Трактор бўлакларга бўлиниб кетди. Сурхондарёда ҳалокатли ЙТҲ содир бўлди
Жамият
−
08 Май 2020
22763Жорий йилнинг 3 май куни Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида Captiva ва “Т-28” русумли трактор иштирокида автоҳалокат юз берди. Оқибатда бир киши ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Мудҳиш ҳодиса шу куни 16:30 да туманнинг "Арслонбойли" маҳалласидан ўтувчи йўлда юз беради. 73 ёшли фуқаро Б.Ш. Captiva русумли автоулови билан ҳаракатланиб келаётганида бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши томондан келаётган 34 ёшли фуқаро А.Ж.нинг бошқарувидаги “Т-28” русумли трактор йўлига чиқиб кетади ва йўл транспорт ҳодисасини содир этади.
Оқибатда "Т-28” русумли трактор йўловчиси вояга етмаган 7-синф ўқувчиси 13 ёшли Ш.Ж. тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилади. Афсуски, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, болакай кеча, 7 май куни шифохонада вафот этди.
“Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган”, дейилади хабарда.