Соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштириш стратегияси тасдиқланади

Жамият

image

2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни молиялаштириш стратегияси тасдиқланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлиқни сақлашни молиялаштириш тизимининг самарадорлигини ошириш ва тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида бозор механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасида белгиланган.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилган қарор лойиҳасида тиббий ёрдам кўрсатиш учун Давлат бюджети ва бошқа манбалардан ажратиладиган маблағларни жамлаш, бошқариш ва мақсадли сарфлаш функцияларини амалга оширувчи Давлат тиббий суғурта жамғармасини ташкил этиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда шакллантирилган:

•    2021 йил 1 январдан бошлаб бюджет ҳисобидан сақланадиган койкалар фонди буюртма асосида молиялаштириладиган тиббиёт муассасалари;

•    2021–2022 йилларда масъулияти чекланган жамиятларга қайта ташкил этилган ҳолда, давлат улушлари аукцион савдолари орқали хусусий инвесторларга тиббий фаолиятни амалга ошириш шарти билан сотиладиган тиббиёт муассасалари;

•    2021–2023 йилларда тиббий фаолиятни амалга ошириш ёки уни ташкил этиш соҳасида амалий тажрибага эга тадбиркорлик субъектларига давлат-хусусий шериклик асосида ишончли бошқарувга бериладиган республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари маъқулланади.

Белгиланишича, давлат мулки объектларини сотишдан тушадиган маблағлар, истисно тариқасида, қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармасига қолдириладиган маблағлар, шунингдек, баҳоловчи ташкилот ва савдо ташкилотчиси хизматлари учун харажатлар чегирилган ҳолда, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ривожлантириш ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармасига йўналтирилади ва соғлиқни сақлаш тизимининг моддий-техник базасини ривожлантириш учун мақсадли сарфланади.

Ушбу банд билан боғлиқ чора-тадбирларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбарлари шахсан жавобгар эканлиги белгилаб қўйилади.

Белгилаб қўйилишича, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб:

а) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига айрим тиббий ёрдам турларини давлат ва хусусий тиббиёт ташкилотларида олиш ҳуқуқини берувчи тиббий йўлланмалар жорий этилади;

б) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатилиши учун йўлланма (ордер) олишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилади:

•    бемор яшаш жойи бўйича қишлоқ врачлик пункти ёки оилавий поликлиниканинг йўлланмаси ва бошқа зарур ҳужжатларни тегишли тиббиёт бирлашмасининг марказий кўп тармоқли поликлиникасига соғлиқни сақлаш миллий интеграциялашган ахборот тизими (ССМИАТ) орқали юборади;

•    туман (шаҳар) марказий кўп тармоқли поликлиникалари беморнинг тиббий ҳужжатларини кўриб чиқиш ва уни, зарур ҳолларда, тиббий кўрикдан ўтказиш натижаларини, шунингдек, улар бўйича тузилган хулосани бемор мурожаат қилган кундан эътиборан икки иш кунидан кечиктирмай ССМИАТга киритади;

•    Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар тиббиёт ташкилотлари туман (шаҳар) тиббиёт ташкилотлари томонидан ягона интеграциялашган ахборот тизимига киритилган маълумотлар асосида бемор мурожаатидан сўнг икки иш куни ичида, зарур ҳолларда, тиббий кўрикдан ўтказади ва унга йўлланма (ордер) беради ёҳуд уларни олиш учун ССМИАТ орқали навбатга қўяди.

Бунда, беморлар ўз сўровларига кўра мурожаатининг кўриб чиқилиши ҳолати ҳамда йўлланма (ордер) олиш ёҳуд бепул даволаниш учун навбати ҳақидаги ахборотни реал вақт режимида электрон шахсий кабинет орқали, шунингдек, қисқа хабар (SMS) кўринишида олиш тизими яратилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли тоифадаги шахслар рўйхати тасдиқланади.

Белгилаб қўйилишича:

•    ушбу бандда назарда тутилган рўйхатга мувофиқ имтиёзли тоифадаги шахсларга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига кўрсатиладиган тиббий хизмат турлари ва ҳажмлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади;

•    кам таъминланган оилаларга мансуб шахслар тоифасига кирувчи фуқаролар 2021 йил 1 январдан республиканинг барча ҳудудларида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига мувофиқ аниқланади.

Тиббий хизмат бўйича беморларнинг электрон навбатини ташкил этган давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларига беғараз ёрдам доирасида келган тиббий техника ва жиҳозлардан, агар Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномаларида бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, пуллик тиббий хизматларни ташкил этишда фойдаланишга рухсат берилади.

2021 йил 1 мартдан бошлаб тиббий фаолиятни лицензиялашнинг қуйидагиларни назарда тутувчи соддалаштирилган тартиби жорий этилади:

•    тиббий фаолиятни амалга ошириш учун лицензия бериш ҳақидаги аризани умумий тартибда кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш муддати амалдаги 20 кундан 15 кунгача қисқартирилади;

•    тиббий фаолиятни амалга ошириш учун лицензия талаблари ва шартлари бузилган тақдирда, лицензиянинг амал қилиши фақат бундай бузилишларга йўл қўйилган тиббий ихтисослик тури қисмида тугатилади (тўхтатилади) ва лицензия амалдаги бошқа тиббий ихтисослик турлари қисмида белгиланган тартибда қайта расмийлаштирилади;

•    қўшимча тиббий ихтисослик турига ёки ташкилот филиалига лицензия олишда, лицензия талабгорининг хоҳишига кўра, унинг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини ўрганиш фақат сўралаётган тиббий ихтисослик тури ҳамда ташкилот филиали қисмида ўтказилади ва ушбу ихтисослик турига (филиалга) лицензия белгиланган тартибда мавжуд лицензиянинг амал қилиш муддатига берилади. Бунда амалдаги лицензия тегишли қўшимчалар киритилган ҳолда қайта расмийлаштирилади.

2020 йил 1 ноябрдан бошлаб Аккредитация бўйича халқаро форумнинг (IAF) тўлақонли аъзоси бўлган органлар томонидан “Озиқ-овқат ва дори воситалари бошқармаси” (FDA) ва (ёки) “Европа мувофиқлиги” (СЕ) халқаро стандартлари талабларига мувофиқ сертификатланган тиббий техникалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат рўйхатидан ўтказилишида уларнинг хавфсизлиги, сифати ва самарадорлигини аниқлаш мақсадида лаборатория синовларидан ўтказилмайди ва рўйхатдан ўтказиш учун мурожаат қилинган кундан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмай рўйхатдан ўтказилади.

Белгиланишича, назарда тутилган тартиб рўйхатда келтирилган мамлакатларда ишлаб чиқарилган тиббий техникаларга нисбатан татбиқ этилади.

2021 йил 1 мартдан бошлаб белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган юридик ва жисмоний шахслар томонидан шифокорлар кўрсатмаларини уй шароитларида бажариш ва беморларни ўз уйларида парвариш қилиш – “ҳамширалик иши” фаолиятини амалга ошириш тартиби жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 февралга қадар ҳамширалик иши фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ тартиб-таомилларни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра 2021 йил 1 январдан:

•    Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари бўлган жисмоний шахсларга ўзининг ва яқин қариндошларининг (турмуш ўртоғи, вояга етмаган фарзандлари ва пенсиядаги ота-онаси) республика ҳудудидаги тиббиёт ташкилотларида тиббий ёрдам олиш билан боғлиқ бўлган ҳақиқатда амалга оширилган ва ҳужжатлар (онлайн назорат-касса машина QR-кодли чеклари ва бошқалар) билан тасдиқланган харажатларини даромад солиғи базасидан чегириб ташлаш ҳуқуқи берилади;

•    солиқ тўловчиларнинг иш ҳақи ва бошқа даромадларининг ихтиёрий тиббий суғурта шартномаси бўйича суғурта мукофотларини тўлаш учун йўналтириладиган, лекин солиқ даври давомида 5 млн. сўмдан ошмаган қисмига солиқ солинмайди. Бунда, суғурта шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганда ва суғурта бадали (унинг бир қисми) суғурта қилдирувчига ёки суғурталанган шахсга қайтарилганда, қайтариладиган суғурта бадали суғурта ташкилоти томонидан солиққа тортилади.

Ижро этувчи аппарати бошқарув ходимларининг чекланган сони 46 бирликдан иборат Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси давлат муассасаси шаклида ташкил этилади.

Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

•    давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш, бошқариш ҳамда ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширишда идоралараро ҳамкорликни таъминлаш;

•    2021 йил 1 июлдан 2022 йил якунигача бўлган муддатда Сирдарё вилоятида давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш;

•    аҳолининг барча қатламларини сифатли ва зарур тиббий ёрдам билан таъминлаш мақсадида давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмига киритилган тиббий хизматлар стратегик хариди тизимини жорий этиш;

•    тажриба-синов лойиҳаси доирасида аҳолининг барча қатламларига давлат томонидан кафолатланган ҳажмларда сифатли ва тўлиқ тиббий ёрдам кўрсатилишини молиялаштириш;

•    тажриба-синов лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмларини қоплаш мақсадида ажратиладиган маблағларни жамлаш, бошқариш, уларнинг мақсадли ва самарали сарфланишини ташкил этиш;

•    давлат тиббий суғуртасининг ягона ахборот тизими, маълумотлар базаси ва бошқа ахборот ресурсларини бошқариш, уларнинг лозим даражада ишлашини таъминлаш;

•    тажриба-синов лойиҳасининг натижаларига кўра, давлат тиббий суғуртаси тизимини республиканинг бошқа ҳудудларида босқичма-босқич жорий этиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш.

Жамғарманинг ижро этувчи аппарати ходимларига давлат бошқаруви органлари ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади ҳамда уларнинг лавозим маошларини Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига асосан белгилашда тариф коэффициенти 1,6 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига Жамғарма ижро этувчи аппарати меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг 25 фоизи миқдорида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ходимларини рағбатлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

а) бир ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамасига:

•    давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этишга оид ташкилий чора-тадбирларни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини;

•    “Электрон соғлиқни сақлаш” тизимини, шу жумладан давлат тиббий суғуртасининг ягона ахборот тизими, маълумотлар базаси ва бошқа ахборот ресурсларини жорий этиш бўйича амалий таклифларни киритади;

•    б) Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, билан биргаликда икки ой муддатда давлат ва хусусий тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби ва маъмурий регламентини Вазирлар Маҳкамасига киритади;

в) Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда кўз шоҳ пардасини консервациялаш ва трансплантация қилишнинг вақтинчалик тартибини Вазирлар Маҳкамасига киритади, унда қуйидагилар назарда тутилади:

•    беморларга кўз шоҳ пардасини консервациялаш ва трансплантация қилиш бўйича тиббий ёрдам кўрсатиш фаолиятини амалга оширувчи давлат ва хусусий тиббиёт ташкилотлари учун қўйиладиган талаблар;

•    кўз шоҳ пардасини трансплантация қилишни фақатгина донор томонидан унинг тириклигида бериладиган розилиги асосида ҳамда ушбу соҳага оид халқаро стандартлар ва талабларга риоя қилган ҳолда амалга ошириш;

г) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

•    давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларига оид мавжуд техника ва жиҳозлар хатловини ўтказиш ва шаклланган эҳтиёжни қоплаш тўғрисида;

•    давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларидаги мавжуд тиббий техника ва жиҳозларни хатловдан ўтказиш ва паспортлаштириш, шунингдек, тиббий техника ва жиҳозларнинг техник ҳолати ва кадрлар таъминотини, улардан фойдаланиш самарадорлигини, айрим тиббий техника ва жиҳозлар бўйича ҳақиқий эҳтиёжни таҳлил қилиш тизимини яратиш тўғрисида;

•    қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

19

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг