Андижон воқеалари қандай бўлган?
Жамият 22 Март 20:55 42081

Хабарингиз бор, жорий йилнинг, 18 март куни QALAMPIR.UZ томонидан 1991-2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири сифатида фаолият юритган, айни дамдаги Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматович Алматов билан эксклюзив интервью тақдим этилган эди.

Зокиржон Алматов мазкур интервьюда мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг қонли фожиа бўлиб қолган Андижон воқеалари ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди.

“Биласизми, мен учун ҳалигача энг оғриқли савол ана шу Андижон воқеаси ҳисобланади. Мана Андижон воқеаларига шунча вақт бўлди. Бу воқеаларнинг энг асосий сабабчиси, фигуранти деб мени кўрсатишади. Нима учун? Нимага деганда ўша пайтда штаб вазифаларини Президент топшириғи билан мен бажарганман. Штаб бошлиғи ҳисобланганман. Ўша ерда штаб томонидан ишни мен ташкил қилганман. Асосий қарорни мен қабул қилганман. Шунинг учун ҳам Андижондаги қонли воқеага сабаб бўлган шахс деб ҳали ҳам гапиришади”, дейди Зокиржон Алматов.

Собиқ вазирнинг сўзларига кўра, воқеани бир сўз билан тушунтириб бериш қийин ва унинг ҳаётидаги энг оғир нуқталардан биттаси – Андижон воқеаси.

“Биринчидан, ҳар доим мени қийнайдиган масала бор. Шу нарсаларнинг олдини олса бўлмасмиди? Шу даражада одамлар вахшийлашиб кетганмиди? Нима учун эртароқ олди олинмади? Биз шу пайтда қаерда эдик? Андижонда 24 нафар Акромийларнинг суди бўлаётганини биз яхши билар эдик. Лекин бу  яна нима оқибатга олиб келади, ана шу нарса бизга номаълум эди. Нима бизнинг заиф томонимиз бормиди? Оператив маълумотга эга эмасмидик, деган саволлар мени ҳали ҳам қийнайди”, дейди Алматов.

Зокиржон Алматов ўз сўзида давом этаркан, Андижонда баъзи хорижий ОАВ айтганидек 500, 1000 га яқин одам ҳалок бўлди деган гаплар аслида нотўғри эканини қайд этди.

“Менга 12 майдан 13 майга ўтар кечаси Андижон вилояти ИИБ бошлиғи томонидан хабар берилган. Ўша заҳоти мен ишга келганман. Зудлик билан Андижон шаҳри ўраб олинди. Мингдан ортиқ террористик шахсларнинг Ички ишлар идорасига хужум қилиши, ҳарбий қисмдан шунчадан ортиқ қуроллар олиб чиқиши, Вазирликка қарашли тергов ҳибсхонасидан 500 дан ортиқ одамни чиқариб юбориш ва ўз сафига қўшишга ҳаракат қилиши, Андижон-Ўш чегарасида 30 дан ортиқ чет эл мухбирларини йиғиб, Андижонга киришга ҳаракат қилиши, бутун дунёга жар солиши нимадан дарак беради? Демак, бу пухта тайёргарчилик кўрилган сценарий”, деб хотирлади у.

Андижонда террористик шахслар вилоят театрига, кинотеатрига, ҳокимиятга ўт қўйишган. Ҳокимиятни эгаллаб олиб, ИИБга ҳужум қилишган, ўтган-кетганни отиб ўлдиришган.

“Буни нима деб айтсак бўлади? Давлат тўнтаришидан дарак берадими? Ўзини мухолифатмиз, демократмиз деб юрган инсонлар шу нарсани кўра-била туриб, нима учун нотўғри баҳо беришди? Ўзинг ўша жойда, бизнинг ўрнимизда бўлганингда нима қилар эдинг? Кечирасиз, биз қўлимиздан келганча ҳаракат қилдик”, дейди Зокиржон Алматов мудҳиш хотираларини айтиб бераркан.

Унинг айтишича, масалани тинч йўл билан ҳал қилиш учун уларнинг оила аъзолари, 600 га яқин одамнинг Қирғизистонга чиқиб кетишларига рухсат берилган. Бир тасодиф туфайли улар постда ҳарбий қисмнинг бошлиғини отиб ўлдиришган.

“Ана шундан кейин ўша ердаги аскарлар билан улар орасида отишма содир бўлган. Бунинг натижасида инсонлар ҳалок бўлди, яраланди. Мана, бунинг асосий сабаби нимада эди. Ўша пайтдаги давлат раҳбари ҳам, биз ҳам муаммони тинчлик йўли билан ҳал қилишга эътибор қаратгандик. Ваҳоланки, Андижон вилоятида Давлат тўнтариши қилишга ҳаракат бўлди. Бу жуда катта операция эди. Улар бутун мамлакат оёққа туриб кетади, айниқса, водий бизни қўллаб-қувватлайди деб ўйлаганди”, дейди Алматов.

Мазкур интервьюни тўлиқ шаклда қуйида ёки YouTube ва Mover’даги саҳифаларимизда кўришингиз мумкин.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 439
Рейтинг: 3.0