Андижон тиббиёт институтининг қатор раҳбарлари ишдан бўшатилди

Жамият

image

Кеча, 8 август куни Соғлиқни сақлаш вазири Амирулло Иноятов бошчилигида ўтган йиғилишда Андижон давлат тиббиёт институтининг қатор раҳбарлари фаолиятида жиддий камчилик ва қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйгани сабабли лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, йиғилишда тиббиёт институтидаги коррупцион ҳолатлар танқид остига олиниб, олий ўқув юрти масъулларига бу борада жиддий эътирозлар билдирилган. Шу билан бирга, олийгоҳнинг 5 нафар масъул ходими ишдан бўшатилган. 

Жумладан, институт бош ҳисобчиси А.Рахмонов, Кадрлар бўлими бошлиғи Д.Назарова, Режа-молия бўлими бошлиғи А.Ахмедова, Таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи Х.Алиев ва Ўқув-услубий бошқарма бошлиғи Қ.Юсуповлар фаолиятида жиддий камчилик ва қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.

Шунингдек, институт ректори М.Мадазимовни “коррупцион ҳолатларни юзага келишига сабаб бўлувчи ҳолат ва шарт-шароитларни бартараф этишда қатъиятсизлик кўрсатгани ва коррупцияга оид жиноят содир этилишига йўл қўйгани сабабли” лавозимидан озод этиш тўғрисида таклиф тайёрлаш белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазири Амирулло Иноятов оилавий поликлиника ва маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш бўйича Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириқларини бажаришда йўл қўйган сусткашлиги учун, қатор вилоят Соғлиқни сақлаш бошқарма бошлиқларига “ҳайфсан” берган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Соғлиқни сақлаш Андижон тиббиёт институти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made