... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Ангела Меркель сайловлар олдидан Эрдўғанга ён босмоқда


12:47, 03.02.2017 Олам
 1 483

Германиянинг ички сиёсатида катта рақобат бор. Ангела Меркель қочоқлар масаласида Туркиянинг қўллаб-қувватлашидан манфаатдор.

Германия Федератив Республикаси канцлери Ангела Меркель 2 февраль куни Туркияга ташриф уюштирди. 1 кунлик ташриф билан Анқарага келган Ангела Меркель мамлакат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашди ва Сурия ҳамда Ироқдаги вазият борасида муҳокамалар ўтказди. Учрашув давомида Германия ва Туркия терроризмга қарши курашиш борасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олишди. Бу ҳақда “Euronews” хабар тарқатди.
 
Айтиш керакки, Туркияда 2016 йил 15 июль куни бўлиб ўтган исёндан кейин бу Ангела Меркелнинг  илк ташрифи бўлди. “Туркияда рўй берган давлат тўнтариши юзасидан аниқлик киритиш учун бу воқеага алоқадор ҳар бир кишини синчковлик билан тергов қилиш керак”, дейди Германия канцлери.
 
Туркия раҳбари ва Германия канцлери ўртасида ўтган муҳокамалар чоғида Ражаб Тойиб Эрдўған Германияни Фатҳуллоҳ Гуленнинг террорчилик гуруҳига қарши курашишда чора-тадбирлар кўришга чақирди. Бу ҳақда “Daily Sabah” нашри хабар берди.
 
Туркия раҳбарининг айтишича, улар АҚШга Фатҳуллоҳ Гуленнинг Туркияда рўй берган исёнга алоқадорлигини исботловчи 85 та ҳужжатлар тўпламини тақдим этишган. Аммо қўшма штатлар бу борада ҳамон юридик қарор чиқармаган. Эслатиб ўтамиз, асли туркиялик бўлган Фатҳуллоҳ Гулен 1999 йилдан буён АҚШ ҳудудида истиқомат қилади.
 
Ангела Меркель Туркияга ташрифи давомида мамлакат Бош вазири Бинали Йилдирим билан ҳам учрашди. Анқара Германияни терроризмга қарши курашишда Туркияни қўллаб-қувватламасликда айблаб келади. Сўнгги ўн йилликларда туркиялик курдлар Европа бўйлаб кенг тарқалиб кетди. 2002 йилда Европа комиссияси Курдистон ишчи партиясини расман террорчилик гуруҳи, деб тан олганди. Шунга қарамасдан, курдлар Европа Иттифоқи томонидан берилган ҳуқуқларга кўра, эркин ҳаракат қилишда давом этишяпти. Туркияда курдларнинг ҳужуми оқибатида минглаб кишилар қурбон бўлишган.
 
2006 йилдан 2016 йилга қадар Туркия Германиядан курдларнинг 136 нафар террорчисини қайтариб беришни талаб қилган, аммо шу вақтгача уларнинг фақатгина 3 нафари Туркияга қайтарилган.
 
Европарламентнинг собиқ аъзоси Озан Жайхун Ангела Меркелнинг Туркияга ташрифига баҳо берар экан, “Меркель Германияда ўтказилиши белгиланган сайловда иштирок этаётганлиги муносабати билан Туркиянинг қўллаб-қувватлашидан манфаатдор”, дея таъкидлаб ўтди.
 
Германияда сентябрь ойида мамлакат канцлерлигига сайлов ўтказилиши белгиланган. Ангела Меркель бу гал ҳам сайловда иштирок этиш истагини билдирганди. Шунингдек, бу лавозимга Европарламентнинг собиқ президенти Мартин Шульц ҳам даъвогарлик қилмоқда.
 
“Германиянинг ички сиёсатида катта рақобат бор. Ангела Меркель қочоқлар масаласида Туркиянинг қўллаб-қувватлашидан манфаатдор. Меркель қочоқлар муаммосини ҳал қилишда Туркиядан кафолат олса, ўзининг нуфузини янада мустаҳкамлай олади. Ўз навбатида, Туркия ҳам Германиядан Фатҳуллоҳ Гулен гуруҳини террорчилар деб тан олишни сўрайди”, дейди Озан Жайхун. 
Дурдона Расулова 

Теглар:Туркия-Германия Ангела Меркель Ражаб Тойиб Эрдўған 

Дўстларингиз билан бўлишинг:


Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!