Мирзиёев Тошкентдаги янги боғ лойиҳаси билан танишди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 июнь куни Олмазор туманида бўлиб, бу ерда барпо этиладиган Ғалаба боғи юзасидан кўрсатмалар берди. 

Маълумки, Ўзбекистон халқи Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага катта ҳисса қўшган. Шу боис юртимизда ушбу тарихий сананинг 75 йиллигини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўрилмоқда. Хусусан, пойтахтнинг Олмазор туманида Ғалаба боғини барпо этиш режалаштирилган. 

“Бу боғ халқимизнинг Ғалабага қўшган ҳиссасини намоён этиши, ота-боболаримизнинг қаҳрамонлигини абадийлаштириши керак. Бу ерда Иккинчи жаҳон уруши муҳити, ватандошларимиз қатнашган жанглар ҳақида маълумотлар акс этиши зарур”, деди Шавкат Мирзиёев.

Лойиҳага мувофиқ, боққа киришда рамзий дарвоза шаклида Ғалаба аркаси бунёд этилади. Боғда уруш даври манзаралари, жумладан, окоп ва блиндажлар, палаткалар, дала ошхоналари ва бошқа лавҳалар акс этган композицион мажмуалар қурилади. Ўша даврдаги ҳарбий техника ва қурол-яроғлар кўргазмаси очиқ осмон остидаги музей вазифасини ўтайди. Шунингдек, музей, кутубхона, Wi-Fi зона, амфитеатр ва кинотеатр ташкил этилади.

Ўзбек аёлининг матонати тимсоли сифатида Зулфия ая Зокирова, унинг урушдан қайтмаган беш фарзанди ҳамда бева қолган тўрт келини хотирасига бағишланган “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуаси ўрнатилади.

Мудофаа вазирлиги, Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Бадиий академия, Тошкент шаҳар ҳокимлигига тарихчилар ва жамоатчилик билан маслаҳатлашиб, Ғалаба боғининг концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.

“Боғнинг маъно-мазмуни, экспозициясини чуқур ўйлаш керак. У фақат байрам кунлари эмас, йил давомида ишлайдиган бўлсин. Бу ерга келган ёшлар ўзига билим, руҳ олсин, ғурур-ифтихор туйсин, бугунги тинчликнинг қадрига етиб, ватанпарвар бўлиб улғайсин”, деди Президент.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

40

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг