Ўзбекистондаги 2 мингдан ортиқ мактабда спорт зал йўқ, 3 мингтаси таъмирга муҳтож
Жамият
−
04 Сентябрь 2019
3304Ўзбекистондаги 2 мингдан ортиқ мактабда спорт заллари йўқ. 3 мингдан ортиқ мактаблаги спорт заллари эса жиддий таъмирга муҳтож. Бу ҳақда бугун, 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида сўз борди.
Видеселекторда аҳолини, айниқса, ёшларни оммавий спортга кенг жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бунда, аввало, умумтаълим мактабларидаги шароит, муҳит катта ўрин тутади. Лекин мактабларда ўқувчилар жамоавий спорт ўйинларига тўлиқ жалб этилмаяпти. 2 мингдан зиёд мактабда спорт заллари йўқ, 3 мингдан ортиғида эса таъмирталаб.
Спортга ихтисослашган мактаб-интернатларда ҳам камчиликлар бор. Масалан, Тайлоқ, Жиззах, Бухоро, Учқўрғон, Денов туманлари, Наманган, Қарши ва Андижон шаҳарларидаги шундай мактабларда спорт зали, ётоқхона, ўқув бинолари етишмайди.
Болалар-ўсмирлар, Олимпия захиралари ва олий спорт маҳорати мактаблари тренерларининг ойлик иш ҳақи умумтаълим мактабларининг жисмоний тарбия ўқитувчиларига нисбатан деярли 2 баробар паст. Ўз навбатида, тренерларнинг 51 фоизи ўрта махсус маълумотга эга, 2 мингдан ортиқ олий маълумотли мураббийларга эҳтиёж мавжуд.
Олий таълим муассасаларидаги спорт иншоотлари талабаларнинг қарийб 50 фоизини қамраб олиш имкониятига эга бўлса-да, амалда 21 фоиз талаба-ёшлар спорт тадбирларига қатнашмоқда.
Умуман олганда, мамлакат бўйича 12 мингдан ортиқ спорт иншооти мавжуд бўлса, уларнинг бир кунлик қуввати қарийб 1,5 миллион кишини ташкил этади. Яъни, аҳолига нисбатан спорт иншоотлари билан таъминланиш даражаси 4,5 фоиздан ошмайди. Хусусан, бу кўрсаткич Самарқанд вилоятида 3,4 фоиз, Сурхондарё вилоятида 3,5, Андижон вилоятида 3,7 фоиздир.
“Бундай аҳволда спортни қандай қилиб оммалаштириш мумкин”, дея савол қўйди Президент.
Йиғилишда шу каби муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш, бунинг учун зарур маблағ ва ресурслар йўналтириш масалалари муҳокама қилинди.
LiveБарчаси