Тошкент, Андижон, Жиззах... Ироқдан қайтарилган болалар асли қаерлик бўлган?

Бу қизиқ

image
Бизни намозимиздан тўхтатишгани йўқ – Ал-Холдаги собиқ асира north_east

Бизни намозимиздан тўхтатишгани йўқ – Ал-Холдаги собиқ асира

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан мутлақо махфий муҳр билан “Меҳр-2” операцияси ташкил этилгани ва Ироқ ҳудудида оғир шароитда қолаётган ўзбекистонлик 64 нафар бегуноҳ бола махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келингани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Ўзбекистонга қайтарилган болалар ҳақида тўлиқроқ маълумот берди. 

Унда қайд этилишича, “Меҳр 2” деб номланган ушбу инсонпарварлик амалиёти доирасида Ўзбекистонга олиб келинган 35 нафар ўғил ва 29 нафар қиз болаларнинг орасида 16 нафар 3 ёшгача бўлган норасида ва 2 нафар етим болалар бор.

Шу жумладан, Тошкент, Андижон ва Самарқанд вилоятларидан, ҳамда Тошкент шаҳридан 10 нафардан, Хоразм вилоятидан 7 нафар, Сурхондарё вилоятидан 6 нафар, Фарғона вилоятидан 4 нафар, Наманган вилоятидан 4 нафар, Бухоро вилоятидан 2 нафар ва Жиззах вилоятидан 1 нафар болалар сарсон-саргардонлик ва хор-зорликдан қутқариб келинган. 

“Таассуф билан таъкидлаймизки, мазкур болаларнинг шу куйга тушишига уларнинг ота-оналари босган нотўғри қадам сабаб бўлди. Бузғунчи кимсаларнинг сохта даъволарига учган бу ота-оналарнинг айримлари охир-оқибатда аянчли ўлим топишган бўлса, қолганлари Ироқ ва Сурия қамоқхоналарида жазо ўташмоқда. Афсуски, ёшларимизнинг мутаассиб ғояларга эргашиб кетишига яқинларимизга бефарқлигимиз, ҳушёрлик ва огоҳликни йўқотиб қўйишимиз ҳам сабаб бўлади”, дейилади қўмита хабарида.

Ҳозирда қутқариб келинган болалар барча шароитлар яратилган соғломлаштириш муассасига жойлаштирилган. Мутахассислар томонидан уларга ҳар томонлама тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Сиҳатгоҳда болалар иссиқ овқат, янги кийим-бош ва зарур буюмлар билан таъминланган.

Гуманитар амалиёт ишчи гуруҳи томонидан айни пайтда турли халқаро террористик ташкилотларга аъзо бўлиб, ўзга давлатлар фуқаролари тинчлиги ва осойишталигига таҳдид солгани учун Ироқ давлатида 10-20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган ёки умрбод қамоқ жазосини ўтаётган ўзбекистонлик аёллар билан тегишли суҳбатлар ўтказилди ва фарзандларини Ўзбекистонга қайтариш бўйича уларнинг розилиги олинди. 

Таъкидлаш жоизки, ушбу аёллардан айримларининг турмуш ўртоғи айни пайтда халқаро террористик ташкилотлар сафида қолаётган бўлса, бир қисми жанговар ҳаракатлар давомида аянчли ўлим топган, қолганлари эса Ироқ ва Сурия қамоқхоналарида жазо ўтамоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Меҳр-2” операцияси Ироқ давлати ҳукумати ва ЮНИСЕФ Халқаро болалар ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ироқ Яқин Шарқ Меҳр-2

Баҳолаганлар

173

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг