Таниқли шоир Азим Суюн вафот этди
Жамият
−
09 Март 2020
9318Бугун, 9 март куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Азим Суюн 72 ёшида оламдан ўтди.
Азим Суюн 1948 йил 22 февралда Самарқанд вилояти Нурота тизма тоғлари этагига жойлашган Қудуқча қишлоғида туғилган. Накурт қишлоғида Суюн бобоси тарбиясида ўсиб, улғайди. Унинг отаси Олим саводхон бўлганига қарамай, “қулоқ”нинғ ўғли бўлгани учун қўлига чўпонлик таёғини олишга мажбур бўлган. Ёш Азим чўпон отаси кетида юриб, табиат сирлари билан ошно тутинган. Шу нарса бўлғуси шоирнинг шаклланишига таъсир ўтказган.
Шоирнинг “Менинг осмоним” (1978), “Зарб” (1979), “Замин тақдири” (1981), “Хаёлот” (1984), “Зиё йўли” (1986), “Жазо” (1987), “Олис тонглар” (1989), “Куйганим – суйганим” (1994), “Қора кўзинг сенинг” (1994), “Сарбадорлар” (1994) тўпламлари нашр қилинган.
Шунингдек, 1992 йил Туркия Ёзувчилар бирлигининг дипломи билан ҳам такдирланган.
Сўнгги йилларда Азим Суюннинг “Сайланма” (1995) китоби чоп этилди. Унга турли даврда яратилган энг яхши шеърлари ва “Сарбадорлар” достони киритилган.
Шоирнинг 1999 йили “Шарқ” нашриётида чоп этилган “Ўзлик” китобидан турли йилларда ёзилган мақолалар, суҳбатлар, шеърлар, ҳикоялар ва таржималар ўрин олган.
QALAMPIR.UZ таҳририяти марҳумнинг яқинлари ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.
LiveБарчаси