Compass СКМ қурилиши ортидаги муаммолар: фуқаро ҳақми, ҳокимми ё инвестор?

Жамият

image

Катта шаҳарларнинг муаммолари ҳам катта бўлади. Бугун Тошкентда ер муаммоси энг долзарб масалалардан бўлиб турибди. Аҳоли баланд, осмонўпар бинолар қурилиши эвазига яшаб турган уйини бўшатиб, кўп қаватли уйларга ёки шаҳарнинг бошқа бир четидан тортиқ қилинган бошпанага кўчишга мажбур қолмоқда. Норозилар кўп, аммо эски, нураб қолган уйидан қутулганига шукр қилаётганлар ҳам йўқ эмас. 

Тошкентнинг Қўйлиқ даҳасида бир йилча аввал барпо этилган Compass савдо мажмуаси қурилиш ишларига 2016 йилда старт берилган эди. Ўша вақтларда ўнлаб уйлар бузилди. Эвазига эса инвестор томонидан уй эгаларига шаҳарнинг бошқа ҳудудларидан уй берилган. Ким иккита, ким учта... Ҳатто яшаб турган ҳовлисининг бузилиши учун 5-6 та квартира сўраганлар ва олганлар ҳам бор. Аммо, Compass қурилган майдонда 12 та хонадон бино тагида ўрага тушгандек қолиб кетган. Инвесторлар вақтида уларнинг уйини ҳам сотиб олишни ваъда қилган. 

Ўша вақтларда савдо мажмуаси ёнида Compass раҳбариятига қарашли бўлган қурилиш моллари савдо мажмуаси қурилиши режалаштирилган ва атрофдаги маҳаллалар, хусусан Нурафшон кўчасидаги аҳолининг розилиги олинган. Уйлар нархловдан ўтказилган. Бу орада ҳаш-паш дегунча уч йил ўтиб кетган. 

17 апрель куни Бектемир туманида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирокида ўтган сайёр қабулда кутилмаган ҳолатга дуч келдик. Ушбу йиғилишда фуқаролардан бири – Нурафшон кўчасида истиқомат қилиб келаётган Наташа Сафронова 3 йилдан буён уйи бузилмаётганидан шикоят қилди. 

“Биз бу уйда 5 киши яшаймиз. Онам, сингилларим ва ўғлим. Compass қурилаётганда бизга сизнинг уйларингиз ҳам бузилади, уларни биз сотиб оламиз, ўрнига сизларга уй берамиз дейишганди. Биз ўша вақтларда рози бўлдик. Мана, орадан 3 йил ўтди. Ўшандан буён мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. На уйимизни таъмир қила оламиз, на сотувга қўя оламиз. Уйимиз атрофида чаёнлар бор. Бу ерда яшашни тасаввур қиляпсизми. Бу уйлар бузилади деган гаплар чиққандан буён харидорлар назаридан қолган. Нарх тушиб кетган. Биз бу масалада бир неча бор инвесторларнинг вакилларига мурожаат қилдик. Улар эса талабимизни бажармаяпти, аксинча, айтганида туриб олиб, бизни рози қилмаяпти. Истасанг шу, истамасанг катта кўча дегандек, сариқ чақа билан овутмоқчи. Камига дўқ-пўписалар ҳам қилишади”, дея Ортиқхўжаевга мурожаат қилди. 

Жаҳонгир Ортиқхўжаев бу масалани ҳал этишда Тошкент шаҳар прокуратураси вакилига юзланиб, фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлашда ёрдам кўрсатиш кераклигини таъкидлади ва ушбу масала юзасидан инвесторларнинг вакилига юзланди. 

“Бугун ҳам раҳбариятингиз билан телефон орқали боғланган эдим. Шаҳарнинг жуда кўп нуқталарида сиз қураётган бинолардан шикоятлар бор. Одамларни рози қилмаётган экансиз. Президент фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорида одамларни рози қилиб, ўрнига ўрин уй олиб бериб, сўнг қурилиш қилиш керак деб ёзиб қўйилган. Буни бузишга эса ҳаққингиз йўқ”, деди Ортиқхўжаев. 

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Compass вакили Ортиқхўжаев ва фуқаро Наташа Сафроновага юзланди. 

“Биз барчасининг қонуний бўлиши тарафдоримиз. Албатта, ер керак, қурилиш қилмоқчимиз. Лекин фуқаронинг талабини қондиролмаймиз. Сафронова 2,5 сотих майдонни эгаллаб турган 3 хоналик эски уйи учун 3 та 2 хоналик квартира талаб қиляпти. Биз эса унга битта уч хоналик ёки битта 2 хоналик, битта 1 хоналик квартира олиб беришни таклиф қилдик. У рози бўлмади. Шу боис бу масала анчадан буён ечимини топмаяпти. Муаммо фақат Сафронова билан эмас, маҳалладаги икки-уч киши билан шундай вазиятга дуч келинган”, дейди Compass вакили. 

Ортиқхўжаев вазиятга ҳам тадбиркор ва фуқаронинг тарафидан қараб, учрашувда журналистлар бўлса, мана шу масала ОАВда ёритилишини илтимос қилди. “2,5 сотих майдонни эгаллаб турган 3 хоналик эски уй учун 3 та 2 хоналик квартира олиб берилмайди. Бу аниқ! Мен бунда фуқаромизнинг талабини тўғри, деб баҳоламайман. Унинг уйини ҳеч ким бузаётгани йўқ. Истаса, яшайверсин, лекин яшашни ҳам истамаяпти. Мен инвесторга бошқа таклиф киритаман. Марҳамат, агар сизга бу ер керак бўлса, Сафроновани ҳам рози қилинг. Шаҳарнинг бошқа туманида 4 сотихлик, 5 хонадан иборат янги уй олиб беринг, таъмирлаб, Сафроновани ўша уйга жойлаштиринг. Ҳам хоналари, ҳам ери кенгаяди. Қолаверса, янги таъмирланган уйда яшай бошлайди”, деди Ортиқхўжаев.

Compass вакили ҳокимнинг бу фикрини қўллаб-қувватлади. Бу борада ҳозироқ ишга киришиш мумкинлигини айтди. Бироқ, фуқаро Сафронова “мен рози эмасман. Нимага 2016 йилда уйи бузилган қўшниларим 6-7 та уй олишди, нега менга бермаяпсиз, нега адолатсизлик қиляпсиз, ахир мен хастаман. Уй онамнинг номида, яхшиси бу масалани онамнинг ёнига бориб, у билан ҳал қилинг”, дея зални тарк этди. 

Бундай вазиятда на ҳокимни, на инвесторни ва на фуқарони оқлаш фикридан йироқмиз. Албатта, мусичанинг ҳам ини бузилмасин деган гап бор халқда. Лекин, уйи бузилишини инвестордан ҳам кўпроқ фуқаронинг ўзи хоҳлаяпти ва бу вазиятдан унумли фойдаланиб қолиб, нураб ётган уйи эвазига 3 та квартирали бўлиш ниятида. Бошқа тарафдан қараса, унинг ҳам гапида жон бор: Compass қурилганидан кейин кўчадаги 12 та уйнинг тақдири ярим йўлда қолиб кетган. Бу орада уйларнинг нархи тушган. 

Вазиятга баҳо бериш қийин. Яшаб турган уйига қанча ҳақ сўраш ҳар кимнинг ўз хоҳиши. Бироқ, бозор муносабатларида талабга яраша таклиф қоидаси бор. Бунда мувозанат бузилса, албатта, иш пишмайди. Сафронова эса на ўша уйда яшашни истаяпти ва на уни бошқа уйга алмаштиришни. Ҳар ҳолда унга берилган иккинчи таклиф – 4 сотихлик янги ҳовли эски уйидан яхшироқ танлов бўлиши аниқ. 

Аслида бу масалаларни қонун йўли билан ҳал этиш учун етарли асос бор. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида” низом тасдиқланган. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги “Ўзбекистон республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонида бундай масалаларни ҳал этиш бўйича кўрсатмалар аниқ берилган. Фақат масала қарор ёки расмий ҳужжатларга эмас, икки тарафнинг виждонига, бунга бош бўлиб турган ҳокимлик вакилларининг инсофига қоляпти. 

Аслида мазкур қурилиш лойиҳасини амалга оширишда бош-бошидан хатоликларга йўл қўйилгани аниқ. Инвестор ўзига керакли ҳудуддаги уйларни сотиб олган, ўрнига эса янги бино қурган. Атрофдаги уйлар эса ой юзидаги доғдек қолиб кетаверган. Бу эса ўз-ўзидан бинонинг умимий қиёфасига таъсир кўрсатади. Ва кун келиб, хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам бузамиз, дейилишига олиб келади. Аслида энг бошидан мақсад шу бўлгандир, балки. Буниси бизга қоронғу. 

Адолат масаласига келсак, у шу қадар нозик ва ҳассоски, уни на ҳоким, на инвестор ва на уй эгаси тута оляпти. Одамлар ўзига бир саволни берганда ўша адолатга яқин боради, бизнингча: унинг ўрнида бўлсам, мен нима қилардим?
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

49

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг