Коронавирус деб, одамларни қириб ташлашимиз керакмас – Тез ёрдам шифокори ССВга таклиф билан чиқди

Жамият

Ижтимоий тармоқларда тез тиббий ёрдам шифокорининг мамлакат соғлиқни сақлаш тизимида юз берган инқирозга шахсий изоҳи акс этган видео тарқалди. Ўзини Аташаев Ҳусан деб таништирган тиббиёт ходими вазиятни ечиш учун ўз таклифини ҳам билдириб ўтган.

Шифокорнинг таъкидлашича, бугунги кунда тез тиббий ёрдамга бўлаётган чақирувлар сони 2-3 баробар кўпайган. Ўз ўзидан кечикишлар сони ҳам кўпайиб боряпти.

“Тез тиббий ёрдамнинг 80, 90 ва 100 фоизгача кечикиши кўпайяпти. 3 кун ичида 43 та одам ўлди дейишди. Уларнинг бари COVID-19 дан ўлаётгани йўқ. Ўз вақтида ёрдам кўрсатилмагани учун ўляпти. Нега? Чунки 3 соатда борган тез тиббий ёрдам тез тиббий ёрдам ҳисобланмайди. 1 соатда борса ҳам. Бизда 3, 4, 5 ,6 соатлаб кечикиб боряпти”, дейди шифокор.

У сўзида давом этиб тез ёрдам нега кечикаётганига тўхталиб ўтган. Шифокорнинг айтишича, иситмалаш, ҳарорат кўтарилиши тез тиббий ёрдамнинг ишига кирмайди.

“Иситмалаётган беморнинг даволанаши, унга ёрдам кўрсатиш, айниқса, коронавирус тарқалган жойда тез тиббий ёрдамнинг ишига кирмайди. Чунки иситмалаётган одамларнинг 90 фоизида COVID-19 бор ёки атипик зотилжам ҳозир тарқалган. Тез тиббий ёрдамга шамоллаш билан мурожаат қилиш кўпайиб кетди. 30 фоизга етди. Бу ҳали ошиб боради ва ҳозир ишлаб турган тез тиббий ёрдам ҳам ишламай қолади”, дейди шифокор Аташаев.

Унинг таъкидлашича, ҳар ким ўз вазифасини қилиши керак. Тез ёрдам шошилинч ёрдам кўрсатиши керак, иситмалаётган одам билан поликлиника ва санитария-эпидемиология маркази шуғулланиши керак. Шифокор бу масалага ўз ечимини ҳам таклиф қилган. 

“Ҳар бир поликлиникада туну кун ишлайдиган тиббий пункт очилиши керак ва туну кун ишлайдиган Damas автомобили, шифокор, фельдшер ёки ҳамшира бўлиши керак. Улар нима қилади? Масалан, бир суткада ҳар бир поликлиникага 25-30 та иситмалаган мурожаат тушади. Аммо шифокор уйга бормаяпти, тез ёрдам чақир деяпти. Чунки шифокор боргиси келмаяпти. Поликлиниканинг ўзига иситмалаган одам киритилмаяпти”, дейди у юз бераётган ҳолатни тасвирлаб.

Шифокор, натижада одамлар 10 кунлаб иситмалаб, қолиб кетаётганини айтиб ўтди. Унинг таъкидлашича, тез тиббий ёрдам иситма тушуриш учун боради, даволаш учун эмас. Шу сабабли, Ҳусан Аташаев ССВга таклиф билан чиқди.

“Ҳар бир поликлиникада ҳеч бўлмаганда биттадан шифокор, ҳамшира бир суткада бир ишлайдиган бўлса ва фақатгина иситмалаганга борса, биринчи ёрдамни кўрсатади ва даволайди. Керак бўлса коронавирусга суртма ҳам оладиган бўлсин. Шуни қилмаса, COVID-19 баҳона бошқа одамлар ҳам тез ёрдам кутиб, ўлиб кетаверади. Ҳозир коронавирусдан кўра, тез тиббий ёрдам вақтида бормаслигидан ўлим кўпайиб кетяпти. Аҳвол оғирлашиб қолди”, дейди шифокор.

Тиббиёт ходимининг сўзларига кўра, тез тиббий ёрда аввалдан поликлиниканинг ишини қилган. Амбулатор беморларга ҳам қарар эди. Энди эса эпидемия тарқалган вақтдаги юкламани ҳам бўйнига олган ва натижада ёрдам 3-4 соатлаб кечикяпти.

“Кечикишига асосий сабаб иситмалаётган одам осма укол олади. Уни ким қилади? Ҳеч ким қилмайди. Ҳатто, хусусий клиника ҳам ҳарорат юқори бўлса, осма укол қилмайди. Поликлиникадан ҳеч ким чиқмайди, натижада тез тиббий ёрдамга мурожаат қилинади. Бу вақт олади. 

Бунинг яна бир томони, иситмалаётган одамни шифохонага ётқизиб бўлмайди. Унга “бориб, COVID-19 га текширтириб кел”, дейди. У то боргунча, касал бўлади. Биз биргина коронавирус деб, одамларни қириб ташлашимиз керакмас. Тўғри, у билан ҳам курашиш керак. COVID-19 учун поликлиникада махсус ўқитилган одамлар бўлиши, коронавирусни даволаш стандардларини биладиган. Ўшанда тез тиббий ёрдам ўз ишини қилсин. Томдан тушиб кетса-да, 3 соатдан кейин келса, бемор ўлса; ошқозондан қон кетяпти, 3 соатда борса, ўлиб қолган деб келса... Нимага бу? Соғлиқни сақлаш вазирлиги қаерга қараяпти, наҳотки шуни тушунмаяпти? Тушунишни ҳам истамаяпти”, дейди Ҳусан Аташаев.

Шифокор тез тиббий ёрдам ходимлари ҳам COVID-19 га чалинса, ким ишлайди деб савол берган. Поликлиникадагилар тез ёрдамда ишлолмайди. Унинг таъкидлашича, қўшимча автомобиль берилгани билан унда ишлайдиган одам йўқ.

“Чунки ҳаммаси иситмалаб ётибди, бюллетенга чиқиб кетяпти. Ким ишлайди? “15 дақиқада келадиган қиляпмиз” дейди. Нотўғри гап бу. Поликлиникада туну кун ишлайдиган тиббий пункт очиш керак ҳам поликлиника ҳудудида иситмалаётганларга тезкор ёрдам кўрсатиш учун мобил гуруҳ ишлаши керак”, дейди Аташаев.

У фикрини давом эттириб, поликлиника ҳудуди у қадар катта эмаслигини ва 20-30 беморни кўриш учун бензин ҳам кўп кетмаслигини қўшимча қилган.

“Энг яхши томони иситмалаб ётган беморга эътибор кучаяди. Иккинчидан, тест олиш ҳам осон бўлади. Ҳозир бутун шаҳарни айланиб, тест топширишяпти. Касаллик юқиб кетяпти. Уй шароитида суртма олиш мумкин. Поликлиника лабораториясида “мазок” текширадиган шароит қилиш керак.

Шунда тез тиббий ёрдам кечикиб келмайди, одамлар ўлмайди. Иккинчидан поликлиникада коронавирус стандартларини биладиган одам бўлса, бунинг учун қисқа курсда ўқиса етарли. Яна иситмалаган одамни алоҳидалаш ҳақида гапиришади. Халқни орасида бундай нарса йўқ. Биттаси иситмалаб ётибди, ўнта одам ниқобсиз атрофида ўтирибди. Бир бирига юқиб кетяпти. Шу ҳам коронавирус кўпайиб кетишига асосий сабаблардан биттаси.

Карантинни кечки пайт жорий қилиш керак. Кундузи касал юқиши кам. Вирус қуёш нурида ўлади. Қуёш нури бўлмаса, бинафша нури ҳам бўлмайди, вирус ҳам ўлмайди. Натижада узоқ вақт сақланади. Асосан кечки пайт юқади.

Кечки пайт соат 19:00 дан кейин ҳеч ким юрмасин. Дўконларнинг ҳаммасини ёпиш, машиналар юрмаслиги керак. Одамлар ишлайверсин, шифохоналар очиқ бўлсин. Лекин кечки пайт ҳамма жой ёпилиши керак. Фақат тез тиббий ёрдам ва милиция ходимлари юрсин”, дея таъкидлаган шифокор.

Унинг фикрича, вирус салқинда узоқ вақт сақланади ва тарқалиш имконияти ҳам кенгаяди.

“Бу билан кундузи ниқобсиз юринглар демоқчимасман. Фақатгина кундузи юқиш эҳтимоли кам. Чунки қуёш нуридан келаётган ультрабинафша нури вируснинг узоқ сақланишига қўймайди. 90-95 фоиз кечки пайт юқади. Яққол мисол, кечки пайт тўй қилганда юқиб кетяпти. Кечаси фаол бўладиган муассасаларни ёпиш керак. Халқ ҳозир нима қиляпти? Кундузи карантинда ўтирибди, кечки пайт чиқиб кетяпти. Натижада вирус юқиб кетяпти. Биттаси карта ўйнаяпти, нарда ўйнаяпти, шахмат ўйнаяпти, аёллар бир бири билан гаплашиб ўтирибди... Тунги ва кечки сменани йўқотиш керак. Дўконлар соат 18:00 гача ишласин”, деб шифокор таклифини билдириб.

У карантин кечки пайт соат 19:00 дан эрталаб соат 7:00 гача қилишни тавсия қилган.

Қайд этиш керак, бугун Ўзбекистон Президенти пандемия масаласида йиғилиш ўтказиб, поликлиникаларни 24 соатлик иш режимига ўтказишга кўрсатма берганди. Бунга Бош вазир ўринбосари беҳзод Мусаев масъул этиб белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

1500

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг