Хитой Ухандаги ўзбекистонликларни бермоқчи эмас...
Жамият
−
30 Январь 2020
12553Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Хитойдаги ўзбекистонликлар истаган вақтда Ватанга қайтиши мумкинлиги, бунинг учун барча шароитлар яратилганини маълум қилганди. Орадан кўп ўтмай, ТИВ навбатдаги баёнот билан чиқди. Унга кўра, расмий Пекин чет элликларнинг мамлакатдан чиқиб кетишига қатъий чекловлар ўрнатган.
27 январь куни Ўзбекистон Элчиси Бахтиёр Саидовнинг Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Европа ва Марказий Осиё департаменти директори Сун Линсзян билан суҳбати бўлиб ўтган.
Суҳбатда чет эл фуқароларининг Ухан шаҳридан (Хубей провинцияси) эвакуация қилиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган. Хитойлик дипломат мамлакат Ҳукуматининг коронавирус тарқалишини чегаралаш ҳамда инфексияни профилактика қилиш ва даволаш борасида кўраётган ҳар томонлама чоралари тўғрисида маълумот берган.
Хитой томони ҳозирда мамлакат Ҳукумати чет эл фуқароларини Ухан шаҳридан эвакуация қилиш масаласини кўриб чиқмаётганини яна бир бор тасдиқлаган ва эпидемиянинг эҳтимолий тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида карантин режимининг бутун даври якунланмагунча Ўзбекистон фуқароларини олиб чиқиб кетмасликни сўраган.
Ҳозирда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТ) Бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус бошчилигидаги Ишчи гуруҳи Хитойда бўлиб турибди. ЖСТ Бош директори ҳам чет эл фуқароларини эвакуация қилишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги ташкилот мурожаатини маълум қилди, халқаро жамоатчиликни хотиржамликни сақлаш ва ёлғон хабарларга аҳамият бермасликка чақирди.
ТИВ январь ойида Ухан шаҳридан ватанга қайтиб келган ўзбекистонлик талабалардан зудлик билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-епидемиологик осойишталик агентлигига +998909882330 (директор ўринбосари Б.Қурбонов), +998972755074 (бош мутахассис Ф. Қурбонбеков) телефон рақамлари орқали боғланишларини сўрайди.
Хитой ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларига зарур ҳолатларда исталган вақтда Ўзбекистоннинг Пекин шаҳридаги элчихонасига +86 135 1102-4242 (Бобур Яхяев), +86 139 1175-4476 (Шурат Умиров) телефон рақамлари орқали ҳамда Шанхай шаҳридаги Бош консулхонасига +86 131 2255-5772 (Азиз Улуғбеков) телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.