Коронавирус “ўчоғи”да қурбонлар сони камая бошлади

Олам

image

Хитойдаги янги коронавирус “ўчоғи” Хубэй провинциясида қурбонлар сони камая бошлади. Провинция соғлиқни сақлаш минтақавий комиссиясининг маълум қилишича, сўнгги бир сутка ичида ушбу ҳудудда 100 киши вафот этган.

Шанба куни коронавирусдан ўлганлар 139 нафарни ташкил қилган. Шунингдек, вирусга чалиниш ҳолати 5 фоизга ортиб, 1933 нафарга тенг бўлган. Янги беморларнинг 90 фоизи Ухань шаҳридан аниқланган.

Маълумот учун, Хитой вирусни жиловлаш учун янги-янги чораларни қўллаяпти. Хусусан, Хубэйда тез ёрдам, полиция, ўт ўчирувчиларнинг хизмат машинасидан ташқари бошқа транспорт воситаларининг ҳаракати тақиқланди.

Вирус маркази Уханда аҳоли ўз туманини ҳам тарк этиши тақиқланди. 

Сўнгги маълумотларга кўра, Хубэйда 58 мингдан ортиқ коронавирусга чалинган бемор бор. У ерда 1700 га яқин одам вирусдан ҳалок бўлган.

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 28 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, АҚШ, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания, Бельгия ва Мисрда аниқланди.

Бугунгача вирусдан ҳалок бўлганлар 1775 нафарга, у билан касалланганлар 71 334 нафарга етди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. ЖССТ янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди.

Коронавирус бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой вирус

Баҳолаганлар

136

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг