“Андижон воқеалари” сабаб Ўзбекистондан чиқиб кетганлар ватанга қайтди

Жамият

image

2005 йилги “Андижон воқеалари”дан сўнг оиласи билан Россия Федерациясининг Красноярск шаҳрига чиқиб кетган Муроджон Йўлдошевнинг оиласи Ўзбекистонга қайтди.

Унинг турмуш ўртоғи Ўзбекистон фуқароси бўлаган, 1974 йили Қўқон шаҳрида туғилган Кибриё Йўлдошева бир неча йиллик сарсон-саргардонликдан кейин юртга қайтиб келди.

“2007 йили четга чиқиб кетган фуқароларимиз, агар чин дилдан пушаймон бўлиб, кечирим хати ёзса, Ўзбекистонга қайтиши мумкин, деган хабар тарқалди. –– Қайноғам барча ҳужжатларни расмийлаштириб, турмуш ўртоғимни олиб келаман деб Красоноярск томон йўл олди. Афсуски, қидирувда бўлгани сабабли турмуш ўртоғим Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан озодликдан маҳрум қилиниб, уч йил турмада бўлди. 2010 йили у озодликка чиққач, қайнонам ва қайни оғамнинг ташаббуси билан мен ва тўртта фарзандим Красноярск шаҳрига келдик. Икки йилдан сўнг, қайнонам, қисқа вақтдан кейин эса қайни акам оламдан ўтди. Бу ерда тарқалган турли миш-мишлар туфайли Ўзбекистонга қайтишдан қўрқиб, Россияда тўққиз йил қолиб кетдик. Бу муддат мобайнида яна бир фарзанд кўрдик, катта қизим йигирмадан ошди”, дейди Кибриё Йўлдошева.

Шундан сўнг оилавий можаролар ва келишмовчиликлар туфайли Муроджон Йўлдошев  «ўз кунингни ўзинг кўр», деб уйдан чиқиб кетган. 

Кибриё Йўлдошеванинг фикрига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 19 сентябрдаги  “Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони уларнинг ҳаётида катта бурилиш ясаган воқеа бўлди.

“Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлимига мурожаат қилдим. Аниқланишича, мен ва фарзандларим Ўзбекистон ҳудудида хеч қандай қидирувда эмас эканмиз. Яъни, шунча пайт бегона юртда адашиб, қийналиб юрган эканмиз.

Шу ўринда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими ходимларига ҳам алоҳида миннатдорчик изҳор этишни истар эдим. Улар менга Ўзбекистонга қайтиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришда ҳеч қандай ортиқча оворагарчиликларсиз менга астойдил ёрдам беришди”, дея хурсандчилигини изҳор этди Кибриё опа.


Мақола муаллифи

Теглар

Андижон воқеалари

Баҳолаганлар

148

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг