Ўзбекистонга Хитойдан келган фуқаролар тиббий текширувдан ўтказилмоқда

Жамият

image

Айни пайтда коронавирус инфекцияси жиддий фазага кўтарилди. Ундан вафот этганлар шу йилнинг 27 январь ҳолатига кўра, 80 нафарни ташкил этган бўлса, сўнгги маълумотларда айтилишича, айни пайтда вафот этганлар сони 170 нафардан ошган. Дунё бўйича касалланганлар сони эса 8 мингга яқинлашмоқда. Бугунги кунда ушбу касаллик 16 та давлатда тарқалгани қайд этилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон ҳудудига коронавирус кириб келишининг олдини олиш мақсадида комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, татбиқ этилган. Жумладан, Давлат чегара постларидан ўтаётган фуқароларни тиббий назорат кўригидан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда республикада Давлат чегараларининг кесишиш жойларида 52 та санитария-карантин пунктлари фаолият кўрсатиб келмоқда, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги. 

Ўзбекистон ҳудудига ушбу инфекциянинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида Давлат чегара постларидан ўтаётган фукоралар тиббий назорат кўригидан ўтказилмоқда, шунингдек, тепловизор ёрдамида йўловчиларнинг тана ҳарорати масофадан туриб ўлчанмоқда ва умумий ҳолати текширилмоқда. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун нафақат санитария назорат пунктлари тиббиёт ходимлари, балки шифокор инфекционистлар ҳам жалб этилган.

Сўнгги ўн куни ичида ана шундай текширувлар натижасида Хитойдан келган фуқароларнинг 59 нафаридан вирусологик текширув ўтказиш учун намуналар олинган. 19 нафар шахс эса Вирусология илмий текшириш институти клиникасида ташкил этилган бўлимга мурожаат этган ва тиббий назоратдан ўтказилган. Айни пайтга қадар уларнинг биронтасида ҳам коронавирус инфекцияси умуман аниқланмаган. Бундан ташқари, Хитойдан келган фукоралар яшаш манзили бўйича оилавий поликлиникалар тиббиёт ходимлари ва эпидемиологлар томонидан 14 кун давомида назоратга олинмоқда.

Бундан ташқари, Санитария-эпедимиологик осойишталик агентлиги томонидан грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекциялар бўйича ҳам мониторинг олиб борилмоқда. Натижаларга кўра, грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекциялар бўйича ўтган йилга нисбатан бирмунча мавсумий кўтарилиш кузатилган бўлса-да, ушбу касалликлар бўйича ўлим ҳолатлари қайд этилмаган. 

 


Мақола муаллифи

Теглар

коронавирус

Баҳолаганлар

133

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг