Ҳеч ким солиқ сиёсатини онасининг қорнидан ўрганиб тушмайди – Шайхов
Жамият
−
17 Июнь 2019
9163Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 7 июнь куни Миробод тумани солиқ инспекциясининг бир гуруҳ ходимлари олдиндан тил бириктириб, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиси Азизбек Ашурбоевни тузоққа туширгани ҳақида хабар берган эдик.
Журналист, QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов ижтимоий тармоқларда катта шов-шувларга сабаб бўлган мазкур воқеликка нисбатан муносабат билдириб чиқди. У Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаевдан бу ишни қилган солиқчиларнинг номини очиқлашни сўради.
Ушбу видеони юқоридаги слайдерда ва Youtube`даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
“Улар ким эди, нима учун бундай йўл тутишди. Бу саволлар бизни жуда қийнаяпти. Ўзбекистонда барча соҳалар қаторида солиқ сиёсатида ҳам жуда ўзгаришлар бўлди. Албатта, бу ўзгаришларни қабул қилишимиз жуда қийин кечди. Чунки, фақат фойда, катта зарар қилинмайди деб айтилган қўшимча қиймат солиғи ҳам, жуда кўплаб соҳаларда, хусусан ОАВ соҳасида ҳам жуда катта-катта муаммоларни келитириб чиқаряпти. ҚҚС билан боғлиқ ўзгаришларни ҳали ўзимиз тушуниб олмасимиздан, уни халқимизга етказишга ҳаракат қилдик. Бунда ўша блогерлар ҳам ўзининг жонбозлигини кўрсатди. Чунки, ўзгаришларни ҳамма кутаётган эди. Уларнинг натижаси қандай бўлишидан қатъи назар, биз ана шу ўзгаришларга ўз ҳиссамизни қўшишга, одамларга етказишга ҳаракат қилдик. Хўш, солиқ қўмитасининг йил бошида журналистлардан олган дастаги, уларнинг қўллаб-қувватлашига бўлган жавоби буми? Уларнинг ОАВга эътибори шуми? Бу воқеа бошқа блогер, бошқа ОАВ фаолиятида ҳам такрорланишига ҳеч шубҳамиз йўқ”, дейди Қамариддин Шайхов.
Журналист сўзида давом этаркан, Ўзбекистонда жорий этилган ҚҚС ОАВ учун оғирлик келтириб чиқараётганини қайд этди. Унга кўра, ОАВнинг даромад топиш манбаи реклама. Бу эса маҳсулот бўлмагани ва унинг тан нархи йўқлиги, хизмат турихи ҳисобланиши ва нарх ҚҚС эвазига 20 фоизга ошишига сабаб бўлмоқда. Шайхов бу ҳақда шундай дейди:
“ҚҚС ОАВни жуда қийнаяпти. Рекламанинг ортидан кун кўради ОАВ. Ўртача олиб айтадиган бўлсак, 2 миллионлик реклама нархи 20 фоиз ҚҚС билан 2 400 000 сўмга, 3 миллионлик реклама 3 600 000 сўмга айланяпти. Ким беради бунча пулни?”
Қамариддин Шайхов блогерларнинг бу тарзда тузоққа туширилиши ва уларга тегишли техник қурилмаларнинг олиб қўйилиши билан боғлиқ вазиятга эътибор қаратаркан, “бу қонунийми” деган саволни ўртага ташлади.
“Блогер маҳкамага тортиляпти, хонага олиб кириб телефони ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаси олиб қўйиляпти. Бу қонунийми? Қаерда ёзилган? Агар ёзилган бўлса бизга кўрсатиб беринглар”.
Шайхов долзарб масалани ўртага ташлади. У солиқчиларни майда тадбиркорларни тузоққа туширгунча, уларни давлат яратиб берган шароитлар билан таништириш ва турли марказларга йўналтириш, тадбиркорлигини кенгайтиришида йўл-йўриқ кўрсатишга чақирди.
“Президент нима деяптилар: Стартап, Коворкинг, тадбиркорликка йўналтириш, билмаганга ўргатиш ҳақида гапиряптилар. Кечирасиз, солиқ сиёсатини ҳеч ким онасининг қорнидан ўрганиб тушмайди. Янги бошлаган тадбиркор у ёқда турсин, 15-20 йилдан бери ишлаётган тадбиркорлар ҳам солиқ борасида қатор-қатор хато қилаётганини кўриб турибмиз. Йиллар давомида хато устига хато қилиб ишлаб келаётган бухгалтерлар бор. Минглаб корхоналар ҳозирги солиқ сиёсатини орадан олти ой ўтса ҳам тушуниб олмаган. Тўғри, биз қўшиламиз ва рад этмаймиз: ҳамма топаётган даромадига нисбатан солиқларни ҳам жой-жойида тўлаши керак. Лекин солиқ тўловчига ўргатиш керак деган тушунча ҳам борми? Instagram`да оддийгина саҳифа юритаётган ва унга шу саҳифаси ортидан реклама келган шўрлик йигит қаерга бошини урсин, кимга мурожаат қилсин? Солиқ идоралари ходимлари биринчи сафарида унга ўргатсин. Мана, давлатда шундай шароитлар яратиб берилган, мана коворкинг марказ, мана стартап лойиҳаларни амалга ошириш учун марказ. Модомики, шу йўналишда фаолият юритмоқчимисан, фаолиятингни кенгайтир, ишингни ривожлантир ва давлатга бундан-да кўпроқ солиқ келиб тушсин, деган йўл-йўриқни кўрсата билиши керакми? Мирзо Улуғбек инновацион маркази нега очилди? Интернет соҳасидаги хизматларни ривожлантириш учун очилмадими? Марказ аъзолари нега 2029 йилгача солиқлардан озод этилди ва нега айрим солиқ идоралари ходимлари бундан бехабар? “Саллани ол деса, каллани олгандек” биринчи кун кўриб турган одамини бундай қамаб қўйиш, куракда турадиган ишми?”, деб ҳозирги солиқ сиёсати ва имкониятлар ҳақида фикр билдирди Шайхов.
Журналист сўзида давом этиб, бугунги Ўзбекистонда Президент олиб бораётган ислоҳотлар, давлатдаги ўзгаришларни кўра туриб, эртага қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида фикр уни тинч қўймаслигини айтади.
“Йўл-йўлакай ҳар куни ишдан қайтаётганимда давлатда бўлаётган ўзгаришларни кўриб, эртага нима қилиш керак деган савол туғилади менда. Ўйламанг фақат сиз давлат учун яшамаяпсиз, биз ҳам давлат учун яшаяпмиз. Биз ҳам шу Ватан чиройли бўлса, эртага биздан кейинги авлод ҳам чиройли яшайди деган ўй билан юрамиз. Блогернинг топган 400 минг сўм пули билан давлат бой бўлиб қолмайди. Лекин агар унга йўл-йўриқ кўрсатилса, у ўз фаолиятини кенгайтирса, 10-15 ишчини қўлида ишлатса, давлатга шундан фойда эмасми?”, дейди Шайхов.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь