ДХХ йирик миқдордаги “Трамадол” савдосига чек қўйди

Жамият

Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилояти бошқармаси ходимлари “Тошкент-Денов” йўналишида ҳаракатланиб келаётган Алишер Раҳмонов бошқарувидаги Isuzu русумли юк автомашинаси Чироқчи туманидаги “Умакай” постида тўхтатган. Автомашина кўздан кечирилганда, унинг салонида 30 минг дона “Трамадол” таблеткаси борлиги аниқланган.

Маълум бўлишича, ушбу гиёҳвандлик воситасини фуқаро Бекзод Каримов Тошкент шаҳри Чилонзор туманида жойлашган “Кўхинур" тўйхонаси олдида Эъзоза исмли аёлдан 34 миллион 500 минг сўмга сотиб олишга келишган. Шундан 15 миллион сўмини бериб, юкни Алишер Раҳмоновга топширади. Ҳайдовчи Алишер Раҳмонов эса уни Сурхондарё вилоятига етказиб бериши керак бўлади.

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани ҳудудида яна бир ноқонуний ҳаракат аниқланган. Жамолиддин Хурсандов бошқарувидаги юк автомобили текшириб кўрилганда, унинг юкхонасида ҳам 30 минг дона “Трамадол” борлиги маълум бўлган.

Аниқланишича, мазкур гиёҳвандлик воситаларини Тошкент шаҳрида туғилган Қобил Пўлатов исмли шахс Сурхондарё вилояти Денов шаҳрида туғилган Олимжон Хурсановга 57 миллион сўмга сотган. Шундан сўнг, у ушбу воситаларни Адҳам Жўрақуловга беради. Адҳам эса уларни юк сумкасига жойлаштириб, Сурхондарё вилоятига кетаётган ҳайдовчи Жамолиддин Хурсандовга топширади ва Денов туманида акаси Акрам Жўрақўлов олишини айтади.

ЎзАнинг ёзишича, ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
 


Мақола муаллифи

Теглар

ДХХ Трамадол

Баҳолаганлар

127

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг