Ортиқова, Давлетов, қаердасиз? Тадбиркорга берилган ваъдани унутдингизми?

Жамият

Олий суд қарорига “олий беписандлик”. Қуйичирчиқ ҳокимига суднинг “гапи” ўтмайдими? north_east

Олий суд қарорига “олий беписандлик”. Қуйичирчиқ ҳокимига суднинг “гапи” ўтмайдими?

Ўтган йилнинг сўнгги ойида айни матбуот анжумани давом этаётган вақтда қуйи чирчиқлик тадбиркор ўз мурожаатини юқори мансабдорларга йўллаган эди. Савол жонли эфирда Олий суд раиси Козимжон Комилов, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва Адлия вазири Руслан Давлетов ўтирган минбарга қарата берилди. Юқори мансабдорлар тадбиркорнинг иши, албатта, кўриб чиқилишини айтди.

Тадбиркор уларнинг жавобларидан қониқмай QALAMPIR.UZ сайтига мурожаат этган эди. Мақола эълон қилинганидан бироз ўтиб, биз яна фермер билан боғландик. Вазият ҳамон ўзгаришсиз қолмоқда. Бунинг хабарини эшитиб, Тошкент вилояти, Қуйи чирчиқ тумани томон отландик.

Йўл-йўлакай тадбиркорнинг ерлари оралаб ўтар эканмиз, жуда катта ер майдони низо сабаб бўш ётганини кўрдик.  Тадбиркор бизни техникалари жойлашган гаражга бошлади. Сўнгра, фермер Акмалхўжа Турсунхонов  адолатсизликлар тафсилотини сўзлаб берди. 

Светлана Ортиқова ва Адлия вазирига ҳам мурожаат қилдик

“2019 йил 12 апрелда туман ҳокими ҳеч қандай суд қарорисиз, еримни ноқонуний тортиб олди. Биз қонунга бўйсунувчи фуқаро сифатида судга мурожаат қилдик. Охири Олий судгача бордик. Олий суд бизнинг фойдамизга қарор чиқариб берса ҳам, суд қарорига беписандлик билан ижрони ҳеч ким таъминламаяпти. Шунча мақолалар чиқяпти, телевидениеларга мурожаат қиляпмиз. Натижа эса йўқ. 

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқовага ҳам мурожаат қилганмиз. У киши буни назоратга олишини айтди. 20 кундирки, ҳеч қандай натижа бўлгани йўқ. Ҳеч қандай хат ҳам берилмади. Ҳалигача жавоб йўқ.

Адлия вазирига ҳам мурожаат қилдик. У ҳам қонуний кўриб чиқишини айтди. Бироқ натижа бўлмади. Вилоятга, сўнгра туманга қараб тушиб келаверди. Ҳеч ким бизнинг ҳақ-ҳуқуқларимизни ҳимоя қилмаяпти. Ҳаттоки, Ёшлар иттифоқига ҳам бордик. Неча маротаба мурожаат қилиб келганмиз. Булардан ҳам наф келмади. Улар фақат қонунни бузиб қўйса, ўшаларни ҳимоя қиларкан. Бизга ўхшаган ёш тадбиркорларни ёнига олиб ҳимоя қилмас экан. Бугунгача муҳтарам юртбошимиз ёшлар сиёсати ҳақида кўп таъкидлади. Тадбиркорлар ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашини айтди. Лекин ҳеч ким бизни қўллаб-қувватламаяпти. Отангга бор, онангга бор...”, дейди шикоятчи тадбиркор.

Қонунни мен эмас, давлат органлари бузмоқда

“Гулистон агро файз” фермер хўжалиги раҳбари бўлган бу тадбиркор 380 гектарли еридан олган ҳосиллари ва боқишни режа қилган чорваларидан сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ният қилган экан. Бироқ, қани энди тадбиркорликка йўллар у ўйлаганчалик очиқ бўлса...

“Кўриб турибсизлар. Шунча янги техника сотиб олдик. Буларни бекорга қилмаганмиз. Юқори ҳосил олайлик, давлатимиз ривожига ҳиссамиз қўшилсин, ишчи ўрин яратайлик, дедик. Чорвачиликни ривожлантириб ўзим сут ва гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқараман деб цехлар қурдим. Савдо дўконим ҳам тайёр ҳолга келган, деярли. Умидларимиз ҳаммаси саробга айланди. Бу давлатда қонун бор, лекин унга ҳеч ким амал қилмайди-да”, дейди фермер норозилигини яширмай. 

Мурожаатчининг айтишича, олий суд қарорини ҳеч ким ижро қилишни хоҳламаяпти. 380 гектар ерни ноқонуний тортиб олиб, суд қарори чиқса ҳам ҳоким қайтариб беришни ўйламаётган экан. Унинг фикрича, туманга фақат инвестор керак, аммо ўзбек тадбиркори эмас. Тадбиркор ўртада рақобат бўлишини талаб қилмоқда. Унга барча режаларни бажаришига қарамай, ери тортиб олингани қаттиқ таъсир қилган. 

“Агар мен қонунни бузсам, суд қарори ўша суд мажлисининг ўзида ижрога қаратилади. Амалдор қонунни бузса, унга қонун йўқми? Мен шундай ўйлаяпманки, бизда иккита қонун бор. Оддий фуқароларга бир қонун, амалдорларга бошқа қонун. 

Бизнинг тақдиримиз билан ҳеч ким қизиқмаяпти. Шунча қилган меҳнатимиз самарасиз кетмаслиги учун шунча курашдим. Бу техникаларим металлом бўлади. Айбим бўлса, туман ҳокими айтсин. Икки қўлимни кўтариб кетаман. Мен бу даражага осонликча эришганим йўқ. Оддий деҳқонни фарзандиман”, дейди мурожаатчи куюниб. 

Ҳокимлик ва прокуратура қизиқ жавоби

Ҳатто, Олий суд қарорининг ижро қилинмаслиги бу қонунларга жуда катта ҳурматсизлик. Вазият бу даражада эмасдур дея яхши гумонда бўлдик ва ҳокимлик эшигини тақиллатдик. Биз ушбу масъул идорада ҳокимни топа олмадик. Ҳокимнинг котиби бизни телефон орқали туман ҳокими ўринбосари Зикрилло Набиевга улаб берди. Унинг сўзларига кўра, Олий суд қарорига нисбатан шикоят киритилган ва айни вақтда ушбу шикоятнинг натижаси кутилмоқда. 

“Прокуратура тўғрисида”ги ва “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунларга биноан суд қарори ижросини таъминлаш, қонунлар ҳимояси аввало прокуратуранинг ваколатидадир. Шу боис, туман прокуратурасига ҳам кириб, тушунтириш олишни мақсад қилдик. 

Прокуратурада айнан шу иш устидан назоратни олиб борувчи туман прокурори ёрдамчиси Акрам Бобобеков билан учрашдик. Бизга бу масъул идора вакили қуйидагиларни маълум қилди:

“Акмал Турсунхоновнинг туман ҳокими қарорини бекор қилиш бўйича шикояти Олий судда кўриб чиқилган ва қисман қаноатлантирилган. Турсунхонов бу ажримни ҳокимиятга тақдим этган. Ҳокимият томонидан Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича ҳайъатига назорат тартибида шикоят келтирган. Шикоятга жавоб хати келишини кутиб турибди. Кейин шунга қараб шартномалар қилади. Айни вақтда Вазирлар Маҳкамаси 974-сонли қарори амалда бўлганлиги боис кластерга берилган. Қачонки, Олий суднинг жавоби келса, ўшанга қараб шартномалар тузиш белгиланган”, дейди прокурор ёрдамчиси Акрам Бобобеков. 

Биз ушбу қонун ҳимоячиси саналмиш масъул шахсдан тадбиркор Светлана Ортиқовага мурожаат қилгани ва шу сабабли “юқоридан” топшириқ келгани билан қизиқдик. Бироқ, бундай топшириқ берилмагани айтилди. Мурожаатчининг сўзларидан, Светлана Ортиқова ваъдасида турмай, бу иш билан шуғулланмаган кўринади. 

Прокуратура мулозими эса “Қуйи Чирчиқ туман ҳокими томонидан Олий суднинг 2019 йил 8 ноябрдаги қароридан норози бўлиб, 26 ноябрда назорат тартибида шикоят аризаси киритилган”, деган қизиқ жавобни айтди. 

Қонунлар таҳлили

Ҳокимлик ва қонун ҳимоячиси саналмиш прокурор ёрдамчисининг жавоби очиғини айтганда “ёқамизни ушлатди”. Қандай қилиб, Олий суд томонидан назорат тартибида кўрилган ва қабул қилинган қарори устидан назорат шикояти бериш мумкин? 

Яна 8 ноябрдан бери нега бу ижрога қаратилмаяпти? Ахир, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 265-моддасида “Назорат инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради”, дейилган-ку. Ваҳоланки, Олий суднинг қарорига 8 ноябридан бери, яъни икки ойдирки беписанд муомала қилиб келинмоқда. Наҳотки, Олий суд қарори ўйинчоқ бўлса?

Прокуратура ва ҳокимият вакили томонидан 2019 йил 8 ноябридаги қарорига назорат шикояти ёзилгани ва ҳозирда Олий суд жавоби кутилаётгани айтилди. Наҳот икки ойдирки, Олий суд жавоб хати юборилмаган бўлса..? Мурожаатчи айтганидек, наҳотки масала Светлана Ортиқова томонидан ҳам кўриб чиқилмаган бўлса..? Бу саволларимизга жавоблар тез орада берилишига умид қиламиз. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ниғматилла Йўлдошев Олий суд Адлия вазири Светлана Ортиқова

Баҳолаганлар

177

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг