Видео: Аҳмадбойдан жабрланганларга пуллари қайтариб берилади

Жамият

Айни пайтда жиноят ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туман суди биносида судланувчилар Аҳмаджон Турсунбоев ва бошқаларга (судланувчиларнинг умумий сони – 16) нисбатан жиноят ишининг тергов билан якунланган қисмини кўриб чиқиш бўйича учинчи очиқ суд бўлиб ўтмоқда.

Ижтимоий тармоқларда ушбу суд жарёнидан олинган видео тарқалди. Унда Аҳмаджон Турсунбоев судга мурожаат қилган ҳолда фаолиятига алоқадор айрим жиҳатларни очиқлашга уринган.

“Фуқаролардан олган пулларни мен ферма ва чорва учун ишлатганман, деҳқончилик қилганман. Йилига 50 гектар, 60 гектар, 100 гектарлаб картошка экардим. Мол боқардим. Мен мана шундай тирикчилик қилганман. Фуқароларнинг пулини “оборот” қилганман, шунинг ҳисобидан вақтида пулларни қайтариб, жой-жойига қўйиб берганман. Шу сабабдан одамлар кўпайиб кетган. 

Мен одамларни алдаб, қизиқтирмаганман. Уларнинг ўзи бир-бирини етаклаб, олиб келарди. Мен қандай қилиб фирибгар бўламан? Фирибгарлик қилиб бировнинг пулини олиб чиқиб кетдимми ёки чет давлатга олиб кетдимми? Топган даромадимни фақат фуқароларга тўлаганман. Қилган фойдамни, ойига топган 100-500 минг долларни фақат фуқароларга тўлаганман. 

Биттаси келади ва 10 минг доллар беради, 10 ойдан кейин у 20 минг доллар оляпти. 20 мингни кейин 40 минг, сўнг уни 80 минг қилиб оляпти. Тагини олиб қараганда, бир фуқаро 200-300 ҳатто 500 минг доллар фойда қиляпти-да, 20-30 минг долларга ариза ёзяпти. Мен шунча – 12 минг фуқарога пул етказиб бера олмайман. Менда пул ҳам йўқ. 

Бу фуқаролардан 4-5 мингга яқин одам биз туфайли фойдага кириб кетган. Ўша пуллар қайтарилса фуқароларга пул етади. Агар мен жиноятчи бўлсам, фуқаролар ким унда? Фуқаролар менга пул берганми, валюта олиб келганми? Улар менга пул бериб, валюта олиб келганми? Валютани асос қилиб келтириб бера олмайди-ку. Бизга дафтарни берсин, ҳаммасини асос қилиб қўйиб берамиз. 

Шунинг учун мен ходимлардан ҳам, прокуратура вакилларидан, терговчилардан, муҳтарам судьялардан ёрдам сўраяпман. Менинг иложим йўқ, бу вазиятдан чиқа олмайман. Менинг қурбим ҳам етмайди. Ҳазилакам пул эмас бу. Бу 1 млн ёки 500 минг доллар эмас, бу 40 млн доллардан ошиқ пул. Қани у пуллар?

Нега мени ўша ёпган пайтда терговчилар - мана сенинг пулларинг, мана сенинг тилланг, мана сенинг молинг, деб асос қилиб қўйиб бермади? Сабаби мени олиб бориб қамаган. Мен қаердан у пулни етказиб бераман? Пулнинг ҳаммаси талон-торож бўлиб кетган-ку. Менда кирим бўлган, фойда қилганман, яхши даромад бўлган, шунинг ҳисобидан одам кўпайган. Агар озгина даромад бўлмаса, уни торта ҳам олмайсиз”, дея таъкидлаб ўтган Аҳмадбой судга мурожаатида.

Ушбу суд жараёнини кўриб чиқаётган судянинг маълум қилишича, Аҳмадбойдан жабр кўрганларга пуллари қайтарилади.

“Апелляция инстанцияси судининг якуний хулосасидан кейин, албатта, суд ҳукми ижрога қаратилади ва Турсунбоев Аҳмаджон ҳамда унинг жиноий шериклари томонидан олинган буюмлар сотувга қўйилади. Суд ижроси органлари орқали мол-мулклар сотувга қўйилиб, сотувдан тушган маблағлар жабрланувчиларга етказилган зарар ҳисобига пропорсионал тарзда ундириб берилади” деб айтиб ўтди судя.

Маълумот учун, 200 га яқин жабрланувчиларнинг аризалари юзасидан тергов ҳаракатлари тугалланиб, мазмунан кўриш учун судга юборилган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 май куни Жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман суди биносида судланувчилар Аҳмаджон Турсунбоев унинг жиноий шериклари устидан суд жараёни якунланиб, ҳукм эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик.

Аҳмаджон Турсунбоев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми а, б бандларига асосан узил-кесил 14 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Шунингдек, Аҳмаджон Турсунбоевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25 орқали 168 моддасининг 3-қисми а, в бандлари билан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда икки йил аҳлоқ тузатишлари жазоси тайинланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Аҳмаджон Турсунбоев Қуйи Чирчиқ туман суди

Баҳолаганлар

148

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг