“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди

3-саҳифа

image

Ўзбекистонда бир миллион маҳаллий дастурчини тайёрлаш мақсадида иш бошлаган “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Агентлик томонидан 2023 йил давомида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги “Ўқув таълим-таъминот” давлат муассасаси томонидан “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида республика бюджети ҳисобидан харид қилинган компьютер ва бошқа воситаларнинг тавсия этилган техник топшириқларга мувофиқлиги ҳамда молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги Фарғона, Наманган, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида жойига чиққан ҳолда ўрганилган.

Етказиб  берилган компьютерларнинг техник хусусиятлари ўрганилганида шартномада кўрсатилган талаблар тўлиқ бажарилмаганлиги аниқланган. Ўрганиш якунлари бўйича тўпланган ҳужжатлар масъул шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, “Ўқув таълим-таъминот” давлат муассасаси ва “Smart Sales Leader” МЧЖ ўртасида тузилган шартномага асосан, жамият томонидан етказиб берилиши лозим бўлган қўшимча электрон воситалар етказиб берилмасдан, жами 919 млн 360 минг  сўм миқдордаги бюджет маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан Департаментнинг Тошкент шаҳар бўлими томонидан “Ўқув таълим-таъминот” давлат муассасаси ва “Smart Sales Leader” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ҳамда 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

талон-торож Бир миллион дастурчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг