Россияда Ўзбекистон фуқароларини иш билан таъминлаш хизмати ишга туширилди

Олам

image

Россия Федерациясида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини иш билан таъминлашга кўмаклашувчи хизмат томонидан ишлаш учун мурожаат қилган 400 нафарга яқин фуқародан 80 нафари иш билан таъминланди. 

Ушбу марказ Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш халқаро ассоциацияси (Россия) ҳамкорлигида ташкил этилган эди. Хизмат жорий йил апрель ойи бошида синов режимида иш бошлаб, 20 апрелдан тўлиқ ишга тушди.

“Салоҳиятли иш берувчилар ва ишлаш истагидаги хорижий фуқаролар ўртасида алоқани таъминлаш учун кўп тилли колл-центр ва тегишли маълумот каналлари яратилди. Каналларда мавжуд бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилмоқда, колл-центр саволларга жавоб беради ва ишга жойлашиш учун аризаларни қабул қилади”, дейилади Миграция агентлиги матбуот хизмати тақдим этган маълумотда.

Маълумот ўрнида, коронавирус туфайли 2020 йил 18 апрелдан бошлаб Россиядаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари кенгайтирилган: 2020 йил 15 июнгача фуқаролиги, визаси, ишлаш учун рухсатнома ва патенти йўқ шахслар рўйхатга олинган жойидан қатъи назар Россия Федерациясининг исталган жойида ишлаши мумкин.

Бироқ, ушбу чораларга қарамай, россиялик иш берувчилар иқтисодиётнинг пасайиши ва патентсиз ишчилар сабабли маъмурий жарималар тўлашнинг олдини олиш учун, чет эл фуқароларини ишга олишга эҳтиёткорлик билан қарамоқда. Ишчи мигрантлар ҳам ишончсиз иш берувчилар томонидан алданиб қолиш эҳтимолидан хавотирда.

Таъкидланишича, 2020 йилнинг 15 март кунигача Россия Федерацияси миграция қонунларига риоя қилган ва мамлакатда қонуний бўлиб турган чет эл фуқаролари ушбу хизматдан фойдаланган ҳолда иш билан таъминланиш имкониятига эга.

Ҳозирги босқичда ахборот ресурсларида асосан қадоқлаш (фасовщик), юкларни жойлаштириш (комплектовщик) ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида бўш иш ўринлари рўйхати тақдим этилган. Текширилган бўш иш ўринлари сонини кўпайтириш бўйича ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

“Барча саволлар ва таклифлар учун “Колл-марказ”нинг + 7 (499) 430 00 87 рақамларига ва Telegram’даги @Ish_bor_Rossiya_bot ботига мурожаат қилиш мумкин”, дейилади хабарда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ўзбекистон миграция

Баҳолаганлар

229

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг