Тошкентда “шумахерлик қилган” ҳокимнинг ўғли шериклари билан ота-болани калтаклагани маълум бўлди

Жамият

Сентябрь ойи охирида Олмалиқ шаҳри ҳокими Усмон Раҳимовнинг ўғли Дилшод Исмоилов Тошкентда соатига 150 километр тезликда машина ҳайдагани акс этган видео тарқалиб, жамоатчилик норозилигига сабаб бўлганди. Бунинг учун у жаримага тортилган. Расмий маълумотларга кўра, у икки йилда 16 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузган.

Орадан кўп ўтмай, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига Дилшод Исмоилов Тошкентдаги оммавий жанжалга алоқадорлиги маълум бўлди. Блогер Никита Макаренконинг маълум қилишича, ҳокимнинг ўғли безорилик билан боғлиқ жиноий ишга ҳам аралашган.

Блогер ўз каналида бир гуруҳ ёшлар кўчада икки кишини ураётгани акс этган видеони эълон қилди. У видео ва суратни канали ўқувчиси юборганини айтган. Ўқувчининг маълум қилишича, ҳокимнинг ўғли ва унинг тўрт нафар ўртоғи мазкур фуқарога ва унинг 56 ёшли отасига ҳужум қилган ва уларни калтаклаган. Ёшлар бейсбол таёғи билан 56 ёшли эркакнинг қўлини синдирган.

Видеода Дилшод Исмоиловни йўл-йўл чизиқли футболкада кўриш мумкин. Расмда эса унинг қўлида қурол борлиги кўринади.

Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Тошкент шаҳар ИИББ бу жиноий иш ҳақида жорий йилнинг 11 июнида хабар берган.

Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, воқеа 8 июнь куни Тошкент шаҳар Яккасарой туманида юз берган. Яшнобод туманида яшовчи 20 ёшли Мирбосит М., 19 ёшли Элмурод Д., 20 ёшли Ҳумоюн А. ва Яшнобод туманида яшовчи 20 ёшли Дилшод И. безорилик қилиб, 56 ёшли Шавкат М. ва 30 ёшли Лазиз М.га тан жароҳатлари етказган.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот котиби Ирина Сайфутдинованинг QALAMPIR.UZ`га маълум қилишича, мазкур жиноий иш бўйича тергов давом этяпти. Тез орада иш материаллари судга юборилади.


Мақола муаллифи

Теглар

безорилик

Баҳолаганлар

928

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг