Ўзбекистон коронавируснинг иккинчи тўлқинига тайёрлиги айтилди

Жамият

image

Жорий йилнинг 15 августидан Ўзбекистонда карантин талабларининг асосий қисми олиб ташланди. Қатор ижтимоий соҳа обьектларининг фаолиятига рухсат берилди. Лекин, чекловларнинг олиб ташланиши ортидан охирги 10 кунликда мамлакатда касалликка чалиниш ҳолатлари ҳам сезиларли даражада ортди. Мутахассисларнинг фикрича, куз-қиш мавсумида беморлар сони янада ортади. 

Хўш, Ўзбекистон куз мавсумида коронавирус инфекциясининг иккинчи тўлқинига тайёрми? Бу ҳақдаги савол билан коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматовага мурожаат қилинди. 

“Ҳа, тайёр. Эпидемия даврида вазият ҳар томонлама ўрганиб чиқилди. Шу даврга қадар эришилган ютуқ ва камчиликлар кўриб чиқилиб, таҳлил қилинди”, дейди Абдусаматова. 

Қайд этилишича, ҳозирда шифохоналар салоҳиятли кадрлар ва зарур моддий техника база билан таъминланган. 

“Барча шифохоналар ва мутахассисларнинг  ушбу йўналишда тажрибалари бор. Улар касалликни авж олишига йўл қўймайдилар.

Шу билан бирга беморларга ўз вақтида малакали ва замонавий тиббий ёрдам кўрсатишга имкон ва барча керакли дори воситаларининг захиралари яратилган”, дейди Абдусаматова.

Таъкидланишича, ҳозирги кунда COVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш учун 114 та муассасада 19346 та ўрин ташкил этилган. Яна 10 минга яқин қўшимча захира шифо ўринларини  тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев Ўзбекистон коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқинига тайёргарлик кўраётгани ҳақида гапирган эди

Эслатиб ўтамиз, мамлакатда касалланиш сони ортгани сабабли биринчилардан бўлиб, Aндижон вилояти 3 ойлик дори-дармон захирасини ғамлаб қўйди. 

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни аниқланган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 49 385 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг 45 474 нафари ёки 92 фоизи соғайган. Расмий маълумотларга кўра, 411 киши ушбу вирусдан вафот этган. Ҳозирда ушбу вирусдан даволанаётганлар 3 500 кишини ташкил этмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

карантин коронавирус

Баҳолаганлар

432

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг