...
МЕНЮ
ONLINE TV

Чегарадан ўтиш Навоий кутубхонасига киришдан осонроқ


14:07, 15.09.2018 Таҳлил
 6 245

Пойтахт марказида савлат тўкиб турган бу бинонинг ҳайбати отни ҳуркитади. Эшик олди тумонат одам. Кираверишда хавфсизлик важидан иккита детектор ўрнатилган.

Ҳамза Жумаев, журналист: 

Ўқувчилик пайтимизда борган кутубхоналаримиз эски бинолар эди, мебеллар уриниб қолган, китоблар сарғайиб кетган.... Лекин у пайтларда кутубхоналарнинг файзи бошқача эди. Эшикдан киришингиз билан кутубхоначи опалар гўзал табассум билан кутиб олишар, уларнинг қўлидан жон деб китоб олиб ўқигингиз келарди.
 
Вақтлар ўтди. Китоб борган сайин кам ўқиладиган, ҳатто? жавон бўш турмаслиги учун сотиб олинадиган ёки безак учун ишлатиладиган бўлди. Айниқса, ахборот технологияларининг тараққиёти китобга бўлган муҳаббат ва қизиқишнинг сусайишига олиб келди. Китобсиз барибир ҳеч қандай келажак йўқлигини бутун дунё тан олгани билан камдан кам давлатлар бунинг амалий ечимига эътибор қаратди. Ўша кам сонли мамлакатлар қаторида Ўзбекистон ҳукумати китобнинг аҳамиятини юксалтириш, китобхонликни кенг тарғиб этиш чорларини кўрди ва кўриб келмоқда. Уларни санаб ўтиришга ҳожат йўқ.
 
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси. Пойтахт марказида савлат тўкиб турган бу бинонинг ҳайбати отни ҳуркитади. Эшик олди тумонат одам. Кираверишда хавфсизлик важидан иккита детектор ўрнатилган. Унинг биридан эркаклар, иккинчисидан аёллар ўтиши керак. Биринчи тирбандлик айнан шу ерда. Бунисига, ҳа майли, хавфсизлик нуқтаи назаридан шундай бўлиши керак, деб кўнасиз. Лекин ичкарига ўтгач, қайдхонага бор, пул тўла, рухсатнома ол каби қатор жараёнлар талаб қилинади. Ҳар бир туйнукнинг олди тўла одам.
 
Мен икки ҳамкасбим билан у ерга бу нарсаларни кўриш ёки “уриш” мақсадида бормаган эдик. Шунчаки, шунақа ҳолат устидан чиқиб қолдик. Мақсадимиз, Президент ташаббуси билан ташкил этилган, миллионлаб ёшларни қизиқтирган, жамиятга китобни “қайтариш”га хизмат қилаётган “Ёш китобхон” танлови учун 30 сониялик видеоролик тайёрлаш эди. Бунинг учун аввало кутубхонанинг ўқув залини ва бошқа нуқталарни бирров кўздан кечириш эди. Чунки, бу мавзуда ролик тайёрлаш учун энг мақбул жой айнан шу кутубхона, деб ўйлагандик. Кутубхона жамоаси бу таклифимизни жон деб қабул қилади, ахир бир томондан китоб тарғиботи уларнинг ҳам вазифаси-ку, деган фикрда боргандик. Афсуски, фикримиз бир жойдан чиқмади.
 
Кутубхонанинг биринчи детекторидан амаллаб кирдик. Маълумот бергувчи туйнукка бош суқиб, мақсадимизни айтдик. Кутиб туришимизни, ҳозир бир ходим тушишини айтишди. Ҳаммага бағрини очиб кутиб олиши керак бўлган мўътабар маскан менга торлик қила бошлади. Ходим келди. Унга мақсадни яна бир бор тушунтирдик. У биздан тасвирга олиш учун расман хат лозимлигини айтди. Биз эса аввал кўришимиз, жой маъқул келса сўнг хат беражагимизни тушунтирдик. Шунда бошқа бир аёл ходима сал жонимизга оро кирди. Бўлди ҳужжатингизни кўрсатиб киринглар, дея бизни кейинги эшик сари бошлади. У ерда яна бир ички ишлар ходими олдимизни тўсиб, бир марталик рухсатнома ёздиринглар, деб талаб қўйди. Хуллас, хизмат гувоҳномамиз ҳам, гапларимиз ва тушунтиришларимиз ҳам иш бермади. Бино ичида юрган юзлаб одамлар орасида энг хавфли шахсларга ўхшаб қолдик. Модомики, бир кўриб чиқиш шунчалик муаммо экан, тасвирга олиш учун бизни қандай чиғириқ ва асаббузарлик кутаётганини тасаввур қилдигу йўлимиздан қайтдик. Майли узр, сизларда қоғозбозлик кучли экан, соғ бўлинглар, деб хайрлашдик.
 
Биз-ку тасвирга олиш ишлари учун бошка кутубхона топдик хам, келишдик хам. Шу билан ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолиши мумкин эди. Лекин, мен ўзим дуч келган ҳолатда жим туриш оддий одамларнинг, китобсеварларнинг кутубхонадан оёғини тортишига сабаб бўлиши мумкинлиги учун ҳам бу гапларни ёздим. Ҳатто, стратегик давлат биноларига кириш тартиби ҳам Ўзбекистон Миллий кутубхонасига киришдан анча осон. Бир келган одамга бу ердаги сарсонлик, яна қайта келиш иштиёқини сўндиришга қаратилгандек туюлади. Бир пайтлар пойтахтга иш билан келган одамлар, икки уч соат кутиш керак булса, айнан шу кутубхона (эски биноси)га кириб китоб ўқиганларини кўрганман. Йўлдан ўтиб кета туриб ҳам бир кириб чиқиш мумкин бўлган бу масканга ҳар тугул яхши ниятда келинади. Бу ниятнинг номи – китоб ўқиш, илм ўрганиш.
 
Нега ёшлар тунги клублару, айшхоналарга боради, деб аюҳаннос солгандан кўра, кутубхоналарга магнитнинг итарадиган эмас, тортадиган томонини ўрнатиш керак, назаримда. Руҳан зўриқтирадиган жойдан эса на илм, на тасалли топиб бўлади.

Теглар:Ўзбекистон Миллий кутубхонаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!