... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

АҚШ “озод қилган” халқлар тақдири: энди навбат Шимолий Кореягами?


15:58, 14.11.2017 Олам
 4 767

Каддафи даврида мамлакат шу қадар “эзилган”миди? Ишсизларга нафақа 730, ҳар бир туғилган чақалоқ учун 7000 АҚШ доллари, тиббиёт ва таълим соҳаси бепул, электроэнергия текин...

АҚШ демократия тимсоли саналади...
 
Бу мамлакатда энг муҳим қадрият озодликдир. Тўғри, “озодлик” сўзини барча бир хил тушунавермайди. Айниқса, чегараланмаган озодлик бебошликка айланиши тайин. Айни кунларда АҚШ ҳудудида юз бераётган терактлар, бахтсиз ҳодисалар айнан шу “чексиз озодлик”нинг натижаси эмасми?
 
Оилангиз қандай бўлишини сиз ҳал қиласиз? Қўшнингизнинг уйида бошқа қоидалар ҳукм суради...
 
Сиз етти маҳалланинг боласига маслаҳат беришингиз, насиҳат қилишингиз мумкин, аммо асло уйнинг ички ишларига аралашишга ҳақли эмассиз. Рус файласуфи Бакунин таърифи билан айтганда: “Сизнинг эркинлигингиз ўзганинг эркинлиги бошланган жойда тугайди”. 
 
Шу кунга қадар жаҳон ҳамжамияти АҚШнинг раҳбарлари нутқларидаги “халқ озодлиги”га ўралган “рангли революциялар”га томошабин бўлиб келмоқда.
 
Рангли революция” амалга ошган мамлакатлар, албатта, уларни йиллар давомида чегаралаган етакчиларидан “озод” бўлдилар. Хўш, кейин-чи? Кейин улар “озодлик”дан ташқари яна нималарга эришдилар?
 
“Бинафша ранг революция”... Ироқ...
 
Бу атама илк бора Кичик Жорж Буш томонидан тилга олинган. Революция мувафаққият билан амалга оширилди. Ироқ раҳбари Саддам Ҳусайн ҳукумати ағдарилди. Мамлакат кўп партияли парламентар Республикага айланди.


 
Мамлакат Ҳусайннинг ағдарилишидан олдин қандай эди?
Ироқ мактабларининг бирида ўқитувчилик билан шуғулланган аёл шундай дейди: “У вақтлар ироқликлар ўзларини хавфсиз сезар эдилар, ҳаммамиз ироқлик эканлигимиздан фахрланардик”.


 
Ироқда Ҳусайн даврида мактабгача таълимдан то олий ўқув юртигача бепул эди. 1998 йил ҳисоби бўйича 80% аҳоли саводли эди. Аҳоли ночорликдан қийналишининг сабаби эса БМТ томонидан мамлакатга қўйилган қатор санкциялар натижаси эди, халос.
 
2000 йил Кичик Жорж Буш президентликда ғолиб бўлиши билан отасининг эски душманини тахтдан ағдаришга қасд қилди. Жорж Буш Ироқнинг азобланаётган халқи ҳақида ўтли нутқлар сўзлай бошлади. 2003 йилда эса ироқликларга ёрдам беришга отланди. 2011 йилда АҚШнинг сўнги аскарлари ўз ватанларига қаҳрамонлар сингари кириб бордилар.
 
Бу вақтда Ироқ қай аҳволда эди?
 
Халқ Саддам Ҳусайндан қутилганига кўп ҳам хурсанд бўлиб улгурмай, мамлакат ичида динлар ва ирқлараро можаролар чиқа бошлади. Кунлик терактлар ироқликлар учун доимий ҳолга айланди. 2006 йил 20 майдаги сайловлар ҳам ҳолатни ўнгламади. Мамлакат раҳбари бўлган Нури ал-Моликий Ҳусайннинг йўлидан боришга мажбур бўлди. Кўтарилаётган тўфонни тўхтатиш учун “қаттиқ қўл” лозим эди. 
 
Айни кунларда қачонлардир ҳудудда етакчиликка номзод бўлган Ироқ таниб бўлмас ҳолатга келиб қолган. Аввал босиб турилган диний можаролар фуқаролар урушига айланиб кетди ва ҳозирда атрофдаги мамлакатларга ҳам соя солиб турибди.
 
“Араб баҳори”... Ливия... 
 
Можаро 2011 йилда АҚШ тарафдори бўлган исёнчилар томонидан бошланди. Улар Ливиянинг бир қанча шаҳарларини босиб олдилар ва  у ердан туриб Ливия ҳарбийлари билан кураш олиб бордилар. Шу йилнинг 5 март куни исёнчилар Ливияда янги ҳукумат тартибини ўрнатдилар. АҚШ ва Европа Иттифоқи Муаммар Каддафи ва унинг тарафдорларини айблаб, чекловлар эълон қилдилар.
 
18 март куни БМТ томонидан Ироқ устидан йўловчи ташувчи самолётларнинг учиб ўтишини тақиқловчи ва “тинч аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида” исталган воситани қўллашга руҳсат берувчи резолюцияси имзоланди. Бундан сўнг Каддафи ва унинг тарафдорлари жойлашган ҳудуд ҳарбий самолётлар томонидан бомбардимон қилинди.
 
Исёнчилардан анчагача қочиб юрган Каддафи тутиб олиниб, улар томонидан ваҳшийларча қатл қилинди.


 
Каддафи даврида мамлакат шу қадар “эзилган”миди?
 
Мамлакатнинг ЯИМ жон бошига 14 192 АҚШ долларини ташкил қилар, ишсизлар учун ойига 730 АҚШ доллари нафақа, ҳар бир туғилган чақалоқ учун давлат томонидан 7000 АҚШ доллари ажратилар эди. Тиббиёт ва таълим соҳаси бепул. Электроэнергия ҳеч қандай тўловларсиз халққа етказиларди.


 
АҚШ ҳарбийлари Муаммар Каддафининг ағдарилиши Ливияга “Ал-Қоида”ни олиб келганини тан олдилар. Каддафининг кетиши билан мамлакатни омадсизлик тақиб эта бошлади. “Қора олтин” ишлаб чиқарилиши кескин камайди. Нефт маҳсулотлари мамлакат иқтисодининг катта қисмини эгаллагани сабаб Ливия халқи яшаш шароити ёмонлашди.


 
Қачонлардир иқтисоди гуллаб яшнаган мамлакатда бугун ички можаролар, террорчилар ҳаракати билан кураш ортидаги нотинчлик ҳукм сурмоқда.
 
Бор ҳолатни жўнлигича, халқнинг ўзидан билганимиз маъқул.
 
Иброҳим, Ливияда истиқомат қилувчи мисрлик:
“Каддафидан сўнг нотинчлик ва бебошлик бошланди. Каддафи радикал гуруҳлардан хабардор эди ва уларни назорат қилиб турар эди. Энди эса ҳар бир гуруҳ ўз қуроли ва чегараси бор шаҳарларга ўхшайди. Ҳамма ерда террорчиларни учратасиз. Оилалар ночорлашиб бормоқда, минглаб аҳоли тиббий хизматга муҳтож”.
 
Комил, ливиялик:
“Революция вақтида кўпчилик Каддафи тарафда жанг қилди. Исёнчиларнинг кўпчилиги четдан келган эди, революциядан сўнг улар яна мамлакатдан чиқиб кетишди. Иқтисодий аҳвол кескин ёмонлашди”.
 
Муаммар Каддафи тўрт соатлик нутқида ўша вақтдаги президент Барак Обамани тўрт марта “ўғлим”, дея атаган. Нутқ сўзлаётиб у қачонлардир “ўғли” унинг ўлимига сабаб бўлишини ҳаёлига ҳам келтирмаган бўлса, керак.


 
АҚШнинг жорий президенти Дональд Трампнинг Жанубий Корея минбарларида туриб, Шимолий Корея халқи ҳақида куюниб сўзлаётганини кўриб, яқин тарих эсидан чиқмаган одамларнинг кўнглини хижиллик босмоқда. Нутқ давомида яна “озодлик”, “қаттиққўл раҳбар” сўзлари янграмоқда.
 
Осиё бўйлаб расмий ташрифлар давомида Шимолий Кореянинг қўшнилари Трамп билан гольф ўйнаб, талабига биноан қўшиқ куйлаб, ўз одатларидан чекиниб ғоят илиқ кутиб олишидан кўриниб турибдики, КХДРни ҳам яқин кунлардаги “озодлик” кутмоқда.
 
Мамлакатга барча соҳалар бўйича сонсиз чекловлар қўйилган бўлса, халқни қандай қилиб, очлик тақиб қилмаслиги, рўшноликда яшаши мумкин?
 
Қайси бир мамлакатда чегараси олдида ҳарбий машғулотлар ўтказилса, аҳолиси тинч яшай олади?

Бу “ядровий таҳдид”ми ёки ўз-ўзини ҳимоя қилиш?!
Нозимахон Абдураҳимова 

Теглар:Рангли революциялар Араб баҳори КХДР 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

енгенгп
19:27 14.11.2017

хамма диктаторларни такдири шундай



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!