Андижонда хорижий университет фаолияти ташкил этилади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 10 апрель куни “Ўзбекистонда Шарда университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” каналида хабар берилди. 

Қарорга мувофиқ, Андижон вилоятида ташкил этиладиган Университетда ўқитиш Ўзбекистоннинг давлат таълим стандартлари талабларини ҳисобга олган ҳолда Шарда университети (Ҳиндистон Республикаси) таълим дастурлари асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича амалга оширилади.

Университетда электр муҳандислиги, ахборот технологиялари ва киберхавфсизлик, компьютер тизимларига хизмат кўрсатиш, электроника, коммуникация инжиниринги, бизнес-менежмент ва талаб юқори бўлган таълимнинг бошқа йўналишларида юқори малакали мутахассислар тайёрланади.

Университетда таълим фаолияти 2019–2020 ўқув йилидан бошланади.

Абитуриентлар қабули ва Университет битирувчиларини аттестациядан ўтказиш муассис (“Sharda Educational Trust” таълим трасти) томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади.

Университетда таълим олиш инглиз, ўзбек, ва рус тилларида кундузги шаклда, тўлов-контракт асосида ҳамда Университет битирувчиларининг потенциал иш берувчилари – юридик шахслар томонидан тақдим этиладиган таълим грантлари бўйича, шунингдек, ёшларнинг таълим олиши учун аввало мамлакат ҳудудлари томонидан ажратиладиган хайрия эҳсонлар ҳисобига амалга оширилади.

Университетда таълим бериш ва ўқув жараёнини ташкил этиш учун малакали хорижий профессор-ўқитувчилар жалб этилади.

Университет битирувчиларига Ўзбекистон ва Ҳиндистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган диплом берилади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Президент қарори Андижон Шарда университети

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг