Қуръонда бир-бирини ғийбат қилганлар қандай сифатланган?

Фойдали

Ғийбат одамлар ўртасида нифоқ соладиган, оилаларни емирадиган, жамиятни пароканда қиладиган қабиҳ иллатдир. Шу сабаб Аллоҳ таоло буни улкан гуноҳ санаб, бандаларини бу ишни қилишдан қайтарган. Аммо шундай бўлса-да, ғийбатчилар ва бу ишларини улкан иллат ҳисобламайдиган одамлар ҳам йўқ эмас. Мана шу мавзу юзасидан Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби Раҳимберди домла Раҳмонов билан суҳбатлашдик.

“Инсониятнинг тили ва ундан содир бўладиган иллатлар бисёр. Тил ёрдамида Аллоҳ таолога истиғфор айтилади, Қуръони карим тиловат қилинади, тавба айтиб, дуолар қилинади. Лекин ана шу тилдан шундай гуноҳлар содир бўлади-ки, инсоннинг вақти, маблағи кетиб, йиққан савоблари беҳуда кетишига сабаб бўлади. Ана шундай гуноҳлардан бири – ғийбатдир. 

Ғийбат ҳаром қилинган. Инсоннинг шаъни борасида, унинг бор бўлган айби борасида унинг кетидан гапириш ғийбат ҳисобланади. Агар ўша одам эшитса хафа бўладиган, ранжийдиган сифатларни гапиришлик ҳам бу ғийбатдир. Унинг кетидан йўқ сифатларни, йўқ одатларини гапириш эса бўҳтон бўлади. 

Аллоҳ таоло ғийбатни улкан гуноҳлигини баён қила туриб, мараҳамат қилади: “Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Биродарингизнинг гўштини ейишни хоҳлайсизми? Албатта, хоҳламайсиз”. Бундан маъно келиб чиқади-ки, ғийбат қилган одам ғийбат қилинган одамнинг гўштини еган билан баробар экан. Бу гуноҳнинг нақадар хатарли ва оғир эканлигини яхшироқ ҳис қилганимизда ундан янаям қаттиқ эҳтиёт бўлган бўлар эдик.

Афсуслар бўлсинки, бугунги кунда баъзи бир одамлар ўзи билмаган ҳолатда бировни ғийбат қилиб қўймоқда. Бу жуда катта хатар. Тилимизни бундан халос қилишимиз керак. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундан жуда қаттиқ қайтарганлар. Нафақат ғийбат қилган одам, балки ғийбат қилинаётган даврада ўтирган, уни қайтармган одам ҳам баравар гуноҳкор бўлиб қолади”.

Раҳимберди домла Раҳмоновнинг таъкидлашларича, ғийбат қилган одамнинг савоби ғийбат қилинган одамга олиб берилади. Агар савоби етмаса, ғийбат қилинган одамнинг гуноҳи бунинг гарданига юкланади.

“Имом Бухорий айтадилар: “Ақлимни таниб, ғийбат харом эканлигини билганимдан бошлаб, шу кунга қадар ғийбат қилмадим”. Улуғларимиз бировнинг шаънига умуман нолойиқ гапларни айтишмаган. Шу сабаб тилни ғийбатдан тийиш улуғларнинг фазилати ҳисобланади. 

Аслида, нима учун ғийбат қилинади? Ўша одамнинг эришган ютуғини, даражасини, мавқесини, обрўсини кўра олмаслик натижасида ғийбат қилинади. Бу гуноҳни тил содир этади, аммо бунга ундаган унинг қалби бўлади. Шу сабаб қалбимизни ислоҳ қилишимиз лозим. Агар қалбимиз ислоҳ бўлса, тил фақат яхшиликни сўзлайди. 

Ғийбатнинг виртуал кўриниши ҳам содир этилмоқда. Ғийбат нафақат сўз билан, балки ёзма шаклда ҳам бўлиши мумкин. Бир одамнинг шаънига нолойиқ сўзларни ёзиб, СМС шаклида жўнатишимиз мумкин. Ёки ижтимоий тармоқларда ўзи билмаган, яхши танимайдиган, ички дунёсидан бехабар одамларга нисбатан изоҳ қолдириш ҳам ғийбатдир", деди суҳбатдошимиз.


Мақола муаллифи

Теглар

Рамазон суҳбатлари

Баҳолаганлар

200

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар