Мирзиёевнинг Туркияга икки кунлик ташрифи энг муҳим жиҳатларига назар (махсус фоторепортаж)

Таҳлил

image

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 19-20 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Туркия Республикасида бўлди. Бу Шавкат Мирзиёевнинг президентликка киришганидан буён Туркияга амалга оширган учинчи ташрифи саналади. 

2016 йилнинг ноябрь ойида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга, сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил октябрь ойида Туркияга амалга оширган ташрифида кейин икки мамлакат муносабатларида илиқлик юзага келди. 

2018 йилда эса Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған уч кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келди. Ўшанда Президент Мирзиёев икки мамлакат ўртасига муз тушиб қолгани ва Президент Эрдўған билан бирга бу музларни эритганини айтганди. 

Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга амалга оширган галдаги ташрифи ҳам тарихий аҳамиятга эга. Шу боис ташрифнинг муҳим нуқталарига эътибор қаратсак.


19 февраль. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Анқаранинг Эсобағу аэропортидан Туркия давлати асосчиси, давлат ва сиёсат арбоби Мустафо Камол Отатурк дафн этилган Аниткабир ёдгорлик мажмуасига бориб, Отатурк мақабрасига гулчамбар қўйди.

Шундан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Анқара шаҳри Бештепа мавзесида жойлашган қароргоҳига ташриб буюрди. Бу ерда Ўзбекистон Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. 

Ташрифнинг асосий тадбирлари Президентлар ўртасидаги яккама-якка учрашувдан бошланди. Унда давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ҳақида гаплашди. 

Ўзаро манфаатли имкониятларни ишга солиш, янги лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш учун Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишларини мунтазам ўтказиш зарурлиги таъкидланди.

Транспорт соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришга, Туркия орқали Европага мультимодал халқаро ташувларни йўлга қўйишга келишиб олинди. 

Интенсив боғдорчилик, балиқчилик, чорвачилик, наслчилик йўналишларида Туркиянинг илғор тажрибасини ўзлаштириш, университетлар ва илмий марказлар билан қўшма тадқиқотлар олиб бориш масалалари муҳокама қилинди. 

Ўзбекистонда замонавий қўшма клиникалар ва диагностика марказлари ташкил этиш, кичик бизнес, тўқимачилик каби йўналишларда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш таклифи кўриб чиқилди.

Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тойиб Эрдўған раислигида Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг илк йиғилиши ўтказилди. 

Бу кенгаш икки томонлама муносабатлар тарихида янги мулоқот форматидир. У 2018 йили давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотига мувофиқ тузилган.

Президент Шавкат Мирзиёев стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш учун Ражаб Тойиб Эрдўғанни Ўзбекистонга таклиф қилди.

Яккама-якка учрашув ва стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилишидан сўнг Прездентлар қўшма баёнотни имзоладилар ва оммавий ахборот воситалари ходимларига брифинг бердилар. 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ташаббус ва ислоҳотлар жараёни учун миннатдорлик билдирган Президент Эрдўған, ушбу кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистоннинг муваффақияти учун ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши дўстона алоқалар тарихида янги саҳифа очгани, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт, маданий-гуманитар соҳаларга оид кўплаб масалалар атрофлича муҳокама қилинганини таъкидлади.  

Ўзбекистон раҳбари сўзида давом этаркан, сўнгги икки Ўзбекистон-Туркия муносабатларида янги саҳифа очиб берганини урғулади.

Расмий тадбирлар якунига етгач, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқаси Зироат Мирзиёева шарафига Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва унинг рафиқаси Эмина Эрдўған хоним томонидан қабул маросими ташкил этилди.

Тадбирда икки мамлакат расмий делегацияси аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари иштирок этди.

 

20 февраль. Президентлар – Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тойиб Эрдўған, биринчи хонимлар – Зироат Мирзиёева ва Эмина Эрдўған Давлат қабуллар уйида нонушта қилдилар. 

Шавкат Мирзиёев Анқара шаҳрида Туркиянинг етакчи компаниялари ва банклари раҳбарлари билан учрашди.

Музокаралар натижасида "Ronesans Holding" билан "Ўзбекистон металлургия комбинати" акциядорлик жамиятини модернизация қилиш ва ривожлантиришга 630 миллион евро ажратади.  

Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатига 4,1 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестициялар киритилади. 

Шунингдек, шифохоналар ва савдо марказларини қуриш бўйича умумий қиймати қарийб 3 миллиард долларлик янги лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида келишувларга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқаси – мамлакат биринчи хоними Зироат Мирзиёева Туркия Республикаси Президенти девонининг Халқ кутубхонаси очилиш маросимида фахрли меҳмон сифатида иштирок этдилар. 

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу янги кутубхонага 350 дан зиёд турли мавзудаги китобларни, жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган “Усмон Мусҳафи”нинг моҳир хаттотлар томонидан кўчирилган нусхасини совға қилди. 

Маросимда Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. “Агар азим Анқара Туркия мамлакатининг тожи бўлса, ушбу кутубхона ана шу тожга ўрнатилган энг ёрқин, энг гўзал гавҳарлардан бири бўлибди”, дейди Мирзиёев. 

Кутубхонанинг фахрли меҳмонларига Ноёб китоблар кўргазмаси намойиш этилди. Туркия Президенти Ўзбекистон раҳбарига шундай нодир асарлардан бирини совға қилди.

Кутубхона билан танишув жараёнида Президентлар Туркияда суратга олинаётган Жалолиддин Мангуберди сериалида роль ижро этаётган актёрлар билан учрашдилар. 

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга навбатдаги расмий ташрифи якунига етиб, куннинг иккинчи ярмида Президент Анқарадан Тошкентга жўнаб кетди. Шавкат Мирзиёев ва Зироат Мирзиёевани Тукркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва унинг рафиқаси Эмина Эрдўған кузатиб қўйди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

181

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг