Одамларнинг фикри инобатга олинадими? Ортиқхўжаев жавоб берди
Жамият 11 Февраль 20:12 6150
image

Аввалроқ, Тошкент шаҳрининг Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларида янги “Business city”лар қурилиши, мазкур шаҳарчалар лойиҳасининг тақдимоти ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик. 

Тақдимот маросимида ҳар бир меҳмон учун ўзбек, инглиз, рус тилларида сўровнома тарқатилди. Унда қуйидаги 7 савол билан мурожаат қилинган:

1.    Қайси ташкилотдансиз?
2.    “Business city” лойиҳасини амалга ошириш бўйича республика раҳбарининг ташаббусини қандай баҳолайсиз?
3.    Сизнингча, “Business city” қандай бўлиши лозим?
4.    Сизнингча, инвесторларни саралаб олиш қандай амалга оширилиши лозим?
5.    “Business city” қад кўтарадиган жойларда қурилишларни бузиб ташлаш ва компенсация тўловлари қай тартибда амалга оширилиши керак деб ўйлайсиз?
6.    Сиз учун ер майдонининг қийматини аниқлаш учун қандай йўл тутиш тўғри ва холис деб ҳисоблайсиз?
7.    Сизнингча, “Business city” лойиҳалари Тошкент шаҳрининг қиёфасини ўзгартирадими?

Саволлар остида эса бир неча вариантларда жавоблар берилган. Респондентлар улардан бирини танлаши керак. 

Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан ташкил этилаётган тадбирларда бундай усулни илк бор қўллаяпти. Боиси пойтахт ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳалар, буз-бузлар, ўрнидаги янги қурилишларни қанча одам қўллаб қувватлаётган бўлса, шунча одам қарши ҳам чиқмоқда. Халқда мусичанинг ҳам ини бузилмасин, деган гап бор. Ким ҳам яшаб турган уйи бузилишини, ўрнига қимматбаҳо кўп қаватли уйлар, бизнес марказлари қурилишини истарди, ўзи эса шаҳарнинг бир чеккасига кўчиб ўтишни хоҳларди. Тўғри, бундайлар йўқ эмас, лекин жуда оз. 

Хўш, сўровнома ўтказишдан мақсад нима? Ҳокимият респондентларнинг фикрини инобатга оладими? QALAMPIR.UZ ушбу савол билан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга мурожаат қилди. 

“Агар одамларнинг фикрини 100% инобатга олинса, бу жойда ҳеч нарса қурилмайди. Қандай бўлса шундайлигича қолади”, деган қисқа жавоб билан чекланди Ортиқхўжаев. 

Балки тез орада Тошкент шаҳар ҳокимияти фаолиятини янада очиқ ва шаффофлигини таъминлаб, бундай сўровномаларни интернет сайти ва ижтимоий тармоқларда ҳам ташкил этар. Боиси, натижа ва холис жавоблар тақдимотларда иштирок этаётган казо-казолар берган овозларда эмас, ўша ҳудудларда яшаётган аҳолининг истакларида намоён бўлади. 
 

Қамариддин Шайхов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 139
Рейтинг: 3.5