Тошкентда 8 миллардлик 25 дона замонавий радарлар ўрнатилади – Ҳукумат қарори

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда замонавий тизимларни жорий қилиш» инвестиция лойиҳасини татбиқ этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. 

Мазкур қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси “ABL-Soft & SS” масъулияти чекланган жамияти (кейинги ўринларда – Инвестор) билан ҳамкорликда “Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда замонавий тизимларни жорий қилиш” инвестициявий лойиҳасини амалга ошириш бўйича таклифи маъқулланади.

Бунда, маҳаллий корхона томонидан ишлаб чиқилган, умумий қиймати 8 млрд сўм бўлган 10 дона  “AutoCon – SC/M TR.uz” ва 15 дона “AutoCon – SC/S TR.uz” янги турдаги тезликни ўлчаш мобиль қурилмаларини ва уни тасарруф этишга зарур бўлган барча жамланмалар Тошкент шаҳрида жорий қилинади. 

Лойиҳа доирасида қуйидаги шартлар белгиланмоқда:

•    йўл ҳаракати қоидалари бузилишини фото-видео фиксация қилишнинг автоматлаштирилган тизими 2019 йилда Тошкент шаҳри ҳудудида Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳаракат хавфсизлиги компьютерлаштирилган бошқарув тизими қошида жорий этилади;

•    лойиҳани амалга ошириш ва молиялаштириш давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида Инвестор томонидан инвестициялар ҳисобидан амалга оширилади;

•    инвестициявий ҳаражатларни қайтариш учун Лойиҳа буюртмачиси – Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси масъул ҳисобланиб, жорий қилинаётган автоматлаштирилган тизим Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси балансига берилади.

Ўрнатилган автоматлаштирилган тизим ёрдамида аниқланган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима суммаси қуйидагича йўналтирилади:

50 фоиз – Тошкент шаҳар ҳокимлиги учун Ғазначилигида очиладиган махсус ҳисоб рақамга. Ушбу очилган махсус ҳисоб рақамда жамланган маблағлар смета ҳужжатларига асосан “Тошкент шаҳар Йўл харакатини бошқаришнинг техник воситаларини ўрнатиш ва фойдаланиш департаменти” давлат муассасига ва шу муассасининг моддий техника базасини мустаҳкамлашга;

35 фоиз – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тошкент шаҳар бош бошқармасининг махсус фондига;

15 фоиз – шартномада белгиланган инвестициявий ҳаражатларнинг ҳажми тўлиқ қоплангунига қадар Инвестор ҳисобига.

Инвестициявий ҳаражатлар тўлиқ қоплангандан сўнг, мазкур қарорда назарда тутилган жарима суммасининг Инвесторга тегишли улуши Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тошкент шаҳар бош бошқармасининг махсус фондига йўналтирилади.

Ўрнатиладиган мобиль қурилмалари мажмуаларнинг жойлашиши Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан келишилади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тошкент шаҳар бош бошқармасига Лойиҳани амалга ошириш доирасида, истисно тариқасида, инвестор билан тендер ва танлов савдоларини ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат этилади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Вазирлар Маҳкамаси қарори Фоторадар

Баҳолаганлар

64

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг