ЕЧЛ. “Реал Мадрид” – “Манчестер Сити”. Ёхуд Зидан ва Гвардиола тўқнашуви

Спорт

image

Кеча Европа чемпионлар лигаси 1/8 финал босқичи дастлабки учрашувлари бўлиб ўтди. 

Бугун ушбу босқичнинг қолган ўйинлари бўлиб ўтади. Унда мусобақанинг марказий учрашуви, дея таърифланаётган “Реал Мадрид” ва “Манчестер Сити” жамоалари тўқнашади.

Шунинг учун ҳам бугун эътиборимизни бўлиб ўтадиган “Реал Мадрид” ва “Манчестер Сити” жамоалари ўртасидаги учрашувга қаратганмиз.

Мадриднинг “Реал” жамоаси ўз уйида Манчестернинг “Манчестер Сити” жамоасини қабул қилади. Ушбу учрашувни кўпчилик футбол мутасаддилари ва футбол мухлислари орзиқиб кутишмоқда. Сабаби, бугунги баҳсда “Реал Мадрид” ва “Манчестер Сити” жамоалари ўртасидаги баҳсдан ташқари, яна бир ўзига ҳос тўқнашув бизни кутиб турибди. Бугун футбол оламидаги энг кучли мураббийлар Зинедин Зидан ва Хосеп Гвардиола қарамақаршилигини гувоҳи бўламиз. Хўш, бугун бўлиб ўтадиган “Реал Мадрид” ва “Манчестер Сити” жамоалари ўртасидаги ўйин яна нимаси билан марказий учрашув мақомига тенглаштирилмоқда? Ҳозирги кунда Англиянинг “Манчестер Сити” жамоаси ўз чемпионатида тенгсиз жамоалардан бири ҳисобланса, Испаниянинг “Реал Мадрид” клуби ЕЧЛ мусобақасида тенгсиз жамоа, дея таърифланмоқда. Бунга бир қатор мисоллар келтириш мумкин. Масалан, мадридликлар Европа чемпионлар лигаси мусобақасини кетма-кет 3 маротаба қўлга киритган ягона жамоа бўлиб турибди. Ҳозирги кунга қадар бундай натижани ҳеч бир жамоа қайд эта олмаган. 

“Шаҳарликлар”ни ушбу мусобақада фаворитлар қаторига киритишмаяпти. Сабаби, “Манчестер Сити” шу кунгача Европа чемпионлар лигаси тарихида бирор маротаба ҳам ғалаба қозона олмаган. Жамоага Хосеп Гвардиола келганидан сўнг “Манчестер Сити” мазмунли ўйин кўрсата бошлади. 2 йил кетма-кет АПЛ чемпионлигини қўлга киритди. ЕЧЛ мусобақасида ҳам яхши натижа қайд эта бошлади. “Манчестер Сити” “Реал Мадрид” тўсиғидан ўта оладими-йўқми, бугун тунда бўлиб ўтадиган тўқнашувда буни билиб оламиз.

Ушбу жамоаларнинг ўзаро статистикаларига тўхталадиган бўлсак, улар Европа чемпионлар лигасида бор-йўғи 6 маротаба тўқнаш келишган. Жамоалар 4 маротаба Европа чемпионлар мусобақасида, 2 маротаба Халқаро мусобақада тўқнаш келишган. Ўтказилган барча ўйинларнинг 3 тасида “қироллик клуби”нинг қўли баланд келган. 2 маротаба дуранг натижа қайд этилган. 1 маротаба “шаҳарликлар” рақибларини мағлуб этишган. Энг қизиғи, ушбу жамоалари сўнгги бор тўқнаш келишганида, “шаҳарликлар” рақибларини йирик ҳисобда мағлубиятга учратишган. Ушбу баҳс Халқаро мусобақа доирасида бўлиб ўтган. “Манчестер Сити” бирор маротаба ҳам ЕЧЛ мусобақасида “Реал Мадрид” жамоасини мағлубиятга учрата олмаган. Бундан кўриниб турибдики, Зинедин Зидан жамоаси бугунги учрашувда асосий фаворит бўлиб турибди. 

Ушбу баҳс олдидан иккала жамоалар мураббийлари ўйин ҳақида ўз фикрларини қуйидагича баён этишди:

Зинедин Зидан, “Реал Марид”нинг мураббийи:  

— Ҳар доимгидек мухлисларимиз биз билан фахрланишини хоҳлаймиз. Шунинг учун ҳам бугун максимум натижани қайд этишимиз керак. Ушбу ўйинда ғалаба қозонишимиз шарт. 

Бугунги рақибимиз ҳақида гапирадиган бўлсам, “Манчестер Сити” ажойиб жамоа, буни улар исботлаб бўлишган. Бугун “Реал” ва “Ман Сити” жамоалари тўқнашишади, Гвардиола ва Зидан эмас. Бу йирик мусобақадаги энг муҳим учрашув. Шунинг учун ҳам муҳлислар шиддатли футбол кўришни исташади. “Шаҳарликлар”га қарши баҳс олиб боришимиздан ҳурсандмиз, сабаби, биз бундай ўйинларни яхши кўрамиз.

Хосеп Гвардиола, “Манчестер Сити” мураббийи:

— Мен яна бир бор “Сантьяго Бернабеу”га қайтяпман, бундан ҳурсандман. “Барселона” жамоасига мураббийлик қилган пайтимда ушбу стадионда "Реал Мадрид” жамоасига қарши бир қатор учрашувларда ғалаба қозонганман ва мағлубиятга учраганман. Европа чемпионлар лигасида ушбу стадионда ўйин ўтказиш ҳар бир футболчи ва мураббий учун фахр.
 
Биз “Реал Мадрид”га қарши бўлиб ўтадиган икки учрашув учун ҳам тайёрмиз. “Қироллик клуби”ни мағлуб этиб кейинги босқичга чиқишни истаймиз. Биз бу баҳсда ғалаба қозониш учун бор имкониятларимиздан фойдаланамиз. Рақибимизни кучсиз, деб айтмаган бўлардим. Сабаби, “Реал Мадрид” жамоасини дунёнинг энг кучли мураббийларидан бири Зинедин Зидан бошқармоқда. Ушбу мусобақада Зидан қайд этган натижани ҳеч бир мураббий такрорлай олмаса керак.

Эслатиб ўтамиз, ЕЧЛ мусобақаси 1/8 финал босқичидан ўрин олган “Реал Мадрид” – “Манчестер Сити” жамоалари ўртасидаги учрашув соат 01:00да бошланади.

Жаҳонгир Сотволдиев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Манчестер Сити Хосеп Гвардиола Зинедин Зидан Реал Мадрид

Баҳолаганлар

69

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг