Ниқобсиз брифинг ўтказган чехиялик вазирлар қаттиқ жазоланди
Олам
−
02 Апрель 2020
3420Кеча, 1 апрель куни Чехия социал-демократлар партияси вакиллари ҳимоя ниқобисиз видеобрифинг ўтказди ва бунинг учун уларнинг ҳар бири 10 минг крондан (400 АҚШ доллари атрофида) жарима тўлади. Бу ҳақда “жабрдийда”лардан бири, Бош вазир ўринбосари ва мамлакат ИИВ раҳбари Ян Гамачек маълум қилди.
Ҳукумат томонидан эълон қилинган карантин доирасида уйдан ташқарида бўлган барча фуқаролар юзларида ҳимоя ниқобларида бўлишлари талаб этилади. Бу қоидага амал қилмаганларга 10 минг кронгача жарима солиниши мумкин. Социал-демократ вазирлар иштирокидаги видео-брифингда иштирок этган журналистлардан бири нима учун уларда ҳимоя ниқоблари йўқлигини сўраган.
"Мен узр сўрайман. Бу хато эди, қоидалар ҳамма учун баробардир. Шунинг учун ўзимга белгиланган 10 минг кронни Motol шифохонаси ҳисобига ўтказдим", деб ёзди Гамачек Twitter’даги ўз саҳифасида.
Ўз навбатида, видеобрифингнинг яна бир иштирокчиси, Меҳнат вазирлиги раҳбари Яна Малачова ҳам Twitter орқали ўзи ва мамлакат ТИВ раҳбари ўринбосари бўлмиш эри Aлёша Хмеларж номидан узр сўради. Уларга белгиланган жаримани “Ҳаёт-90” жамоат ташкилоти ҳисобига ўтказишганини маълум қилди.
Чехияда 12 мартдан бошлаб фавқулодда ҳолат режими эълон қилинган. Кеча, 1 апрель куни ҳукумат уни 11 майгача узайтириш ниятини билдирди. Ушбу қарор 7 апрелда республика парламенти томонидан тасдиқланиши керак.
Сўнгги маълумотларга кўра, Чехияда коронавирусга 3 589 нафар одам чалинди. 61 бемор шифо топган бўлса, 39 киши вафот этди.
LiveБарчаси