Ярим вайронага айланган Байрут тарихига назар (фоторепортаж)

Бу қизиқ

image

Байрут Ливан пойтахти. Мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий, маданий маркази. Ўртаер денгизининг ғарбий соҳили билан туташиб кетган. Шаҳар мамлакатнинг асосий порти ҳисобланади.

Байрут фақатгина Яқин Шарқ ёки Осиёнинг эмас, дунёнинг энг қадимий, ёши улуғ шаҳарларидан бири ҳисобланади. Кўҳна шаҳарда кўплаб меъморий обидалар жамланган.

Байрутнинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири – бу ерда динлар туташган. Шаҳарда мусулмон суннийлар ва шиалар билан бир қаторда, христианлар ва яҳудийлар ҳам яшаб келади. Тарихийлик ва диний бағрикенглик шаҳарни сайёҳларнинг севимли масканига айланишига сабаб бўлган.

Шаҳар милоддан аввалги 3-мингйилликда финикияликларнинг аҳоли манзилгоҳи сифатида пайдо бўлган ва “Барут” деб аталган. Шаҳар номи "Бирот" (қудуқ) сўзидан келиб чиққан деб тахмин қилинади.

Кейинги даврларда шаҳар Миср фиръавнлари (милоддан аввалги XVIII—XVII асрлар), Рим императорлари (мил. авв. I аср), Месопотамияда мавжуд бўлган Оссурия ва Бобил давлатлари, Араб халифалиги (635 йилда), салибчилар (1100 йилда), Усмонли турклар (1516-1918) томонидан босиб олинган. 1923-43 йиллардан Франция мандатидаги ҳудуд бўлган. Уларнинг ҳар бири шаҳарда ўзидан из қолдирган. Натижада мультимаданият юзага келган.

Байрут Рим империяси мустамлакаси бўлган даврлардан тортиб, ҳозиргача минтақадаги муҳим марказлардан бири ҳисобланади.

Ливан 1943 йилгача Франция протекторати бўлгани мамлакатнинг меъморчилиги ва тилига таъсир ўтказган. Ҳозир ҳам араб бўлмаган ливанликларнинг бари француз тилида гаплашади.

Ливанда 1975 йилда фуқаролар уруши бошлангунча, мамлакат гуллаб яшнаган ва араб оламининг молиявий-банк пойтахти бўлган. Бир сўз билан айтганда араб давлатларининг Швейцарияси эди. Байрут эса унинг юраги. Фуқаролар уруши 15 йил давом этиб, 1990 йилда ниҳоясига етган. 15 йиллик уруш пойтахтни вайрон қилган. Шаҳар ХХ аср охири XXI аср бошида қайтадан қурилган. 2015 йилда Американинг Condé Nast Traveler нашри ўқувчилари Байрутга Readers’ Choice Awards мукофотини берган.

Эндиликда Ливанни ларзага солган портлаш эпимаркази бўлган бандаргоҳга тўхталсак. Одатда Байрут бандаргоҳи деб аталувчи порт Ливан учун муҳим аҳамиятга эга. Бандаргоҳ Ўрта ер денгизининг ғарбида жойлашган энг гавжум ва фаол порт ҳисобланади.

Рим империяси давридан бошлаб Байрут бандаргоҳи шарқ ва ғарбни боғлаган муҳим иқтисодий боғланиш нуқтаси бўлган. Унинг аҳамияти Ўртаер денгизини Яқин Шарқ билан боғлаши, Осиё ва Африка туташган нуқтада жойлашгани билан ўлчанади.

Усмонли турклар даврида 1894 йилда бандаргоҳ кенгайтирилиб очилган. 1925 йилда Франция назоратига ўтиб, 35 йил фаранглар бошқарувида бўлди. 1960 йилда Байрут бандаргоҳи Ливан назоратига ўтди. 1990 йилда фуқаролар уруши тугагач, порт яна таъмирланиб, кенгайтирилди.

Байрутда эътиборга молик жойлар етарлича топилади. Булар:

•    Байрут миллий музейи;

•    Азобланганлар ҳайкали;

•    Сурсак саройи;

•    Муҳаммад Амин масжиди;

•    Байрут ўрмони;

•    Рим ҳаммомлари.

Байрут миллий музейи

Байрут миллий музейи сайёҳларнинг энг севимли жойларидан ҳисобланади. Музейда “Илиада” достонидаги воқеалар тасвирланган саркофаглар, финикияликлар ясаган ҳайкаллар ва араб бойликлари жамланган.

У ерда ҳар куни уруш вақтида бу маданий бойликларни сақлаб қолиш учун нималар қилингани ҳақида фильм намойиш қилинади. Музейга кириш 3 евро.

Байрутда кўриш мумкин бўлган яна бир нарса бу катталиги бўйича дунёда иккинчи ўриндаги олмос. 971,75 каратли олмос обрўли заргарлар оиласидан бўлган Роберт Муаваданинг шахсий музейида сақланади. Музейга ислом санъати ва ноёб санамлар коллекцияси, қадимий китоблар ҳамда дунёнинг турли нуқталаридан жамланган заргарлик буюмлари намойиш этилади. Агарда тақинчоқлар олгингиз келиб қолса, Beirut Gold Souks ҳам беш дақиқалик узоқликда. Аммо нархлар бир мунча қиммат.

Азобланганлар ҳайкали

Ҳайкал Озодлик майдонида жойлашган. Бу 1916 йилда Усмонли туркларга қарши фитна уюштиришда айбланиб, қатлқ илинган ливияликларга ўрнатилган ёдкорлик. Дизайни бўйича мукаммал ишланган ҳайкални кўриш учун фақатгина маҳаллий аҳоли эмас, кўплаб туристлар ҳам келади.

Сурсак саройи

Николас Сурсак ўз саройини 1910 йлда қурдирган ва унга қадимий археологик топилмалар коллекциясини жойлаштирган. У ерга ҳар куни соат 10:00 дан 13:00 гача ва 16:00 дан 19:00 гача бепул кириш мумкин. Сарой соҳиби 1952 йилда вафот этгач, иншоот Байрут маъмуриятига ўтказилган ва васиятга кўра, замонавий санъат музейи бўлган. Николас Сурсакнинг шартларидан бири Байрут мэри музей раҳбари бўлиши керак эди.

Музей меҳмонлар учун 1961 йилда очилган. Бу саройда ливан ва халқаро адабий спектакллар намойиш қилинади.

Муҳаммад Амин масжиди

Масжид Байрутнинг тарихий қисмида Азобланганлар майдонида жойлашган ва Ливаннинг энг машҳур туристик обидаси ҳисобланади. Бу мамлакатдаги энг катта масжид ҳамда ички ва ташқи меъморчилиги бўйича энг чиройлиси ҳам.

Байрут каталашиб, аҳоли кўпайганда шаҳар марказида минглаб одамлани сиғдира оладиган масжид қуриш ғояси туғилган. Кейин қурилиш учун ер сотиб олиш бошланган ва 2000-йиллар бошида етарли майдон тайёр бўлгач, 1852 йилда қурилган Муҳаммад Амин масжиди ўрнида қурилиш бошланган.

Масжид асосан Ливан Бош вазири Рафиқ Харирининг ҳаракати ва хайриялари ҳисобига қурилган. Қурилиш 2002-2005 йилларда олиб борилган ва Бош вазир ўлдирилганда деярли битиб бўлган. Рафиқ Харири масжид ҳудудига дафн қилинган.

Масжид Мамлуклар ва Усмонлилар империяси меъморий услубини мужассамлаштирган ҳолда барпо этилган. Унинг арк ва деворлари тошлар билан қопланган ва Қуръон оятлари билан безатилган. Масжиднинг умумий майдони 10 711 м кв.

Эркаклар масжидга шимолий томондан, аёллар ғарбий томондан киради. Биринчи қаватда намоз ўқилидиган жой 3 700 мусулмонни сиғдира олади. Масжиднинг 4 та дарвозаси бор.

Байрут ўрмони

Байрут ўрмони пойтахтдаги омма учун очиқ бўлган энг катта яшил ҳудуд ҳисобланади. У Qasqas ва Tayouneh туманлари орасида жойлашган. Ўрмонда Ўртаер денгизида ноёб бўлган экзотик ўсимликлар ўсади. Ўрмон сайр қилиш, югуриш, кундалик спорт билан шуғулланиш учун душанба-жума кунлари соат 7:00 дан 14:00 гача очиқ бўлади.

XII асрда ўрмон майдони 12 квадрат милга тенг бўлган. Ҳозир эса тахминан 330 минг м кв. Бу 0,12 кв мил дегани.

Рим ҳаммомлари

Рим ҳаммомлари одамларга гигиенага амал қилиш учун хизмат қилган. Бундан ташқари, у ерда одамлар китоб ўқиган, янгиликлар билан бўлишган.

Рим ҳаммомлари 1968-69 йиларда Байрут марказида ишлаган. Ҳаммоннинг муҳим қисмлари:

•    кийим алмаштириш хонаси;
•    ички ховли;
•    совуқ, илиқ ва иссиқ хоналар;
•    дам олиш хонаси;

Ҳаммом поли мрамор ва мозаика билан қопланган.

Ҳа, кечагина улкан портлашдан силкинган Байрут илк давлатлар пайдо бўла бошлаганда юзага келган қадимий шаҳар. У ерда араб, Ўратер денгизи минтақаси ва бу ерларда ҳукмронлик қилган бошқа давлатлар маданиятининг унсурларини учратиш мумкин. Ливан ошхонаси ҳам жуда бой.

Шу ўринда сўнгги маълумотларга кўра, Байрутдаги портлаш қурбонлари сони 100 нафардан ошди. Ҳукумат етказилган зарарни 3-5 млрд доллар атрофида баҳолаяпти. Фалокат оқибатида 300 мингдан ортиқ байрутлик бошпанасиз қолган.

Ливан Президенти Мишель Ауннинг маълум қилишича, 2750 тонна аммоний нитрат портлаган. Бу модда 2014 йилда Rhosus кемасидан мусодара қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Байрут фожиаси

Баҳолаганлар

320

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг