Парламент тезкор ва махсус транспортларга йўл бермаганлик учун жаримани оширишни рад қилди

Жамият

image

Ички ишлар вазирлиги тезкор ва махсус транспорт воситаларининг тўсиқсиз ўтиб кетишига ҳалақит бериш ҳолатлари учун жарималарни оширишни таклиф қилди. Бу ҳақда “Миллий тикланиш” демократик партияси ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

Олий Мажлис депутати ва “Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров партияси фракцияси вазирликнинг бу таклифига рад жавоби берганини маълум қилди.

ИИВ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-модда 5-қўшимчасининг биринчи ва учинчи қисмига ўзгартириш киритишни таклиф этган. Унга кўра, биринчи қисмда тезкор ва махсус хизмат транспорт воситаларини тўсиқсиз ўтиб кетишига халақит қилинса жариманинг амалдаги 5 баробар базавий ҳисоблаш миқдорини 10 баробаргача кўтариш, учинчи қисмда, шу ҳолат такроран содир этилса амалдаги 20 базавий ҳисоблаш миқдорини 25 баробарга кўтариш таклиф қилинмоқда.

Тезкор ва махсус хизмат транспорт воситаларига тез ёрдам, ўт ўчириш, хуқуқбузарликни бартараф этиш мақсадида ҳаракатланаётган транспортлар киради. Депутат халқаро тажрибага кўра бундай транспортлар учун йўлларнинг махсус қисмлари бўлиши кераклигини таъкидлаган.

“Ички ишлар вазирлиги жарималарни ошираверишдан кўра ҳукуматга автойўлларни замонавий талабларга мослаштириш бўйича ташаббус берса маъқулроқ бўлар эди. Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Қонунчилик палатасига киритилаётган ушбу таклифни рад этишга тайёргарлик кўрмоқда”, дея фикрини якунлаган Алишер Қодиров.

"Миллий тикланиш" партияси ташаббуси 82 нафар депутатлар томонидан қўллаб-қувватланган ва ИИВ таклифини рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

жарима Миллий тикланиш

Баҳолаганлар

54

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг