Тошкентда Д.И.Менделеев номидаги РКТУ филиали очилади – Президент қарори

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 7 июнь куни “Тошкент шаҳрида “Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ушбу қарорнинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори

Республика иқтисодиётининг саноат тармоқлари учун малакали кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштириш, олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, 2018-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникациявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича келишувларни амалга ошириш юзасидан амалий тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”)ни ижро этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Ўзкимёсаноат” АЖ ва “Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг (Россия Федерацияси) (кейинги ўринларда –Университет) Тошкент шаҳрида “Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин (кейинги ўринларда – Филиал).

2. Қуйидагилар Филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

•    республиканинг саноат тармоқларидаги муҳим илмий-технологик вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали муҳандис-техник кадрларни халқаро таълим стандартларига мувофиқ тайёрлаш;

•    наноматериаллар кимёвий технологияси, материалшунослик ва материалларни коррозиядан сақлаш, материалларга бадиий ишлов бериш технологияси ва саноат ишлаб чиқаришининг бошқа соҳаларида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар олиб бориш;

•    таълим ҳамда илм-фаннинг узлуксизлиги ва изчиллиги, шунингдек, уларни жаҳон таълими ва илм-фани ҳамжамиятига интеграция қилиш ҳисобига мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

•    муҳандис-техник ва илмий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга йўналтирилган янги таълим дастурлари ҳамда ўқитиш шаклларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш;

•    таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг яқин интеграциялашуви учун шарт-шароитлар яратиш;

•    илмий-педагогик салоҳиятнинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш, педагогик технологиялар ва ўқитиш усулларини фаол такомиллаштириш;

•    таълим ҳамда илмий-техникавий соҳаларда хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва бизнес ҳамжамияти билан узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.

3. Белгилансинки:

•    Филиал Университетнинг алоҳида таркибий бўлинмаси – олий таълим муассасаси ҳисобланади;

•    Филиал, Университет билан келишган ҳолда, таълимнинг бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг кадрларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олиб, барча даражалардаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, шу жумладан, илмий-педагог кадрларни тайёрлаш ишларини амалга оширади;

•    Филиалда ўқитиш рус тилида, Россия Федерациясининг федерал таълим стандартларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет томонидан тасдиқланган ўқув режалари ва дастурлар асосида амалга оширилади;

•    Филиалнинг таълим фаолияти 2019/2020 ўқув йилидан бошланади;

•    Филиалга абитуриентларни қабул қилиш, таълим фаолияти ва Филиал битирувчиларини аттестациядан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет томонидан белгиланадиган талаб, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;

•    Филиал битирувчиларига ўқишни битирганларидан сўнг Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган белгиланган намунадаги диплом берилади.

4. Маълумот учун қабул қилинсинки:

а) Университет қуйидагиларни таъминлашда кўмаклашади:

•    ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологиялари, фан ва техниканинг энг янги ютуқларини жорий этиш;

•    Филиал мутахассисларининг малакасини ошириш ва профессор-ўқитувчилар таркибини қайта тайёрлаш;

•    Филиал кутубхона фондини шакллантириш ҳамда уни замонавий ўқув, ўқув-услубий ва илмий-техникавий адабиётлар билан тўлдириш;

б) Тошкент кимё-технология институти Филиалнинг академик ҳамкори ҳисобланади ва у:

•    Филиалнинг профессор-ўқитувчилари таркибини шакллантиришга кўмаклашади;

•    илмий-методик ёрдам кўрсатади, лаборатория ва илмий-тадқиқот ишларини бажариш учун лаборатория хоналари, ўқув адабиётлари ҳамда ускуналарни беғараз асосда тақдим этади.

5. Қуйидагилар:

•    Тошкент шаҳридаги “Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалида кадрлар тайёрлаш бўйича бакалавриат таълимининг асосий йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари 1-иловага мувофиқ;

•    Тошкент шаҳридаги “Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалининг Васийлик кенгаши таркиби (кейинги ўринларда – Васийлик кенгаши) 2-иловага мувофиқ;

•    Тошкент шаҳридаги “Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш бўйичаТашкилий комиссия таркиби 3-иловага мувофиқ маъқуллансин.

6. Ташкилий комиссия:

•    2019 йил 1 августга қадар Филиални жойлаштириш бўйича бино ва иншоотлардаги зарур таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга оширсин, шунингдек, Филиал талабалари ва ўқитувчилари яшаши учун ётоқхона тайёрласин;

•    2019 йил 25 августга қадар Филиални жойлаштириш ҳамда уни зарур мебель, инвентарь, замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, кутубхона фонди, компьютер ва бошқа оргтехника билан таъминлансин.

7. Белгилаб қўйилсинки:

а) Филиалга қабул квоталари манфаатдор вазирлик ва идораларнинг тегишли кадрларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олиб, Университет ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда, Филиал Васийлик кенгашининг қарори билан тасдиқланади;

давлат гранти асосида таълим олган Филиал битирувчилариреспублика ташкилотларига беш йилдан кам бўлмаган муддатга мажбурий ишлаб бериш шарти билан ишга тақсимланади;

б) Филиал фаолиятини молиялаштириш:

•    талабаларни давлат грантлари бўйича ўқитиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, бироқ Филиалга ўқишга қабул қилинадиган талабалар умумий сонининг 40 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда;

•    талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

•    Васийлик кенгаши қарорлари асосида шакллантириладиган пул маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда мақсадли бадаллари;

•    халқаро молия институтлари грантлари;

•    қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

8. Филиал Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, ТТЗ-1 мавзеси, 47-уйда жойлашган Мирзо Улуғбек саноат касб-ҳунар коллежи биносига бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

Белгилаб қўйилсинки, Мирзо Улуғбек саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ўқув жараёнини Мирзо Улуғбек саноат касб-ҳунар коллежи биносида ўқишлари битгунга қадар давом эттирадилар.

9. “Ўзкимёсаноат” АЖ корхоналарининг уларнинг маблағлари ҳисобидан Филиални ташкил этиш, унинг моддий-техника ва ўқув базасини шакллантириш билан боғлиқ ташкилий тадбирларни, шу жумладан, бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, зарур мебель, инвентарь, замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, компьютер ва бошқа оргтехника, кутубхона фонди билан таъминлаш ишларини молиялаштириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

10. Белгилаб қўйилсинки, Филиалга Университетдан жалб қилинадиган профессор ва ўқитувчиларнинг хизмат сафари харажатлари ўқув жараёнининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, тузилган шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.

11. Филиалга ўқитувчилик ва илмий фаолият олиб бориш учун таклиф этиладиган хорижлик профессор-ўқитувчиларнинг яшаш ҳамда транспорт харажатларини тузиладиган шартномалар асосида, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тарифларда тўлашга рухсат берилсин.

12. Белгилансинки, Филиал таъминоти учун бюджет ажратмалари 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижтимоий соҳа бўйича тасдиқланган харажатлар параметрлари доирасида ажратилади, 2020 йилдан бошлаб эса мазкур соҳанинг йиллик харажатлар параметрларида назарда тутилади.

13. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Университет ва “Ўзкимёсаноат” АЖ билан ҳамкорликда:

•    икки ой муддатда таъсис ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ва келишилиши, Филиалнинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши ва унинг ташкилий тузилмаси тасдиқланиши;

•    2019 йил 1 августга қадар Филиалнинг танлов асосида малакали профессор-ўқитувчилар таркиби билан тўлдирилишини таъминласин.

14. Филиалга иккита енгил автотранспорт, жумладан, битта хизмат ва битта навбатчи автотранспорт воситасини сақлашга лимит ажратилсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Филиал буюртманомаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар таркиби ва маъмурий ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари консуллик ҳамда бошқа йиғимлар ундирилмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Филиал буюртманомаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар таркиби ва маъмурий ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун давлат божи ундирилмасдан белгиланган тартибда кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш манзиллари бўйича вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши ҳамда унинг муддати узайтирилишини таъминласин.

17. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Филиал буюртманомаларига биноан чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини олиб бориш учун тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.

18. 2022 йил 1 июнга қадар Филиал фаолиятини таъминлаш ва уни жиҳозлаш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ўқув ва илмий лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, ўқув ва илмий-методик адабиёт, инвентарь ва моддий-техник ресурслар божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилсин.

19. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 
20. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                                        

Шавкат Мирзиёев

Тошкент шаҳри,
2019 йил 7 июнь

 


Мақола муаллифи

Теглар

Президент қарори

Баҳолаганлар

23

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг