“Мен кимман” - Зеленский Янги йил табригида мавжуд стереотипларни парчалаб ташлади
Олам
−
06 Январь 2020
13884Янги йил арафасида давлат раҳбарларининг халқига табрик йўллаши анъанага айланган. Одатда табрикда якунланган йил давомида эришилган ютуқлар тилга олинади ва кириб келаётган йилда бунданда каттароқ ютуқларга эришиш тилаб қолинади. Аммо Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Янги йил табриги ўзгачалиги билан тилларга тушди. Қуйида ўша самимий табрик нутқи келтирилади.
“Қадрли украинлар.
Одатда Президентлар Янги йил табригида бизга ЯИМ ўсиши, инфляция тушиши, имплементация, диверсификация ва бошқа тушунарсиз терминлар ҳақида гапиришади. Бир сўз билан айтганда бизнинг ҳаётимиз яхшиланганига, аммо биз буни ҳали пайқамаганимизга ишонтиришади ва шунинг учун, кўпинча мурожаат вақтида овозни ўчириб қўямиз. Тезроқ шампан виноси, шпротли бутерброд ва оливьега ўтиш учун у мурожаатини якунлашини кутамиз.
Бугун бошқача бўлади. Келинг бугун ҳар ким ўзига муҳим саволнинг жавобини беради: мен кимман? Украина Президенти, муваффақиятли адвокат, оддий уй бекаси, могилянкалик талаба-файласуф, Черкасс вилоятилик агроном. Кимман мен? Шарқда мамлакатни ҳимоя қилаётган собиқ фотограф? Италияда идиш-товоқ юваётган собиқ физик? Новосибирскда осмонўпар бино қураётган собиқ кимёгар? Бошқа жойга кўчиб, шахсий ишини очган донецклик шифокор? Ёки бошқа жойга кетиб, икки йил таксичилик қилиб, яна қайтиб келган лугансклик ўқитувчи? Мен кимман? Ўн йил чет элда яшаб, Украинани интернетда яхши кўрувчими? Қримда барчасини йўқотиб, Харьковда ҳаммасини нолдан бошлаган одамми? Мамлакатдан қочиб кетишни истаётган ІТ устасими? Ёинки уйига қайтишни истаган асирми?
Кимман мен? Ўз она тилини ҳимоя қилаётган франковликми? Ўз она тилисини авайлайдиган асли гурзуфликми? Она тилисини қадрлайдиган береговоликми? Ёки она тилида гаплашаётган краматорликми? Украин тилини ўрганганми? Негаки давлат тилини билиш одатий ҳолат. Буни хоҳламаётган одамми? Мен кимман? Солиқларни тўловчими? Йўлларни бутловчими? Уйида ит боқувчими? Маллами? Мусулмонми? Эшитиш қобилияти паст одамми? Зайтунни ёқтирмайдиганми? Либерал? Аълочи? “Тахтлар ўйини”ни кўрмаган? Сангвиник? Вегетариан? Метрода жой бермайдиган? Қон донори? Пластикдан воз кечган? Буларнинг бари бизникилар. Булар украинлар. Борича. Мукаммал ҳам, муқаддас ҳам эмас. Чунки шунчаки одамлар. Тириклар. Ўзларининг камчилик ва “қумурсқа”лари билан. Аммо бизнинг паспортимизда тўғри ёки нотўғри украин экани кўрсатилмаган. “Ватанпарвар”, “малоросс”, “ватник”, ёки “бандеровец” бандлари йўқ. У ерда ёзилган: ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўлган “Украина фуқароси”. Биз сиз билан жуда фарқлимиз.
Ҳўп, биз киммиз? 73 фоизи Президентни танлаган. 25 фоизи уни тан олмайдиган. Ёки сайловга бормаганларданми? Рождествони 25 декабрда нишонлайдиганларми? Ёки еттинча январда? 100 йил белгиси борларданми? Ёки 2014 йилда учрашганми? Дунёдаги энг катта самолётни қурган ёки хавфсизлик камари ўрнига “заглушка” қўювчиларми? Жаданни ўқияпмиз ёки Марувни эшитяпмизми? “Тақдир ҳазили” ёки “Уйда ёлғиз”ни томоша қиляпмизми? “Динамо”га ёки “Шахтёр” мухлислик қиляпмизми? 8 мартни нишонлайдиганми? Ёки аксинча уни “япалоққуш” сарқити дегувчими? Якшанбада черковга боряпмизми ёки шанбада ҳеч нима қилмаяпмизми? Биз “Мен сени севаман” дейдиганлармиз. Бизнинг боримиз шу.
Бундай фарқли инсонлар қандай бир жойда яшайди. Ажралиб олиш керакми? Улкан тўсиқ билан ажралиш керакми? Бизнинг фарқли жиҳатларимиз бирор аҳамиятга эгалигига ким ишонтирди? Агар бундай бўлмасачи? Ўйлаб кўринг, бизни оз нарса бирлаштириб турибдими? Биз буюк украинлар билан бирдек фахрланамиз. Шевченко ёки Леся Украинка сайловда кимга овоз берганини билиб, уларни ҳурмат қилмай қўярмидик? Агар Сковорода ёки Хмельницкий НАТО бўйича турли қарашларга эга бўлса-чи? Каденюк ва Лобановский қайси черковга бориши бизга муҳимми? Антонов ва Королёв автомобиль божи тўғрисида нима ўйлаши? Ступка ва Биковнинг “норманд шакли”га қараши-чи? Биз уларни бошқа нарса учун қадрлаймиз, негаки биз аслида бошқа нарсаларни қадрлаймиз.
Биз ўзимизникилар “Евро”га чиққанида бирдек қувондик. Равон йўлда юрганда бирдек мамнун бўламиз. Биринчимиз туғилганда бирдек хурсанд бўламиз. Ўғил ёки қизлиги муҳиммас. Биз славянсклик ёки дрогбичлик бўладими севиб қолсак, бахтли бўламиз. Тернополдаги аскарларимиз қабридаги хоч ватанпарварликда баҳслашмайди. Бизнинг денгизчилар ва асирлар қайтганида украин тилида сўзлашувчилар ҳам, рус тилида сўзлашувчилар ҳам, оддий уй бекаси, омадли адвокат ва Украина Президенти ҳам қувончдан йиғлади.
Тарихимизда бизни бирлаштирувчи ҳодисалар оз эмас. Биз эса онда-сонда ягона давлат бўлишга ўргандик. Янги йилда ҳар куни ягона мамлакат бўлишимиз керак. Бу бизнинг миллий ғоямиз бўлиши керак. Давлатимиз келажаги учун биргаликда ўзаро ҳурмат билан яшашни ўрганишимиз керак. Ахир биз, уруш бўлмаган, ўз фуқаролари ва ҳудудини қайтариб олган мана шу истиқболли ва ривожланаётган мамлакатни биргаликда ташкил қиламиз. Кўча ёритилган ва асфальт қилингани учун унинг номи қандай экани аҳамиятсиз бўлган... Қандай ҳайкал остида севган қизини кутаётганининг фарқи бўлмаган... Агар биз келажакни биргаликда кўрсак, бу бизни бирлаштириши керак.
Қадрли украинлар! Янги 2020 йилда ҳаммамизга бир-биримизни ҳурмат қилишни, соғ бўлишни, кулиш учун имконият ва сабаблар бўлишини тилайман. Ҳаммага яхши дам олиш, ширин уйқу, кўп еб қўймаслик ва, албатта, тонгда енгил ва ёқимли бош айланишини тилайман. Барчамизга тинчлик. Келинг Украинани севиш, дунёнинг қайси бурчагида туғилишидан қатъи назар барча украинларни севиш эканини эслаймиз”.