Идлибнинг кулаётган боласи: кичкина қизалоқ Сельва ҳикояси
Олам
−
27 Февраль 2020
6938Уруш сўзи ҳаёлга келганида ўз-ўзидан унинг ортидан вайронагарчилик, тартибсизлик, инсонлар кўз ёши, қайғу-алам, очарчилик ва ўлим манзаралари кўз олдимизга келади. Ана шундай оғир шароитда умр кечираётган, шу бугун ўлмай қолганидан хурсанд, бомба ёки ўқ овозларидан юраги олиниб қолган ҳар бир инсон тақдири ҳақида қанча гапирса оз. Агар у норасида, ҳали ҳаёт аччиқ-чучугини тотмаган бола бўлса-чи?
У ким, қайси миллат вакили, қайси динга эътиқод қилади, қайси давлатда яшайди бунинг аҳамияти йўқ. Муҳими у инсон. Тинч, осойишта, бахтли ҳаёт кечиришга ҳақли. Суриядаги даҳшатли урушни кўрган, бомбалар овози ичида катта бўлган қизалоқ Сельванинг тақдири ҳам қизиқарли.
Суриянинг Идлиб шаҳридан Туркияга қочиб ўтган тўрт ёшли суриялик Сельва илк бор ўйинчоқлар билан ўйнаш завқини тотиб кўрди.
Боланинг отаси Aбдуллоҳ Муҳаммад ўқ ва бомба овозлари қизининг руҳиятига салбий таъсир кўрсатмаслиги учун бу овозлар улар ўйнаётган ўйиннинг бир қисми эканлигига ишонтирди. Шу сабаб кичкина Сельва ҳар сафар бомба портлаганида қувониб кулар эди. Унинг назарида гўё ўйин қоидаси шундай.
Бу тасвирлар туширилган видео интернет тармоғида пайдо бўлгач, кўпчиликнинг эътирофига сазовар бўлди.
Кунларнинг бирида, қизчанинг оиласи Суриянинг Туркияга чегарадош Хатай вилоятидаги қариндошлари олдига кўчиб ўтди. У ерда кичик Сельвага ҳаётидаги биринчи ўйинчоқ – самолёт совға қилинди. Қизча бундан ўзида йўқ хурсанд бўлди, унинг қувончи ичига сиғмас эди.
“Сурияда ҳамон кўпчилик ўқлар остида қолмоқда, очлик ва совуқ шароитда яшамоқда. Бу ерга кўчиб ўтганимиздан хурсандман. Бу ер хавфсиз. Туркия 9 йилдан бери Сурия халқини қўллаб-қувватламоқда, бунинг учун биз ундан миннатдормиз”, деди Сельванинг отаси.
Муҳаммад мамлакатга киришга рухсат бергани учун Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга ва Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлга миннатдорчилик билдирди.
"Умид қиламанки, биз бу ерда янги ҳаёт бошлаймиз. Мен Сельва бошқа болалар каби яшашини ва таълим олишини истайман ”деди Муҳаммад.