...
МЕНЮ
ONLINE TV

Диний таълим, соқол ва ҳижоб... Нуримон Абулҳасан билан очиқ ва аччиқ интервью


18:03, 12.01.2019 Жамият
 32 152

 
Дин ҳар қайси даврда, ҳар қайси давлатчиликда муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлиб келган. Саволлар кўп. Бироқ бу саволларга аниқ ва холис жавоб берадиган, ҳам дин, ҳам давлатчилик тамойилларига зарар келтирмай, тушунтириш берадиганлар саноқли. Ўзбекистонда 2018 йилда диний соҳада кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Одамлар орасида эса диний соҳа энг кўп муҳокама қилинган мавзу бўлди. Шу боис QALAMPIR.UZ  Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуримон Абулҳасан билан суҳбатлашиб, одамларни қизиқтирган саволларга жавоб олди.
 
Агар телефонингиз ва компьютерингизда VPN ўрнатилган бўлса, ушбу видеоинтервьюни YouTube’даги каналимизда, агар VPN бўлмаса, Mover’да кўришингиз мумкин.
YouTube’да томоша қилинг
 
 
Mover’да томоша қилинг
 

   
 
Қамариддин Шайхов: — 2018 йилда ҳар бир соҳада қатор ютуқлар қўлга киритилди. Диний соҳада ҳам кўп ўзгаришлар рўй берди. Кутилган ва кутилмаган, албатта, ҳали кутилаётган, ечими топилмаган ўзгаришлар ҳали олдинда. 2019 йилдаги режалардан бошласак суҳбатни.

Нуримон Абулҳасан: — Ўтган йил якунида иккита оламшумул янгилик рўй берди. Бу янгиликлардан бири АҚШнинг диний эркинлик бўйича рўйхатидан Ўзбекистон Реапубликасини чиқарилганлиги ва шу билан биргаликда БМТнинг махсус резолюцияси қабул қилинганлиги. Бу резолюция жуда ҳам оламшумул ва тарихий воқеа бўлди, десак хато бўлмайди. Ушбу 2 та катта воқеалар энди 2019 йилдаги режаларни тайёрлашга жуда катта туртки бўлди. 2019 йилда биз мана шу эришилган ютуқларни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикасида ҳар бир фуқаронинг виждон эркинлиги, эътиқод эркинлиги ва шу билан биргаликда Ўзбекистон Республикасида яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элатларнинг барчасининг виждон эркинлигини таъминлаш юзасидан жуда катта ишларни режалаштирмоқдамиз. Дунё мусулмонлари эътироф этган “Ал азҳар” университетинининг ректори ва “Ал азҳар” мажмуасининг шайхи Шайхул Акбар, Шайхул Азҳар Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ташриф буюрдилар. Бу ташриф мобайнида Ўзбекистон Республикасига келган “Ал азҳар” шайхи ўзларининг бутун дунёда эътироф этилган улуғ уламолар ва айниқса, Имом Бухорий билан Мотурудийга алоҳида эътиборлари бор эканлигини айтиб, Мотурудий ҳазратларига Халқаро миқёсда конференция ташкил этсак, деган ташаббус билан чиқдилар. Бу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан маъқулланиб, бу йилда Самарқандда Имом Бухорийга ва Ҳазрати Мотурудийга бағишланган халқаро конференциялар ҳам ташкил этилади.

Қ.Ш.: — Одамларга нима фойдаси бор бу конференцияларни?

Н.А.: — Тўғри савол. Бизда бугунги кунда диний-маърифий соҳани Имом Бухорийсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ал-Хоразмийсиз, Термизийсиз, Мотурудийсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун бутун дунёга исломнинг тамаддунини ва шу билан биргаликда исломнинг нурини тарқатган уламолар ҳақида, афсуски, мана шу заминда яшаб ўтган катта бую улмоларимиз ҳақида нафақат қишлоқлар, балки мактабларда, олий ўқув юртларида ва бошқа ташкилотларда ҳам биз кўплаб сайёр учрашувлар ташкил қилган пайтимизда савол-жавоблардан билдикки, бизни фуқароларимиз етарли даражада маълумотга эга эмас.

Қ.Ш.: — Бу кимнинг айби?

Н.А.: Аждодларимиз ҳақида биз кўпроқ тушунтириб беришимиз керак. Кўпроқ гапиришимиз керак. Бу конференциялардан келиб чиқадиган катта ютуқ шундан иборатки, улар нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда тараннум этилади.

Қ.Ш.: — Мана 2018 йил сизнинг шахсий ҳаётингизда, керак бўлса, иш фаолиятингизда, унутилмас бир аччиқ хотиралар ҳам қолдирадиган йил бўлди. Келинг, ўша масалаларга қайтсак. Телевидениедаги чиқишингиз одамлар томонидан нотўғри қабул қилинди. “Нобель” мукофотини бизнинг фарзандларимиз нега олмаяпти, дея телевидениеда муносабат кўрсатувида гапирган гапингиз жуда катта шов-шувларга, танқидларга сабаб бўлди. Бу даврда майдонда якка ўзингиз қолдингиз. Бу жараёндан қандай ўтдингиз? Умуман етказмоқчи бўлган фикрингиз қандай эди?

Н.А.: — Бу гапларга кимлар қарши чиқди? 33 миллион аҳолимизнинг ҳаммаси қарши чиқди, дейиш нотўғри. Айрим жоҳилларгина қарши бўлди. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, керак пайтда масалан, ўша Ибн Синога ҳам катта таъна тошлари отилган. Ибн Сино айниқса кўричакни олишга ҳаракат қилган пайтда, кофир деган тамғани ҳам беришган. Жоҳиллар ҳамма даврда бўлган. Бугунги кунимиз ҳам жоҳиллардан ҳоли эмас. Энди биз жоҳилларнинг шундай гапига эътибор бериб, уларнинг даражасига тушадиган бўлсак, унда биз ҳам жоҳил бўлиб қоламиз.

Инсон ибодат қилиши учун, ибодатнинг мағзини тушуниб олиши учун у ибодат нимадан иборат эканлигини, қандай амалга оширилишини ўз олдига савол қилиб ташлаши табиий. Ваҳоланки, ҳар бир инсон бу борада илмга эга бўлиши керак. Шунинг учун аввало илм. У ерда фақат тарғибот илмга бўлди, холос. Ибодат билан илм тўғри келган пайтда биринчи илмни олиш керак. Негаки ибодатнинг мағзини тушунади шунда. Биз гапирмоқчи бўлган гапимиз илмни ташлаб қўйиб, ибодатга агарда муккасидан кетадиган бўлса, унда у ибодатнинг мазмун-моҳиятини тушунмайди.

Биз ҳеч қачон ҳеч кимни масжиддан тўсиш ёки ҳоказо ғояларни илгари сурмаймиз. Республикамизда ҳам бундай ғоялар йўқ. Нима учун биз масжидларни қайта таъмир этяпмиз ёки янги масжидлар қурдиряпмиз..? Лекин мазмун бўлиши керак, шакл эмас. Шаклга берилиш бу жуда ҳам осон нарса. Лекин мазмун йўқолмаслиги керак.
Қ.Ш: — Таълим даргоҳларида фарзандлар, ука-сингилларимиз ўқимоқда. Лекин ўша ижтимоий тармоқларни, интернетни олиб қарайдиган бўлсак, фикрлар хилма-хил. У ерда таълимга динни боғловчилар, диний таълимни боғловчилар жуда кўп топилади. Бунга муносабатингиз қандай?
 
Н.А.: — Мана шу мактабларда диний таълим бериш керак деган одамларга мени битта саволим бор. Буни жорий қилдик дейлик, лекин бунга нималар киради? Қачон у диний бўлади? Диний таълимга, албатта, ақойид илми киради, фиқҳ илми киради, ҳадис илми киради ва Қуръон илми киради. Диний таълимдан 10.000 та мактабда кимлар дарс беради, деган саволга жавоб беришсин. Гапириш осон. Биз ҳеч кимни тўсаётганимиз йўқ. Саволлар жуда кўп. Лекин уларга жавобларни излаб бизларга топиб беришсин. Ҳукуматга таклиф билан чиқишсин. Кимни таклифи бор? Мана, биз очиқмиз. Айтишсин, қандай қилайлик... 10.000 та мутахассисни қаердан топамиз ҳозир?

Одамлар гапираётган пайтда таҳлил бўлиши керак. Нечинчи синфдан диний таълим берилиши керак? Биринчи синфданми? Бизда бутун дунё эътироф этган “Таълим тўғрисида”ги Қонун бор. Унга қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритишимиз керак бўлади. Майдоннинг ташқарисида ўтириб олиб гапириш жуда осон. Лекин майдонга тушган пайтда муаммо ва бугунги кундаги йиғилиб қолган қанча йиллар давомидаги хато ва камчиликларни тўғрилаш учун катта шижоат билан қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Буни эса бажариш керак. Ўтириб, ҳар хил гапларни гапириб, ҳар хил саволларни тўқиб чиқариб, қуруқ иғво билан, фитна билан, фасод билан бўлмайди. Биз нима учун Японияга эътибор қаратдик? Ўша суҳбатнинг бирида мен айтдим: Японияда 25 та олим Қуръонни ўрганиб “Нобель” мукофотини олди. Мен “Нобель” мукофоти ҳақида гапирганда Нобелни мақтаб гапирганим йўқ. Дунёвий таълимни назарда тутганим ҳам йўқ. Япониялик уламолар Қуръонни ўрганибди. Нимага биз Термизийларнинг юртида ўтириб ҳалигача бирорта оятни тадқиқ эта олмадик? Бу ерда битта нарса бор. Мантиқсизлик бор. “Нобель” мукофотини гапиряптию лекин ўзи Facebook’да ўтириб Нобелни айблаяпти. Facebook ким томонидан ташкил қилинганини ўзи тушуниб етмайдими? Тўғрими?

Яна битта нарса. Одамларни кофирга чиқариш осон бўлиб қолди. Қаранг! Ўзи ғийбатчи инсон ким бўлади Исломда: мусулмон одам агар ғийбат қилса, ўзининг акасини гўштини тириклай чайнаб еган билан баробар дейилади. Шунинг учун биз олимлар бу ғийбатларга эътибор бермаймиз. Масалан, мен Худога шукр гуноҳим тўкилди, деб ўтирибман. Чунки одам кўп ғийбат қилинса, ўша ғийбат қилинган одамнинг гуноҳи тўкилади. Исломнинг талаби шу. Мусулмон шундай эътиқод қилиши керак. Лекин бу ҳар хил тармоқларда ўтириб, ғийбатларга берилиб кетиб, кескин гапларни гапираётган одамлар қиёматда нима деб жавоб бераман, аҳли қиблани қандай қилиб кофир дейишим мумкин, деган саволни ўзига берши керак. Ҳатто, Расулуллоҳ с.а.в нинг ҳадиси шарифларида айтилганки, бир инсоннинг 99 та куфрга даъват қилувчи сифатларини кўрсангиз, лекин у 99 тадан ташқари  биттаси ҳам уни мўминлигига ишора қиладиган бўлса, у одам кофир эмас дедилар. Бу мени гапим эмас. Шунинг учун бу нарсаларга жуда эҳтиёт бўлиш керак. Эҳтиросларга берилиш керак эмас. Амални кўриш керак. Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда айтадики, мўмин мўминга ака-укадан ҳам яқинроқ. Ваҳоланки, ҳозир ака-укалар бир-бирини судга беряпти. Лекин мўмин мўминга шундай туриб бериш керак дейилганки, ажратиб бўлмайдиган даражада булиши керак. Биз эса ўтириб олиб кимларнидир найрангига алданиб қоляпмиз.

Қ.Ш.: — Иккинчи, учинчи одамлар бор деган фикрга қўшиласизми? Кимлар улар?

Н.А: — Албатта. Энди очиқ гапирадиган бўлсак, Facebook’ни шахсан ўзим кузатаман. Бу ерда махсус шу ишларни амалга оширадиган ва инсонларни, жамиятни, Ўзбекистонни иккига бўлишга ҳаракат қиладиган кучлар бор. Бу – хавф. Энди интернет тили билан айтадиган бўлсак, бу троллар. Троллар ўтирибди ва бу троллар қайсидир иккинчи ёки учинчи мамлакатларнинг фойдасига ишлаяпти.

Тасаввур қилинг, 24 соат интернетда ўтириш дегани бу маблағ билан таъминланганлик. Мен фарзандларимни боқиш учун керак бўлса, кунига 12-14 соатлаб ишлайман. Маошимни пешона терим билан ҳаққоний қилиб олай дейман. Қанча меҳнат, қанча масъулият... Энди яна тасаввур қилинг. 24 соат интернетда ўтириб фақат одамларни ғийбат билан диванда ётиб олиб бошқараётганларнинг таъминоти яхшида. Демак унинг бир ишнинг бошини тутишдан хавотири йўқ.  
Қуръони Карим неча қисмга бўлинади, деган саволни берганимизда ўша маҳмадоналарга билмаган. Қуръонда насҳ оятлари бор, яъни бугунги кунда ҳукми  тўхтаган оятлар бор. Уларни илм билан билиб олмаса, қийин бўлади. Яъни ҳукми  тўхтаган оятларни ҳам интернетга қўйиб, уларга шарҳ бераётганларни кўрдик. Лекин қандай қилиб беради? Қуръони Карим нозил қилинган пайтида 23 йилда ҳар битта оят воқеага, ҳодисага муносиб нозил қилинган. Ҳар битта оятни бугунги кунга талқин қила олмаймиз. Бу мумкин эмас. Чунки у манзилли тушурилган. Воқеа учун, ҳудуд учун тушурилган. Ўша улар узуқ-юлуқ олаётган шароитда кўрадиган бўлсак, бугунги кунга нозил қилинган экан деб ўйлаб қоласиз. Асли адашиш ҳам ана шунда. Олим инсон бундай нарсаларни қилмайди. Агарда олим бўлса, у даъво қилса тавсир илмини ёзсин, тақдим қилсин. Бутун дунёга ошкор қилсин. Тавсир билан шу даражага етганини исботлаб берсин.

Қ.Ш.: — Мана илмсизлик деяпмиз-у ноқонуний диний таълимга қаршимиз. Қонунийсини қаердан оламиз?

Н.А: — Албатта, жараён бор. Бугунги кунд расмий фаолият юритаётган ислом билим юртларида курслар мавжуд. Бу Қуръон курслари. Бундан ташқари, ана шу дастлабки маълумотларни берувчи курслар ҳам йўқ эмас. Буни сиз тўғри таъкидлаб ўтдингиз. Ҳамма бирданига шу масалани кўтарган пайтида кўпчилик ҳамма ёппасига бориб шу курсларда ўқийди деб тушунди. Лекин мана биз расмий очиб қўйдик. Ваҳоланки, ҳозирги кунда талаб у қадар катта эмас.

Қ.Ш.: — Куни кеча интернет саҳифаларида тарқалган видеоисбот, яъни Қуръонни шунчаки ёд олган, ўша сиз айтгандек, маъносини билмаган, Қуръон мусобақаларида қатнашган, керак бўлса маҳалла-кўйда намуна сифатида қабул қилинган  одамнинг ўзи номақбул ишлар билан шуғулланиб келгани, ёш болаларни номақбул ишларга даъват этгани, йўналтиргани билан боғлиқ хабар, кўрсатув тақдим этилди. Бу таъкидлаб келинаётган гаплар қанчалар муҳимлигини ўртага чиқарди. Бу масалалар бўйича фикрингиз қандай? Демак, зоҳирий илм эмас эканда?

Н.А: — Албатта. Шунинг учун биз жуда кўп таъкидлаб айтяпмизки, мазмун-моҳиятга қараш керак. Масалан, ўша йигит ҳам Қуръон мусобақасида ҳақиқатда ўрин олган. Шу билан биргаликда, Қуръон хофизи ҳам бўлган. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, шаклга берилиш бўлган, мазмун бўлмаган. У ўша олган илмларига холисона ёндашиб, ҳақиқий илм йўлидан кетиб, олган билимларига амал қилганида эди, бу ишларга йўл қўймаган бўларди. Ўша ноқонуний ҳужралар юритиш натижасида ана шундай ҳолатлардан кўплаб мисол келтиришимиз мумкин. Норасмий ҳужраларда худди шунга ўхшаган ҳолатлар жуда кўп. Бундай бўлмаса-да бундан аянчлилари бўлган. Чунки боласини ўз отасига қарши қўйиш ҳолати ҳам юзага келган.

Қ.Ш.: —  Президентимиз Шавкат Миромонович имзолаган бир қарорда шундай айтилган эдики, Ўзбекистонга нисбатан экстремизм ва терроризм каби ҳолатлар хавфи ҳамон сақланиб қоляпти. Бу борада бугун диний қўмитанинг фаолияти қандай бўляпти? Ҳақиқатан бу хавф борми? Бор бўлса қай даражада ва биз уларни нималарда кўряпмиз?

Н.А: — Албатта. Дин ишлари бўйича қўмитада диншунослик экспертизаси бўлими бор. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар томонидан бизга кунига ўнлаб сўровлар келиб тушади. Сўровларда уяли алоқа воситалари, ахборот ташувчи буюмлар – компьютер, notebook ва I Pad’лар жуда кўп келади. Уларни диншунослик экспертизасидан ўтказиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экстремистик ғояларни тарғиб этишга бевосита қаратилган, конституцион тузумни куч ишлатиб ағдариб ташлашга даъват қилинган, шу билан биргаликда, бугунги кундаги барқарор бўлиб турган вазиятни беқарорлаштиришга ҳаракат қилувчи ва шу каби ғоялар йўғрилган материаллар жуда ҳам кўплаб келиб тушяпти. Бу нимадан далолат? Бу бугунги кунда афсуслар бўлсинки, баъзи бир қўштирноқ ичидаги ёшлар ўзлари тушуниб, тушунмаган ҳолда ана шу даъватларга учиб  қоляпти.

Исломнинг асл мазмун-моҳиятидан йироқлашган ҳолда Ўзбекистон Республикасида айни мана шу араб баҳорларини келтириб чиқариш ва кўплаб даъват руҳидаги маълумотлар телефонларда ва умуман электрон маълумотлар ташувчи мосламалар орқали халқ орасида ёйишга ҳаракатлар мавжуд эканлиги бугунги экспертизадан маълум бўлиб турибди. Давлат раҳбарининг бу маънодаги ташвиши ҳақиқатда ўринли.

Дин ишлари бўйича қўмита ана шу мосламалардаги маълумотларни ўзига юклаб олган фуқароларимизни фақатина аниқлаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларга топшириш билан чегараланмайди. Бу қўмитани асосий вазифаси ҳисобланмайди. Қўмита аниқлик киритади. Бунда шахсга нисбатан хулоса бермайди. Кўпчилик нотўғри тушунади. Биз қайсидир шахсни ёнидан чиққан маълумотларгагина хулоса берамиз. Лекин шахсни ўзини қайси ҳолатда, уни нима учун юклаган, қандай юкланган бу, беҳосдан юклатилганми ёки ўша лайк босиш ҳолатларига тергов ва суд жараёни аниқлик киритади.

Қ.Ш.: —  Экспертиза жараёнида кимнинг материали қўлингизда турганини биласизларми?

Н.А.: — Йўқ. Бизга у муҳим эмас. Биз материалга фақат хулоса берамиз. Кимдан чиқди? Қанақа бўлди? Ким тарқатмоқчи бўлган? Унга аниқлик киритиш бизнинг вазифамизга кирмайди.

Қ.Ш.: —  Таълим муассасалари ҳақида гап кетганда, анчадан буён кўтарилаётган бир савол бор: бу ўша соқол, ҳижоб масаласи. Бу масала бўйича диний қўмитанинг қарашлари қандай? Ҳа ёки йўқ, деган бир аниқ жавоб бўладими?

Н.А: — таълим муассасаларида диний атрибутларни намоён этиш масаласи бўйича дин ишлари бўйича қўмита ўзининг муайян баёнотини берган. Интернет тармоқларида ҳам биз буни ошкор этдик. Масалан, “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 9-бандида алоҳида айтиб ўтилган. Таълим муассасаларида диний таълим бериш мумкин эмас ва шу билан биргаликда бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча таълим муассасалари ўрнатган ички тартиб, низомлари бор. Ўша низомларга мувофиқ, ҳар битта талаба ёки ўқувчи таълим олишга ҳақли. Лекин бу дегани ўша таълим даргоҳида ўқиётган бизнинг фуқароларимизнинг динга бўлган эркинликлари чекланади дейиш, нотўғри бўлади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар бор. Агар биз таълим муассасаларида диний атрибутларни тақиш, ўраб юриш ёки уларни намоён қилишга рухсат берадиган бўлсак, бу фақатгина соқол билан рўмол бўлмайди. Довуд алайҳиссаломнинг юлдузлари пайдо бўлади. Исо алайҳиссаломнинг хочлари пайдо бўлади. Буддаларнинг ўзини тақувчи нарсалари пайдо бўлади. Шунга ўхшаган нарсалар ёйилади. Ана энди ўша саволни бераётганлар шунга розими? Соқол қўяйлик мактабда, бошқа атрибутларни ҳам намоён қилайлик. Кейин эса ўша 130 дан ортиқ миллат ва элатларнинг ҳам ўз динларини намоён қилиш ҳолатлари юзага келаверсин, дейишга розими?  Агар рози бўладиган бўлса, у қандай шаклда бўлади? Дин эса таълим тизимидан айро ҳолатда олиб борилиши юзасидан Конституциямизнинг талаби бор, ҳам бизнинг “Таълим тўғрисида”ги қонун талаблари бор. Шунинг учун фуқароларимизда буни фоизини ўрганишимиз керак. Кимда шунга эҳтиёж бор? Бўлса уни биз ўрганайлик. Ўрганяпмиз ҳам. У келгусида конституцияда ҳам, дин давлатдан ажратилган деган тамойилга ҳам ўз-ўзидан бориб тақаладиган қонунлар, меъёрий ҳужжатлар пайдо бўлиши керак. Бу нарсаларни онгли равишда қилишимиз керак. Ҳаммасини ҳисобга олган ҳолатда қилишимиз керак. Лекин бу дегани Ўзбекистон Республикаси ҳудудида динга эътиқод қилувчи фуқаролар ҳуқуқи чекланяпти, десак хато бўлади. Таълимга кирган пайтда одамлар бир хил бўлиши керак. Қайси дин, қайси миллат вакили бўлишидан қатъи назар ҳамма баробар бўлиши керак.

Қ.Ш.: —  2018 йилнинг сентябрь, октябрь ойларида ижтимоий тармоқларда бир масала жуда катта шов-шувларга сабаб бўлди. Ислом Академиясида ўқиётган ёшларнинг таълим даргоҳига соқол билан ёки қизларимизнинг ҳижоб билан киритилмаётгани, бу қанақа Ислом Академияси деган саволларни ўртага чиқарди. Бунга халқаро жамоатчилик, халқаро ОАВ ҳам эътибор қаратди. Аслида қандай бўлиши керак?

Н.А.: — Ҳозирги пайтда фуқароларимиз диний идора билан дин ишлари бўйича қўмитани фарқига боришмайди. Диний идора бу давлатдан ажратилган идора ҳисобланади ва давлатнинг тўғридан-тўғри идора ички ишларига аралашуви Конституция билан тақиқлаб қўйилган. Яъни ҳатто Дин ишлари бўйича қўмита мусулмонлар идорасининг ички ишларига аралашишга ҳаққи йўқ. Дин ишлари бўйича қўмита Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида бўла туриб, диний идорага қандайдир буйруқ беришга ҳаққи йўқ. Биз фақат диний идора билан давлат ўртасидаги алоқаларни тикловчи кўприк вазифасини бажарамиз. Диний идора қошида Тошкент Ислом институти бор. Унда аёллар ҳам ўқийди. Уни қошида Қуръон курси ҳам бор. Бу масала демак давлатдан ажратилган ва улар диний ташкилот сифатида рўйхатдан ўтган. Токент Ислом университети базасида ташкил этилган бугунги Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси эса бу давлат органига қаровчи Олий таълим муассасаси ҳисобланади. Нодавлат эмас, диний идорага қарамайди. Бугунги кундаги давлатда тан олинган давлат таълим тизими стандартлари бор. Ўша стандартларга мослаштирилган, холос. Шунинг учун бу нарсаларни ҳам аниқ-тиниқ билиб олишимиз керак.

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар