Сўнгги икки йилда Ўзбекистонда салкам 1200 нафар фуқаро овқатдан заҳарланди

Жамият

image

2017 йилда режа асосида озиқ-овқат ишлаб чиқариш корхоналари, савдо объектлари ва умумий овқатланиш жойларида ўтказилган санитария назорати давомида 587 та тадбиркорлик субъектининг барчасида санитария қоидалари ва гигиена нормативлари қўпол равишда бузилгани аниқ­ланган.

Республика давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг “Халқ сўзи“га тақдим этган маълумотига кўра, 2017-2018 йилларда 1190 нафар фуқаро, шундан 222 нафар бола овқатдан заҳарланган. Ачинарлиси, уларнинг 9 нафари вафот этган. Уюшган жамоаларда гуруҳли овқатдан заҳарланиш 2017 йилда 8 та, 2018 йилда эса 7 та ҳолатда қайд этилган. Шулардан 4 таси мактабгача таълим муассасаларида рўй бериб, 73 нафар бола “ўткир диарея, дизентерия” инфекцион касаллиги ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

Сўнгги икки йилда жами 102 минг 44 та умумий овқатланиш ва озиқ-овқат савдо объектидаги 54 минг 62 нафар ишчи тиббий кўрикдан ўтмаганлиги аниқланган. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари вақти-вақти билан зарарсизлантириш (суварак, пашша ва бош­қа шу каби ҳашаротларга қарши курашиш) тадбирларини ўтказиш, бунинг учун хўжалик ҳисобидаги дезинфекция станциялари билан шартнома тузиши талаб этилса-да, улар томонидан бу масалага умуман аҳамият берилмаган. Шу билан бирга, деҳқон бозорларининг ҳаммасини ҳам санитария-эпидемиологик ҳолати талаб даражасида, деб бўлмайди.

Афсуски, 2018 йилнинг сентябрида Қарши шаҳридаги “Бахтли оила” тўйхонасида ўтказилган тўйда 70 нафар фуқаро ов­қатдан заҳарланган бўлишига қарамай, санитария-эпидемиология марказига ушбу объектдаги заҳарланиш ҳолатини текшириш ва профилактика чораларини амалга ошириш мақсадида қисқа муддатли санитария назоратини ўтказишга рухсат берилмаган.

Шу боис ху­сусий тадбиркорлик субъект­ларига тегишли озиқ-овқат ва умумий ов­қатланиш жойларида ҳам давлат санитария назоратини исталган вақт­да, ҳеч қандай монеликсиз, молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда ўтказиш ҳуқуқини бериш масаласини кўриб чиқилади. Инсоннинг ҳаёти ва соғ­лиғи барча нарсадан, жумладан, тадбиркорнинг молиявий манфаатларидан ҳам устунлиги бош мезон қилиб олинади.

“2018 йил ­давомида республика бўйича 509 минг 489 та озиқ-овқат намунаси лаборатория текширувидан ўтказилганда, 22 минг 661 таси санитария қоида ва меъёрларига жавоб бермаслик ҳолатлари аниқланган”, дейди Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази директори Баҳром Алматов.

Алматовга кўра, ҳудудларда мониторинг олиб борилганда янги қурилган ёки қайта ташкил этилган тўйхона, ошхона ва кафе-ресторанларнинг лойиҳа бўйича бунёд этилмагани ва бунда маҳсулот ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш ҳамда реализация қилиш учун етарли шароитлар яратилмагани, озиқ-­овқат маҳсулотларини тайёрлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлар ва ошхона ходимларининг фаолиятга доир мутахассисликка эга эмаслиги, билим ҳамда маълумотининг йўқлиги ана шундай муаммоларни келтириб чиқаряпти. Бундан ташқари, тўйхоналарда санитария қоидаларига зид равишда тайёрланган сифатсиз овқат, салат ва кремли қандолат маҳсулотлари дастурхонга қўйилаётгани, умумий овқатланиш объектлари, жумладан, мактабгача таълим муассасалари ошхоналаридаги ускуналар, яъни печ, электр қозон, идиш-товоқ ювиш машиналари, санитария ускуналари, вентиляция тизими, совиткич ва музлаткичлар билан етарлича таъминланмагани салбий оқибатларга сабаб бўл­моқда.

Юқоридагиларни инобатга олиб, сенаторлар томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш масалалари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига парламент сўрови юборилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Овқатдан заҳарланиш

Баҳолаганлар

5

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг