Аҳоли нега мавсумий иссиқлик энергиясига йил бўйи пул тўлайди?

Жамият

image

Аҳоли мавсумий фойдаланиладиган иссиқлик тизими учун йил бўйи пул тўлаши лозим. Аммо нега шундай? Бу саволга Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Солиев жавоб берди.

“Республика бўйича мавжуд 34 500 та кўп вақатли уйнинг 60 фоизи марказлашган иссиқлик тизими лойиҳаси бўйича иситилади. Бу эски лойиҳа бўйича қилингани ва очиқ тизимда ишлагани боис жуда катта электр энергияси ва тоза ичимлик сувини талаб этади. Яъни, совуқ сувни олиб, газни харид қилиб, иссиқ сувни етказиб бериш катта харажат талаб қилади. Агар бу харажат уч ойга бўлинадиган бўлса, аҳолига оғирлик қилади. Шунинг учун бу суммани 12 ойга бўламиз. Йилнинг қолган 9 ойида эса иссиқ сув ишлаб чиқарамиз”, деди Солиев ОАВ вакиллари билан ўтказилган мулоқот давомида.

Вазир ўринбосари Назиржон Назировнинг айтишича, республика бўйича 34 мингта кўп қаватли уйга 4500 дан ортиқ ширкат хизмат кўрсатяпти. Ҳар бир уй хатловдан ўтказилган ва уларнинг 20 мингдан ортиғи таъмирга муҳтож, 450 дан ортиқ авария ҳолатидаги уйлардир.

“Тасдиқланган Дастурга кўра, 2021 йилгача маҳаллий, республика бюджети ва банк кредитлари асосида Ўзбекистондаги кўп қаватли уйларнинг барчасини тўлиқ таъмирланади. Шу мақсадда тижорат банкларидан 1 трлн 260 млрд сўмлик маблағ жалб қилинган. Бу маблағлар халқдан тушаётган пул билан қопланиши керак. Аммо бугунги кунда 150 млрд сўмлик муаммоли кредитлар пайдо бўлган. Мажбурий тўловларни ундириш масаласи айниқса, Тошкент шаҳрида яхши кетмаяпти”, дея таъкидлади Назиржон Назиров.

Мутасаддилар ичимлик суви ташиб етказиладиган энг кўп аҳоли пунктлар Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Хоразм, Бухоро вилоятларида жойлашганини билдирди. 

“Ичимлик суви бўйича энг оғир аҳвол Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида. Бу ерда Президентимизнинг вилоятга ташрифи доирасида берилган топшириқлар асосида махсус лойиҳа амалга оширилмоқда”, деди вазир ўринбосари Тоҳир Ҳайдаров.

Лойиҳа асосида туманга 77 км узунликдаги сув қувурлари олиб келинмоқда ва  бу орқали ҳудудда 16 та сув тарқатиш маркази қурилади. Натижада аҳолининг 76 фоизи ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади.

Қайд этилишича, яна шундай жойлар жойлар борки, ичимлик манбаси бор, аммо ичишга яроқсиз. Масалан Бухоро вилоятида. Уларга сувни чучуклаштирувчи усканалар ёрдамида аҳолига истеъмолга яроқли сув етказиб берилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

иссиқ сув коммунал хизмат

Баҳолаганлар

25

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг