“Қуёшни соғинган елкалар”. Адвокатура соҳасида “инқилоб” бўладими?

Таҳлил

image

Яқинда бир адвокат танишим билан анча суҳбатлашиб қолдик. У ўзи билан бўлган бир қизиқ воқеани сўзлаб берди. Айтишича, бироз аввал унинг адвокатлик фирмасига хорижлик инвестор мурожаат қилган. Адвокат у билан шартнома тузиб, “дело” билан танишишни бошлаган. Бу орада инвесторни битта каттакон тергов идораси терговга чақирган. Шунда қизиқ воқеа содир бўлган.

Улар ичкарига киришаётганда назорат-ўтказиш постидаги ходим улардан мобил қурилма ва шу каби техникаларини топширишини айтган. Инвестор бу ҳолатдан ҳайрон қолган. Техникаларини топширишгач, ходим адвокатдан қўлидаги соатни видео тасвирга олиш-олмаслигини сўраган. Адвокат бу оддийгина вақт кўрсатадиган соат эканлигини айтса-да, ходим ундан соатни топшириши лозимлиги, “ичкари”дан шундай буйруқ олганлигини айтган. Наилож қолган адвокат қўлидаги соатни ҳам топширишга мажбур бўлган. Шунда инвестор адвокатга:

“Терговчи барчасини қонун доирасида олиб бораётган бўлса, нега бизнинг телефонлардан қўрқади? Ёки терговнинг қонун рухсат бермаган усулларини ҳам қўллаши мумкинми? Бизнинг давлатда адвокатларнинг ҳуқуқлари яхшигина таъминланган. Ўзингни, яъни адвокатнинг ҳуқуқлари таъминланмаган бўлса, сен қандай қилиб мени ҳимоя қилишинг мумкин?”, деб саволлар берган.

Адвокат эса нима дейишга ҳайрон бўлиб қолган. Нима ҳам дея оларди?

Ўзбекистонда ўтган йиллар давомида адвокатура соҳасига деярли маълум чегаралар доирасида эътибор қаратилди. Фаолият Ўзбекистон Республикасининг 1996 йилдаги “Адвокатура тўғрисида”ги қонуни, 1998 йилдаги “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонуни каби саноқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солиб келинди. Юқоридаги тизим ўзгаришни бошлагач, соҳада ҳақиқий ислоҳотлар бошланмоқда. Бунгача бир қанча давлатлар тажрибаси ҳам ўрганилди.

Энди адвокатларнинг ошиғи олчими?

Жорий йилнинг 10 апрель куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Адвокатура институтини янада такомиллаштириш ва адвокатлар мақомини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Хўш, қандай ижобий ўзгаришлар кутиляпти? 

Ҳозирда “Адвокатура тўғрисида”ги қонун ва бошқа ҳужжатларда Адлия вазирлигининг адвокатура институтини назорат қилиш ва бошқаришга қаратилган бир қанча функциялари мавжуд. Янги ҳужжат лойиҳасида бу каби ваколатлар адвокатларни бирлаштирган институт Адвокатлар палатасига ўтказилмоқда. Буни ижобий баҳолаш керак. 

Шунингдек, 2020 йил 1 сентябрдан адлия органларининг адвокатлик тузилмалари томонидан таъсис ҳужжатларига, устав фаолиятига, рўйхатга олиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартибига риоя этиши устидан назоратни амалга ошириш ваколатлари, шу жумладан, рўйхатга олиш тартибини бузганлик ва адвокатлик тузилмаларининг таъсис ҳужжатлари талабларига риоя этмаганликлари учун жарималар ундириш бўйича ваколатлари бекор қилинади.

Адвокатга бўлган яширин қўнғироқ воқеаси

Адвокатлар ва унинг яқин қариндошлари ҳаёти кўпинча хавф остида бўлади. Янги ҳужжат бўйича адвокат  ва унинг оила аъзолари ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини, уларнинг мол-мулкини давлат томонидан муҳофаза этилишини таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни норматив мустаҳкамлаш ва амалга ошириш, шунингдек уларга тажовуз қилинганлик учун жавобгарликни жорий этиш масаласи таклиф қилинмоқда. Мансабдор ва бошқа шахсларнинг адвокатларнинг касбий ҳуқуқларини бузганлик ва уларнинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлигини кучайтириш кўзда тутилмоқда.

Ҳуқуқшунос-журналист сифатида жиноят иши бўладими, иқтисодий ёки фуқаролик ишими суд жараёнларида қатнашиб тураман. Мана шундай жиноят иши бўйича бир судда қатнашаётганимда, танаффус вақтида бир адвокат Ўзбекистонда қаттиқ қўриқланадиган жазони ўташ муассасаларидан бирида бўлган воқеани айтиб берганди. Воқеа тахминан 2013 йилнинг кузида содир бўлган. У мижозини ҳимоя қилиш учун жазони ижро этиш муассасасига борган. У ердаги назорат-ўтказиш пунктидаги ходимларга жиноят процессуал тартиб бўйича ичкарига кириши, мижози билан суҳбатлашиши лозимлигини айтган. 

Аммо  у ердаги ходимлар унинг адвокатлик гувоҳномасини олиб, бу ҳақда ишни кўраётган терговчига хабар қилган. Уни икки соатча сабабсиз ушлаб туришган. Ахийри адвокат нима сабабдан уни мижозининг олдига қўйишмаётганини сўраганида, ходимлар “юқори”дан буйруқ келган, адвокатни мижозининг олдига қўя олмаслигини айтган. Тез орада ичкарида ушлаб турилган шахс адвокатнинг иштирокисиз ундан воз кечган. Кейинроқ, адвокатга яширин рақамдан қўнғироқ бўлиб, агар бу ишга яна аралашса, қизининг қаерда ўқишини айтиб, унинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкинлиги билан таҳдид қилинган. Ҳа, адвокатлар йиллар давомида ҳуқуқсизликдан қийналиб келишган. Энди эса вазият ижобий тарафга ўзгариши кутилмоқда.

Янги лойиҳа бўйича адвокатлар қонун ижодкорлиги соҳасига ҳам кенг жалб қилинишни бошлайди. Улар ҳатто педагогик фаолиятга ҳам жалб қилинади. Адвокатларнинг касбий вазифаларини бажариши юзасидан хавфсизлигига таҳдидлар туғилса, бунинг ҳимояси бўйича янгича механизм ишлаб чиқилиши айтилган. Бироқ бу механизм қандай бўлади, бу ҳақда тўлиқ маълумот ҳозирча мавжуд эмас.

Жиноий ишда гумонланувчи адвокатнинг уйини тинтишда Адвокатлар палатаси вакили қатнашади

Эндиликда адвокатни мажбурий келтиришга, шахсий тинтув ўтказишга, унинг уй-жойи, хизмат хоналарини, юкларини, шахсий ва хизмат транспорт воситаларини кўздан кечиришга, адвокатни унинг касбий фаолиятига тааллуқли масалалар бўйича сўроқ қилишга, шунингдек унинг почта, курьерлик жўнатмаларини, телеграф хабарларини ва бошқа хабарларни назорат қилишга, ахборот ташишнинг электрон воситаларини кўздан кечиришга ва назорат қилишга, адвокатнинг телефони ва бошқа телекоммуникацион қурилмалари орқали амалга оширилаётган сўзлашувларни эшитиб боришга, алоқанинг техник каналларидан адвокатга боғлиқ бўлган ахборотни олишга йўл қўйилмаслиги қоидалари қонун даражасида белгиланади. 

Ушбу харакатлар адвокат жиноят ишига гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида жалб қилинган тақдирда суднинг санкцияси асосида амалга оширилади. Бунда адвокатнинг уй-жойида, хизмат хоналарида, транспорт воситаларида тинтув ўтказиш, кўздан кечириш Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси вакилининг иштирокида ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг қонун ижодкорлиги фаолиятидаги мажбурий иштирокини қонуний мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раисига Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми йиғилишларида иштирок этиш ҳуқуқи, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига кўриб чиқиш учун масалалар киритиш ҳуқуқи берилади.

Янги лойиҳада Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси вакилини мажбурий равишда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши аъзолигига жамоатчилик асосида киритиш режалаштирилган. Шунингдек, судлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат хизматлари марказлари биноларида адвокатларга бепул тақдим этиш асосида уларнинг касбий фаолиятларини амалга оширишлари учун шароит яратиш ҳамда аҳолининг малакали юридик ёрдамга киришини таъминлаш мақсадида алоҳида хоналар ажратилиши бошланади. 

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида фуқаролар мурожаат қилишлари учун қулай бўлган суд ёки прокуратура марказий органлари жойлашган жойларда ўз фаолиятини амалга ошириши учун зарур бўлган бинолар ва хоналар бепул асосда тақдим этилади.

Соҳада 1 сенябрдан яна нималар ўзгаради?

Амалдаги қонунга кўра, лицензия олиш учун адвокат мақомига эга бўлишга талабгор шахс юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиши, шу жумладан адвокатлик тузилмасида (адвокатлик бюросида, адвокатлик фирмасида, адвокатлар ҳайъатида, юридик маслаҳатхонада) камида уч ой муддат стажировка ўтаган бўлиши керак ҳамда малака имтиҳонини топшириши шарт. Янги лойиҳада эса юридик мутахассислик бўйича икки йиллик иш тажрибасига эга бўлиш тўғрисидаги талаб бекор қилинмоқда. 

Адвокат сўровига адвокат ордери нусхасини илова қилиш тўғрисидаги талаб ҳамда сўровда адвокатлик сирини ташкил этувчи маълумотларни киритиш тўғрисидаги талаб бекор қилинади ва бир вақтнинг ўзида сўровга адвокат гувоҳномасининг маълумотларини киритиш талаби жорий қилинади. Адвокатлик тузилмалари ва юридик маслаҳатхоналарни рўйхатга олиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатишни амалга ошириш Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади.

Адвокатлик тузилмаларини рўйхатга олганлик учун давлат божи миқдорини ўзи келиб мурожаат қилганда, базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 1 бараваригача ва электрон кўринишда мурожаат қилганда, БҲМнинг 50 фоизигача камайтирилади. Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаларини улар томонидан ташкил этиладиган юридик маслаҳатхоналарни ҳисобга қўйиш учун давлат божидан озод этилади. Адвокатлик тузилмалари томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ ставкаси 5 фоизгача пасайтирилади. Ҳозир бу ставка 12 фоизни ташкил қилади. Бу ҳам ўз-ўзидан солиқ тушумини оширади. Яъни адвокат солиқ тўламаганликда айбланишдан кўра, белгиланган ва чўнтак кўтарадиган солиқ фоизини тўлайди, қутулади.

Адвокат ўз касбий фаолиятини амалга ошириши учун зарур бўлган компьютер, электрон, мобил ва бошқа алоқа қурилмаларини ҳамда техника воситаларини судлар, бошқа барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва нодавлат органлари, муассасалари, ташкилотлари биноларига тўсқинликсиз олиб кириш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ҳам соҳада ижобий ўзгариш қилишга бўлган дадил қадам ҳисобланади. Юқорида биз айтган ҳолатлар сони кескин қисқаради, терговчи ва бошқа шахслар белгиланган қонун нормалари бўйича ҳаракатланишга мажбур бўлади. Ўз-ўзидан тақиқланган тергов усуллари ҳам йўқ бўлади.

Айрим тўловлар адвокатнинг жами даромадига кирмайдиган бўлади

Сентябрдан бошлаб адвокатлик тузилмалари томонидан нақд пулсиз кўринишда амалга оширилган қуйидаги тўловлар адвокатнинг жами даромадига кирмайди:

•    адвокатлар малакасини ошириш ҳамда адвокатларнинг таълими ва касбий тайёргарлиги билан боғлиқ бошқа харажатлар;
•    Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига кириш ва аъзолик бадаллари;
•    адвокатнинг ҳаёти, соғлиғи ва фуқаролик жавобгарлигининг суғуртаси бўйича харажатлар;
•    адвокатнинг хизмат сафари харажатларининг ёки хизмат сафари билан боғлиқ компенсация тўловларининг тўлиқ ҳажми;
•    адвокат ёки унинг оила аъзоларининг санаторий-курорт даволаниши, дам олиши, стационар ва амбулатор даволаниши учун харажатлар, шунингдек уларни қоплаб бериш қиймати;
•    мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим муассасаларида адвокат болаларининг таълими, таъминоти бўйича харажатлар;
•    Ўзбекистон Республикасидаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва олий ўқув юртларидаги (ўзи, шунингдек фарзандлари ёки турмуш ўртоғи – йигирма олти ёшгача) таълим бўйича харажатлар;
•    адвокатларнинг ўн олти ёшгача бўлган болалари учун (ўқийдиганлар – ўн саккиз ёшгача) Ўзбекистон Республикасида жойлашган болалар оромгоҳлари ва бошқа соғломлаштириш оромгоҳларига йўлланмалар бўйича харажатлар.

Яна бир қувонарли ҳолат, адвокатлик касбининг обрўсини ошириш ҳамда судлов иш юритувининг айблов тарафга оғишини истисно этишни, қонунларга қатъий риоя қилишни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини ҳамда суд процессида тортишув тамойилини таъминловчи замонавий ва хақиқатдан мустақил бўлган, хар томонлама касбий ва хаётий тажрибага эга бўлган судьялик корпусини шакллантириш мақсадида, 2025 йил 1 январдан судьяликка номзодларга қўйиладиган мажбурий талаблардан бири бўлиб, адвокат сифатида икки йилдан кам бўлмаган иш стажининг мавжуд бўлиши белгиланади.

Хулоса

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекситон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси ёдингизда бўлса керак. Унда давлат раҳбари адвокатура институтини такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлашни янги босқичга кўтариш зарурлигини айтганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ёш адвокатлар сони саноқли эканини танқид қилиб, адвокатлар нуфузи ва мақомини ошириш, адвокатура институтининг мустақиллигини таъминлаш шарт эканини тушунтирганди.

“Яқин истиқболда Адвокатура институтини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш лозим. Ҳеч бир идора адвокатларнинг фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги шарт. Айни вақтда адвокатларга нисбатан қўйиладиган малака талаблари ҳам ушбу концепцияда тўлиқ акс этиши зарур. Бу борада биз ривожланган давлатларнинг илғор тажрибасини ҳар томонлама ўрганишимиз керак”, деб айтганди Президент.

Ўйлаймизки, юқоридаги лойиҳа ҳам ушбу концепция ишлаб чиқилишининг дебочаси ҳисобланади. Қарор билан дадил қадам ташланмоқда. Буни алоҳида эътироф этиш зарур. Шу билан бирга, адвокатура институтининг мустақиллигини таъминлаш йўлида ривожланган давлатларнинг илғор тажрибасини ҳар томонлама ўрганишни давом эттириш керак бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев судья адвокат Адвокатлар Палатаси

Баҳолаганлар

71

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг