуний чоралар кўрилмасдан, Қозоғистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юборишга келишилган.
Ҳозирги кунда, Қозоғистон Республикаси ҳудудида икки давлат ИИВлари ва “Сана-Сезим” жамоатчилик фонди иштирокида ўтказилган тадбирлар натижасида, 23 нафар қийин аҳволга тушиб, айримлари эса мажбурий меҳнат эксплуатациясига тушиб қолган ҳамда 10-15 йил давомида ватанга қайтиб келолмаётган фуқароларга, Қозоғистондаги Ўзбекистон Республикаси элчихонаси орқали уларнинг барчасига “Ватанга қайтиш гувоҳномаси” консуллик тўловлардан озод этилган ҳолда расмийлаштирилиб, Ташқи меҳнат миграция агентлиги кўмагида “Олма-ота – Тошкент” авиарейси билан (авиачипта олиб берилиб) олиб келинишига эришилган.
Мазкур фуқароларга, Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги биносида тиббий (рентген текширув, қон анализлари текшируви, турли юқумли касалликларга текширув), психологик ва юридик ёрдамлар кўрсатилиб, яшаш манзилларига етиб олишлари учун энг кам иш хаққининг бир баровари миқдорида пул маблағлари ажратилган.
LiveБарчаси