Коронавирус статистикасидаги чалкашлик ва ноаниқликларнинг 9 сабаби

Жамият

image

Ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида баъзи соҳа ходимларининг, умуман, бирор беморнинг коронавирусдан вафот этганлиги ҳақидаги маълумотлар ССВ статистикасида қайд этилмаётгани ҳақидаги хабарларга дуч келаётганимиз кўпчиликка сир эмас. Ҳолатни ўрганиб чиқиб, сабабларини аниқлашга уриндик.

1-сабаб. Аҳоли ўртасида тиббий ва ҳуқуқий маданиятнинг (айни вазиятда бу муаммо долзарблашди) етишмаслиги. Маҳаллий поликлиникалар, шифохона ва бошқа тиббиёт масканларида беморни бевосита кўрикдан ўтказиш ишлари сустлашди. Шифокорлар фақат телефон орқали маслаҳат билан чекланмоқда. Оғир аҳволда қолган бемор фақат пуллик тиббий хизматдан нажот излаши мумкин бўлиб қолди. Ваҳоланки, бепул тиббий хизмат юртимизда бекор қилинмаган.

2-сабаб. COVID-19 га таҳлил ўтказиш хизмати пуллик ва ихтиёрийлиги.

3-сабаб. Аҳоли ўртасида карантин қоидаларига риоя қилмаслик ҳолатлари кўпайганлиги (жамоат жойларида маскасиз юриш, гигиена қоидаларига риоя қилмаслик, тўй, маърака маросимларини ўтказиш бўйича белгиланган тартибларга амал қилмаслик). Бу вазият вируснинг зарарли “ўчоғи” объектини аниқлаш ва назорат қилиш ишларига жиддий тўсиқ бўлмоқда.

4-сабаб. Риск зоналарида (карантин зоналар, шифохоналар, реабилитация марказлари) фаолият юритган ва юритаётган шифокорлар, ҳайдовчилар, ошпазлар ҳамда бошқа соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий мухофазаланмаганлиги (зарурий техник таъминоти, дори-дармон, махсус кийим, ниқоб, қўлқоп, антисептик воситалар етишмовчилиги, иш ҳақи тўловларининг ўз вақтида амалга оширилмаётганлиги).

5-сабаб. Тез ёрдам хизматининг тиббий, техник ва моддий етишмовчиликлар сабабли сустлашганлиги (қўнғироқларга жавоб бермаслик, чақирувларни қабул қилмаслик, бемор ҳолатидан келиб чиқиб “отангга бор-онангга бор” қабилида иш тутиш ҳолатлари кўпайди). Бемор ўз уйида, атрофидагиларга вирусни юқтириш эҳтимоли кучли бўлган вазиятда ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги оқибатида аниқ ташхиссиз ўз-ўзини даволаш билан шуғулланишга мажбур бўлмоқда.

6-сабаб. Менталитетимиз удумлари билан боғлиқ бўлиб, COVID-19 вирусининг яққол белгилари мавжуд бўлган беморнинг уй шароитида самарасиз даволаниши оқибатида вафот этиши ва яқин қариндошлар томонидан дафн маросимини ўтказиш мақсадида ўлим сабабини сохталаштириш ҳолатлари учрамоқда. Чунки сўнгги пайтларда хавфли вируснинг яққол белгилари мавжуд бўлган беморга тез ёрдам хизмати кўрсатилмаяпти. Пуллик тез ёрдам хизмати чақирилганида машина шифокорсиз (!) келиб, беморни фақат бирор шифохонага (у ерда беморга бўш жой топилса агар) олиб бориб қўйиши мумкин. Акс ҳолда бемор уйда чорасизликдан вафот этиши ҳоллари кўпаймоқда.

7-сабаб. Коронавирус ташҳисини ўтказиш, даволаш ва дори-дармон таъминоти ишларининг “маркетинглашуви”, бу қатъий карантин вазиятида ночор аҳволда яшаётган аҳоли қатлами учун бутунлай имконсиз вазиятни юзага келтирди.

8-сабаб. Тегишли идоралар орқали (маҳаллий СЭОМларда) белгиланган тартибда коронавирус инфекциясига бепул ташҳис ўтказиш ишларининг ортиқча қоғозбозлик билан боғлиқлиги (мазкур мақола тайёрланиш жараёнида бу тартибга бироз енгилликлар киритилди, лекин унинг ижроси қай даражада амалга ошади буни фақат вақт кўрсатади). Шунингдек, бепул ташхис хизмати фақат Ҳукумат доирасидаги идора ходимлари учун ўтказилаётгани ва бу ижтимоий табақаланишга олиб келаётгани билан аҳоли норозилигини уйғатмоқда.

9-сабаб. Ҳукумат томонидан коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирлар фақат қоғозда қолиб кетаётгани, тегишли масъуллар томонидан назорат қилинмаётгани.

Муҳайё Саидова, журналист


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

243

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг