Сайлов кодекси маъқулланди. Айрим маҳбуслар сайловда овоз бериши мумкин бўлади

Жамият

image

Олий Мажлис Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси давом этмоқда. 

Сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама муҳокама қилдилар. 

Ҳужжатда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, Президент, Олий Мажлис, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, шунингдек Марказий сайлов комиссияси фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи сайлов тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларини бир хиллаштириш назарда тутилади.

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилиниши сайловга доир қонун ҳужжатларини ва сайлов амалиётини такомиллаштиришга хизмат қилади. Масалан, Сайлов кодексида мустаҳкамлаб қўйилган нормаларга кўра Экологик ҳаракат вакиллари учун Қонунчилик палатасида депутатлар ўринларини квоталаш институти чиқариб ташланади, бунда Қонунчилик палатасидаги депутатлар ўринларининг умумий сони (150 та ўрин) сақлаб қолинади.

Шунингдек Сайлов кодексида катта ижтимоий хавфи бўлмаган жиноятлар ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайловда иштирок этиши бўйича чекловлар олиб ташланмоқда.

Бундан ташқари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзодлар кўрсатиш тартиби бекор қилинмоқда. Шу тариқа сиёсий партиялар халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига номзодлар кўрсатишда мутлақ ҳуқуққа эга бўлади.

Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тартиби қонунчилик йўли билан белгилаб қўйилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхати амал қилиши тартиби қонунчилик даражасида тартибга солинмоқда, бу сайловчини “битта сайловчи – битта овоз” принципи бўйича фақат битта сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби татбиқ этилишини таъминлайди.

Ҳам муддатидан олдин овоз бериш, ҳам сайлов куни овоз бериш учун ягона ҳужжат – сайлов бюллетени жорий этиш орқали “сайлов варақаси” тушунчаси қонун ҳужжатларидан чиқариб ташланмоқда. Сайловчиларга ўзи ёқлаб овоз берадиган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга белгилардан бирини (+, , Х) қўйиш имконияти берилмоқда.

Сайлов кодексида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, ташкилотлар томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш тартиби белгиланмоқда. Номзодлар туман, шаҳар Кенгашлари мажлисларида муҳокама этилади ва округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.

Таъкидланганидек, Сайлов кодексида сайлов комиссияси аъзоларига қўйиладиган талаблар мустаҳкамланмоқда. Жумладан, йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар сайлов комиссияларининг аъзолари бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда. Бунда сайлов комиссияси аъзолари бошқа сайлов комиссияси, сиёсий партиялар аъзолари бўлиши мумкин эмас. Ҳокимлар, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, номзодларга бевосита бўйсунадиган шахслар сайлов комиссиялари таркибида бўлиши мумкин эмас.

Сайлов кодексининг қабул қилиниши умумий қоидаларни ягона ҳужжатда бирлаштириш ва сайлов жараёнининг тартиб-таомилларига оид масалаларига, шу жумладан участка сайлов комиссиялари ишларига аниқлик киритиш, сайлов кампаниясининг ошкоралиги ва очиқлиги принципларини мустаҳкамлаш имконини беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат ялпи мажлиси Сайлов кодекси

Баҳолаганлар

8

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг