Ёнғинга чидамли уй қандай материаллардан қурилади?

Жамият

image

Бугунги кунда ҳар қандай инсон уй харид қилаётганда ёки қурдираётганда унинг қулайлиги, сув, газ, электр энергияси таъминотига улангани каби қулайликлари билан қизиқади. Аммо уй танлаётганда яна бир жиҳат борки бу юқоридаги қулайлик шароитларидан муҳим бўлса муҳимки, ундан кам эмас. Бу уйнинг хавфсизлиги, унинг иссиқ-совуқ ҳавога, ёғингарчилигу, зилзилага ва ёнғин чиққанда оловга бардошлилигидир.

Уйнинг зилзила ва ёнғинга чидамли бўлиши кўп томондан унинг қурилишида фойдаланилган материалларга боғлиқ. Ҳозирги вақтда ёнғинга чидамли қурилиши материллари ишлаб чиқариш муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабдан кеча, 28 август куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институтида “Ёнғинга чидамли материаллар яратишнинг долзарб муаммолари ва ечимлари” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари генерал-майор Абдулла Ҳамидуллаевич Қўлдошев, Фанлар академияси вице-президенти, физика-математика фанлари доктори, профессор Сирожиддин Зайниевич Мирзаев, “Ўзкимёсаноат” АЖ Тошкент кимё технологиялар илмий тадқиқот институти директори, кимё фанлари доктори, академик Абдулаҳад Туробович Жалилов, ФВВ Фуқаро муҳофазаси институти профессори, техника фанлари доктори, профессор Бахтиёр Абдуҳаффорович Мавлонқориев, ФВВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси Ёнғин хавфсизлиги илмий-техник таъминлаш маркази бошлиғи полковник Собир Мирзаевич Жўраев, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети профессори, кимё фанлари доктори Равшан Исроилович Исмоилов иштирок этди. Бундан ташқари қатор алоқадор ташкилотлардан ҳам вакиллар қатнашди.

Анжуманда хавфсизликни таъминлашда асосий ўринни қурилиш материалларнинг ўтга чидамлилиги эгаллаши таъкидланди. Бу асос солувчи омил лойиҳа ишлаб чиқишда ва қурилишнинг барча босқичларида, пойдевор қўйишдан оҳирги пардозлаш ишларигача, инобатга олиниши шарт экани қайд этилди.

Турли материалларнинг ўтга чидамлилик кўрсаткичлари асосий шаҳарсозлик ШНК 2.01.02-04 “Бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги” ҳужжатида келтирилган.

Қайд этилишича, мутлақо оловга бардошлилик даражаси билан минерал хом ашёлари тавсифланади. Ёнмайдиган хусусиятлар ва оловга юқори бардошлилик даражаси хусусиятига, аксарият қурилиш материаллар сифатида ишлатиладиган табиий тош, ғишт, бетон қоришмалари, асбоцементлар ва ойнадан ясалган материаллар эга. Таркибида органик компонентларига эга бўлган ва махсус термокимё ишлов берилмаган материаллар, яқин атрофида ёнғин ўчоғи ҳосил бўлганда хавф манбаига айланиши мумкин.

Ҳар бир маҳсулот тури сертификатга (ёки синов протоколи) эга ва унда тегишли бўлган хавфлилик гуруҳнинг аниқ кўрсатгичлари кўрсатилган бўлиши керак.

Анжуманда шундай маҳсулотларнинг баъзиларига тўхталиб ўтилди:

Гипсокартон

Қалинлиги 8-12 мм бўлган стандарт гипсокартон плитаси бевосита очиқ олов таъсирига 15-20 минут давомида бардошли бўлиб, сўнгра унинг емирилиш жараёни бошланиши мумкин.

Сендвич панеллар

Сендвич панелларнинг оловга бардошлилигини бутлигича тавсифлаб бўлмайди; улар қандай материаллардан тайёрланганлиги аниқланиши керак. Масалан, пўлат тунукали ва қалинлиги 150 мм бўлган полиуретанли иситкич қатламли плитаси 30 дақиқа, шу каби қалинлигида иситгич қатлами кўпикли полистиролидан бўлган плитаси эса 15 дақиқа давомида оловга бардош бера олади.

Газли ва кўпикли бетонлар.

Газли ва кўпикли бетон материаллари яхши оловга бардошлик хусусиятга эга. Агарда, 120 дақиқа давомида очиқ аланга билан шундай бетон плиталаридан ясалган деворига таъсир этилса ҳам, улар заҳарли газ ва тутун ажратмасдан ўз хусусиятини йўқотмайди.

Поликарбонат

Мумкатак пластиклар минимал ёнувчанлик ва алангани тарқалиш ҳамда мўтадил алангаланувчи хусусиятига эга.

Ондулин

Материал битум билан шимдирилган картон ва барча келиб чиқадиган оқибатлар асосида ишлаб чиқилган. Унинг таркибида минерал қўшимчаларнинг мавжудлигига қарамай, ондулин ёнишга чидамсиз бўлиб, ёнғин вақтида юқори хавфга эга.

Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган режага мувофиқ илмий-тадқиқот фаолиятини, сертификациялаш, синаш, лицензиялаш, ёнғинларни тадқиқ ва экспертиза қилиш тизимларини, шунингдек, моддий-техник базасини яхшилаш ва ривожлантириш бўйича масалалар ҳамда йирик ўлчамдаги қурилиш конструкция фрагментларини синовдан ўтказиш учун комплекс қурилиши кўзда тутилган.

Режалаштирилаётган комплекс ўзининг турида Марказий Осиёда ягона бўлади. Таъкидланишича, комплекс фаолияти мамлакатда қурилиш ёнғинга қарши меъёрлаш соҳасидаги илмий тадқиқотларни ривожланишига ва инновацион, рақобатбардош ҳамда хавфсиз, шунингдек, ўтга чидамли қурилиш материалларини яратишга таъсир кўрсатади.


Мақола муаллифи

Теглар

ёнғин

Баҳолаганлар

12

Рейтинг

2.6

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг