... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Чегара масалалари нима бўлади? Комилов: “Ҳаёт мураккаб...”


19:02, 11.11.2017 Жамият
 8 003

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов имзоланган ҳужжатлар устида узоқ ва пухта ишланганини билдирди ва журналист саволига қуйидагича жавоб қайтарди...

Аввал хабар берганимиздек, 10–11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида БМТ шафелигида ўтказилган “Марказий Осиё: Ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида уч давлатнинг чегаралари туташган нуқтаси жойлашган ўрнини аниқлаш ва унинг ҳудудида давлат чегараларини делимитация қилиш мақсадида уч томонлама ҳужжат имзоланди.
 
Бугун, 11 ноябрь куни Халқаро конференция ишининг якуни юзасидан ўтказилган Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловга “Qalampir.uz” сайти раҳбари Қамариддин Шайхов қуйидаги савол билан мурожаат қилди:
 
“Учала мамлакат ўртасида бирор муаммо чиқгудек бўлса, бу чегара юзасидан имзоланган янги ҳужжатга таъсир ўтказадими?”
 
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ушбу ҳужжатлар устида узоқ ва пухта ишланганини айтар экан, саволга қуйидагича жавоб қайтарди:
 
“...Мамлакатлар ўртасида қандайдир тушунмовчилик ва муаммо чиқса, бу ҳужжатга ҳеч қандай таъсири бўлмайди. Уч томонлама шартнома мисолида олиб қарасак, шартнома икки давлат эмас, уч мамлакат ўртасида имзоланди. Бу ҳужжатлар ратификация қилингандан сўнг, биз уларни БМТга юборамиз. Бу эса ҳужжатни халқаро жиҳатдан кафолатлайди ва, шубҳасиз, буни бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
 
Чегараларни делимитация қилиш — бу жуда мураккаб ва жуда оғир жараён. Биз Қирғизистон билан 85 фоиз чегарамизни келишиб, делимитациядан ўтказдик. Лекин 15 фоизи қолди, бироқ бу ҳам осон иш эмас. Келажакда бу борадаги ҳамкорликни давом эттирамиз.

Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, чегара қисмларининг жуда оғир ҳудудлари бор. Қирғизистоннинг ичкарисида кичик-кичик анклавлар бор ва у ерда ўзбек аҳолиси яшайди. Хўш, нима қилиш керак? Тўғридан тўғри йўл йўқ, ё йўл очишимиз керак, ё ўзаро келушувга бориш керак. Уларнинг манфаатларини Ўзбекистон ҳимоя қилиши лозим.
 
Бу ерда гап фақат чегара эмас, 1 нафарми, 5 нафарми, ўша ердаги Ўзбекистон фуқаролари ҳақида кетяпти. Биз уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиб, керакли шароитларни яратиб беришимиз керак.
 
Албатта, имзоланган ҳужжатлар юзасидан шубҳалар туғилиши табиий. Бу ҳужжатларни кичик гуруҳ имзолаётгани йўқ. Биринчидан, ҳукумат иштироки бор. Иккинчидан, бу ҳужжат парламентдан ратификациядан ўтади. Учинчидан, ҳужжат БМТга топширилади. БМТ эса шубҳа уйғонмаслигига кафолат беради. Ҳаёт мураккаб, буёғини кўрамиз...”

Теглар:Самарқанддаги конференция Чегаралар Қамариддин Шайхов Абдулазиз Комилов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар