...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бакунинг “юраги”да бўлганмисиз?


11:10, 09.07.2018 Олам
 4 402

Бу кўчани ҳеч шубҳасиз маданият ва санъат кўчаси, дейиш мумкин.

Аввалроқ, 30 июнь куни “Аzal Air” авиакомпанияси томонидан Баку – Тошкент – Баку йўналишида илк парвоз йўлга қўйилгани, унинг йўловчилари орасида Ўзбекистон журналистикасининг кўзга кўринган вакиллари “Дунё бўйлаб” телеканали журналистлари Элмира Тухватуллина, Гулсара Соатхонова, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди Наргис Қосимова, “Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари Қамариддин Шайхов, фотомухбир Шерзод Икрамутдинов борлиги ҳақида хабар берган эдик.
 
Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Миллий маданият маркази томонидан ташкил этилган медиа-турдан “Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари Қамариддин Шайхов ҳикоя қилади.
 
БАКУНИНГ “ЮРАГИГА” ТАШРИФ
 
Озарбайжон пойтахти Баку шаҳридан 25 км шарқда жойлашган Ҳайдар Алиев номидаги халқаро аэропортда илиқ кутиб олиндик. Аэропортдан ташқарига чиққанимиз заҳот намли иссиқ ҳаво юзга урилди. Каспий денгизи ҳисобига Бакуда намлик юқори даражада. Шу боис 40 даражадаги иссиққа бардош бериш жуда қийин. Айниқса, биз каби мўтадил иқлимга ўрганганларга.


 
Баку дунёнинг энг гўзал ва кун сайин ривожланиб, чирой очиб бораётган пойтахт шаҳарларидан бири. Мамлакатда, хусусан пойтахтда туризм соҳасига катта эътибор қаратилганини ҳар бир кўчада сезиш мумкин. Осмонўпар бинолар, замонавий иншоотлар шаҳар гўзаллигига янада кўрк қўшиб турибди. Бироқ Бакунинг асл гўзаллиги бир неча юз йиллик тарихга эга бўлган уйлар билан, десак муболаға бўлмайди. Пойтахт меъморчилигида Европа анъаналари устунлик қилади. Прага, Милан шаҳарларидаги бинокорликни Бакуда ҳам кўриш мумкин.




 
Булвар майдони шаҳарнинг юраги саналади. Унга элтувчи кўчалардан бири Низомий Ганжавий кўчасидир. Бу кўчада кўнгилочар савдо мажмуалари, тарихий уйлар, дўконлар, ресторан ва ширинликлар расталари, театр ва кинотеатрлар, музейлар жойлашган.




















 
Кўчанинг икки четида жойлашган юз йилдан ортиқ тарихга эга бўлган кўп қаватли уйлар янги қурилганларига нисбатан анча қиммат туради. Ўртача ҳисобда 2 хонали уйнинг нархи 70-80 минг АҚШ долларига баҳоланади. Кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватларида дўконлар ва ресторанлар очилган. Қарама-қарши бинолар орасида эса фавворалар, дам олиш учун ўриндиқлар ўрнатилган.














 
Бу кўчани ҳеч шубҳасиз маданият ва санъат кўчаси, дейиш мумкин. Ушбу кўчада Президент кутубхонаси, Ёш томошабинлар театри, М.Ф.Ахундов номидаги Озарбайжон Миллий кутубхонаси, Опера ва балет театри, Рашид Беҳбудов номидаги мусиқа театри жойлашган. Кўчани опера ва эстрада хонандалари Рашид Беҳбудов, Муслим Магомаев, Булбул, XIV-XV асрларда яшаб ўтган шоир Насимий хотирасига ўрнатилган ҳайкаллар янада тўлдириб турибди. Таъбир жоиз бўлса, кўчанинг маданий қиёфаси айнан шу ҳайкаллар ва театрлар орқали белгиланган.













Низомий кўчасига туташ бўлган Рашид Беҳбудов кўчасида эса бир маскан эътиборингизни тортмай қолмайди. Бу ерда йилнинг ҳар мавсумида, ҳафтада 7 кун 24 соат ишлайдиган очиқ кутубхона бор. Бу ерга келиб, китобхонлик қилиш учун ҳеч қандай ҳужжат талаб этилмайди, ўқувчиларга бепул хизмат кўрсатилади. Пул ишлаш мақсадида чой, қаҳва, егулик ва бошқа маҳсулотлар савдоси йўлга қўйилмаган. Бу ерга келганларнинг ўй-хаёли фақат ва фақат китоб билан банд бўлади. Муштарийлар бирор китобга мухлис бўлсалар, уни ўзлари билан уйга ҳам олиб кетишлари мумкин. Фақат битта шарт бор: олиб кетилаётган китоб ўрнига бошқасини қолдириш керак.

 

Очиқ кутубхонада китоблар савдоси ҳам йўлга қўйилган. Ўқувчилар севимли адабиётлари ўз китоб жавонларидан жой олишини истаса, уни харид қилиши ҳам мумкин.



Очиқ кутубхонада нафақат китоб ўқиш, балки кундалик газеталар, журналлардаги мақолалар билан танишиш, янгиликлардан бохабар бўлиш ҳам мумкин. Мутоладан бироз толиққанлар учун бепул интернет ҳам ҳозиру нозир.


 
Кутубхоначи Тарона хонимнинг айтишича, бу ерга асосан ёшлар келади. Улар тунги соат 2-3 гача мутолаа қиладилар. Кексалар эса асосан газеталарга талабгор. 2016 йилда Озарбайжон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ташаббуси билан очилган ушбу очиқ кутубхона Бакуда яккаю ягона. Келажакда эса бундай масканларнинг сонини кескин орттириш режалаштирилган. Ёшлар кўп йиғиладиган майдонларда эса бундай кутубхоналарнинг ташкил этилиши эса келажак авлод салоҳиятини ошириш, улар орасида китобхонликни тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга. Бундай амалиётни эса дуёнинг барча нуқтасида, айниқса, пойтахт шаҳарларда қўллаш жуда катта ижобий натижа беради.


 
Бакунинг Низомий кўчасидан қолган хотиралар талайгина. Уларни қоғозга туширишда сўзлар озлик қилади. Туйғулар, юрак ҳислари, кўз қувончини борича етказиб бериш имкони бўлганда эди...











 Қамариддин Шайхов, Баку
Суратлар муаллифи Шерзод Икрамутдинов

Теглар:Баку Озарбайжон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!