Ниҳоят АҚШ тилга кирди. Трамп Қорабоғдаги воқеаларни кузатиб бораётганини очиқлади

Олам

image

АҚШ Арманистон ва Озарбайжонни тўқнашувларни дарҳол тўхтатишга чақиради. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти баёнотида айтилган. 

"Қўшма Штатлар Тоғли Қорабоғдаги вазиятнинг кескинлашишини қатъиян қоралайди", дейилади баёнотда. 

Маълумотларга кўра, давлат котиби ўринбосари Стивен Биган Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов ва Арманистон Ташқи ишлар вазири Зоҳраб Мнацаканяном билан телефон орқали музокара ўтказди ва ҳар икки томонни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга ва эскалацияни олдини олишга чақирди. 

Стивен Биган, шунингдек, томонларни ЕХҲТ Минск гуруҳи доирасидаги музокараларга қайтишга чорлаган.  

Воқеаларга нисбатан мамлакат Президенти Дональд Трамп ҳам муносабат билдирди. 

АҚШ расмийлари Тоғли Қорабоғдаги вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда ва улар можаронинг авж олишини тўхтата оладими ё йўқ, буни ўрганмоқда.  Бу ҳақда Америка Президенти Дональд Трамп кеча, 27 сентябрь куни Оқ уйда бўлиб ўтган брифингда айтиб ўтди. 

"Биз диққат билан кузатмоқдамиз. Содир бўлган воқеалардан хабарим бор. Бу минтақада биз кўпчилик билан яхши муносабатларга эгамиз. Биз тўқнашувни тўхтата оламизми ёки йўқми, кўрамиз", дейди Вашингтон маъмурияти раҳбари. 

Бундан аввал Россия ҳам икки мамлакатдан қуролли тўқнашувларни тўхтатишни сўраган эди. Туркия эса, аксинча, бу тўқнашувда Озарбайжонни қўллаб-қувватлашини маълум қилиб, Арманистонни провакацияда, Минск гуруҳини эса 30 йилдан бери бу масалага кўз юмиб келишда айблади. Шунингдек, расмий Теҳрон ва НАТО ҳам томонларни музокаралар столига чақирганди. Ўзбекистон эса МДҲга раис мамлакат сифатида тарафларнинг ҳаракатларидан ташвишдалигини билдириб, уларни вазминликка чақирди

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди

Эслатиб ўтамиз, бугуннинг ўзида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Арманистон, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, зудлик билан сулҳ тузишни таклиф қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон-Арманистон Қорабоғ тўқнашуви

Баҳолаганлар

238

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг