Трамп, Путин ва Саудия подшоҳи нефть масаласида суҳбатлашиб олди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Вашингтондаги матбуот анжумани вақтида 9 апрель куни Россия Президенти Владимир Путин ва Саудия Арабистони подшоҳи Салмон ибн Абдул Азиз билан телефон орқали музокара ўтказганини айтди. Унинг сўзларига кўра, мулоқот жуда ижобий бўлган.

Трампнинг айтишича, сўнгги вақтларда Россия ва Саудия Арабистони бир-бири билан тортишиб, нефть қазиб олишни камайтирмаган. Бу бозорда нефтнинг кўпайиб кетиши ва захираларнинг тўлишига олиб келган.

“Унинг шунчаси керакмас. Ахир, сиз кўриб турибсизку, коронавирус шароитида машиналарда ҳаракатланмай қўйишди”, деган Трамп.

АҚШ раҳбари Россия ва Саудия можарони давом эттириши ҳақидаги саволга жавобан томонлар келишувга яқин қолганини айтди.

“Кўрамиз, энди нима бўлади. Эҳтимол, ҳаммаси яхши бўлар, балки йўқ. Лекин суҳбат яхши бўлди, умид қиламанки, келишувга эришилади”, дея қўшимча қилди Дональд Трамп.

Кремль ҳам телефон мулоқоти ҳақида маълумот берган. Унга кўра, Россия Президенти Владимир Путин Дональд Трамп ва Салмон бин Абдул Азиз билан мулоқоти вақтида нефть бозоридаги вазият ҳамда OPEC+ нинг вазирлар даражасидаги навбатдан ташқари йиғилишини муҳокама қилган. 

Шунингдек, мулоқот чоғида уч давлат раҳбарлари “Катта йигирматалик” (G20) давлатлари Энергетика вазирларининг видеоанжумани ҳақида суҳбатлашган. Етакчилар глобал нефть савдосини барқарорлаштириш ва унинг дунё иқтисодиётига салбий таъсирининг олдини олиш учун ҳаракатларни мувофиқлаштиришга келишган.

Эслатиб ўтамиз, шу кунларда OPEC+ давлатлари ўртасида кунлик нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш бўйича музокаралар давом этяпти. Томонлар ҳозирча аниқ натижага эриша олмаган. Аммо натижа бўлиши кутиляпти. 


Мақола муаллифи

Теглар

нефть OPEC

Баҳолаганлар

146

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг