Ўзбекистонда яна 5 нафар бемор коронавирусни енгиб ўтди
Жамият
−
30 Апрель 2020
6049Самарқанд ва Сурхондарё вилоятида жами 5 нафар бемор коронавирусдан буткул соғайди. Бу ҳақда бугун, 30 апрель куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
“Самарқанд вилоятида 3 нафар, Сурхондарё вилоятида эса 2 нафар, жами 5 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор тузалиб чиқди. Улар вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.“, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Самарқандда соғайганларнинг 1 нафари 39 ёшли эркак, қолган 2 нафари эса 39 ёшли ва 18 ёшли аёллар бўлиб, барчаси ушбу вилоятдан. Улар коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган.
Шунингдек, Сурхондарёда тузалиб чиққанлар 31 ёшли ва 30 ёшли эркаклар бўлиб, иккиси ҳам Қашқадарё вилоятидан. Жорий йил 27 март куни Москва-Термиз йўналишида чартер рейсда келган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, шифохонага ётқизилган. Вилоятда шу пайтга қадар 18 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 20 нафарга етди.
Шундай қилиб, мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 1108 нафарни ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда мамлакатда коронавирус юқтирганлар 2017 нафарга етди. Бугунгача беморларнинг 9 нафари вафот этган.
LiveБарчаси